2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

МУАММОЛАР ЎРГАНИЛДИ

… Аёл иккинчи фарзандига ҳомиладор эди. Негадир бу гал ҳомиладорлик қийин кечди: тез-тез мазаси қочади, ҳолсизланади. Ўзидаги бу ўзгаришлардан хавотирланиб, ҳар гал шифокор ҳузурига  борганда «ҳомиладорликда бундай ўзгаришларнинг бўлиши табиий жараён. Ҳадемай ўтиб кетади», деган жавобни эшитди. Шифокорнинг гапларидан кўнгли кўтарилиб, оғриқларга эътибор бермай юраверди. Лекин ҳолат шифокор айтганидек бўлмади, оғриқлар, умумий ҳолсизлик узоқ давом этди. Ҳомила тўққизинчи ойга ўтганда, аёлнинг аҳволи янаям оғирлашди. Уни зудлик билан туғуруқхонага олиб боришганда, шифокорлар бола она қорнида ўлиб қолганлигини айтишди...

– Мен учинчи фарзандимга ҳомиладорлигимда ҳам шундай қийинчиликни бошимдан кечирдим, – дея куюниб сўзлайди, ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Муаттар исмли аёл. – Негадир шишиб кетавердим. Шифокорга бориб, аҳволимдан шикоят қилсам, у қон босимимни текшириб кўриб, «ҳаммаси яхши, хавотирланманг», дерди. «Унда нега шишаяпман?» деган саволимга «семираяпсиз», деб жавоб берди. Аҳволим ўнгланавермагандан кейин турмуш ўртоғим Гулистон шаҳридаги шифохонага олиб борди. Ҳомилам етти ойлик эди ўшанда. Мени кўрикдан ўтказган шифокор «онанинг ҳам боланинг ҳам ҳаёти хавф остида. Зудлик билан жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим» деди. Чунки текширувларда  қон босимим жуда юқори эканлиги маълум бўлган. Лекин мен буни сезмаганман. Афсуски,  бу ҳақда оилавий шифохонамиздаги шифокор ҳам билмаган...

Шу каби муаммолар Сирдарё вилоятидаги подполковник Баҳодир Мўминов командирлик қилаётган қисм ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари билан ўтказилган очиқ мулоқотда юзага чиқди. Республика Ҳарбий прокуратураси ва Тошкент ҳарбий округи билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирга Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Усмонова, шаҳар «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Умида Қўшбоқова ҳам  таклиф этилди.

Ўзлари истиқомат қилаётган ҳарбий шаҳарча атрофидаги ҳудудда ишга кириш, болаларни мактабга ва мактабгача таълим муассасаларига жойлашда ҳеч қандай қийинчилик йўқлигини  эътироф этаётган аёллар асосан ҳудудда тиббий ёрдам кўрсатиш сифатининг пастлигидан, оилавий поликлиника ва шифохоналарда  малакали мутахассислар етишмаслигидан, баъзи касалликлар бўйича умуман шифокор йўқлигидан шикоят қилишди. 

– Шаҳримиздаги тиббиёт муассасаларида мутахассисларнинг етишмаслиги – бу бизнинг энг оғриқли нуқтамиз. Шунинг учун ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифати паст, – дей­ди  Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Усмонова муаммога изоҳ берар экан. – Шаҳар ҳокими ҳам  бу муаммони бартараф этиш, фуқароларнинг тиббий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида яқинда тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори курсларида таҳсил олаётган сирдарёлик ёшлар билан юзма-юз суҳбатлашиб, уларни шахсан ишга таклиф қилди. Уларнинг яхши ишлаши ва яшаши учун керакли шарт-шароит  ҳамда имконият яратиб беришга ваъда берди. Кўплаб ёшлар келиб ишлаш истагини билдиряпти. Янги йилда бу йўналишдаги муаммолар ижобий ечим топади, деган умиддамиз. Бундан буён биз оналар касаллиги ва перинатал касалликлар профилактикаси, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятни ўз назоратимизга оламиз.

Қизғин баҳс-мунозарага бой бўлган очиқ мулоқот давомида ҳарбий оила  бекаларининг таклифлари ҳам ўрганилди. Улар ҳарбий шаҳарчада ёки унга яқинроқ ҳудудда болалар учун спорт тўгараклари, оила бекалари учун эса тил ўргатиш, ҳунармандчилик курслари ва кутубхона ташкил этиш таклифини илгари суришди. Тадбирда  иштирок этган мутасадди ташкилот вакиллари бу таклифларнинг фақат қоғозларда қолиб кетмасдан ижобий ечим топишига кўмак беришини айтишди.

Капитан Г. ҲОЖИМУРОДОВА. Адлия капитани

Г. ТУРСУНОВА, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси.

 

 

Информеры