2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ОНА ВА БОЛА САЛОМАТЛИГИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналиш­ларидан бири этиб белгиланган. Бугун бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида  миллат генофондини яхшилаш,  оилада тиббий маданиятни юксалтириш,  аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод камолга етишини таъминлашдек  мақсад мужассам.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли подполковник А. Набиев командирлик қилаётган қисм ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Қуролли Кучлар хизматчилари учун ташкил қилинган тиббий кўрик ҳам  ана шундай хайрли мақсадга хизмат қилади.

Тиббий кўрикка Сирдарё шаҳридаги энг малакали шифокорлар жалб этилди. Кўрикка келганлар энг аввало қоннинг умумий таҳлилини топширишди. Шундан сўнг педиатр, лор, терапевт, гинеколог, отоларинголог, офтальмолог, невропатолог, эндокринолог, стоматолог ва хирург қабулида бўлишди. Флюорография, ЭКГ ва УЗИ текширувларидан ўтишди.

– Ўғлим Азизбек саккиз ёшда. 2-синфда ўқийди. У негадир узоққа кўзларини қисиб қарайди. Биз бунга аҳамият бермас эканмиз. Текширувлар давомида  ўғлимнинг кўриш қобилияти пастлиги аниқланди, – дейди кичик сержант Янгибой Назаров. – Шифокор агар бундан буёғигаям шундай эътиборсиз бўлсак, ўғлимнинг кўриш қобилияти янаям пасайиб кетиши ҳақида огоҳлантирди. Даво чораларини ёзиб берди. Яна кўзойнак тақиши зарур экан. Шифокорнинг маслаҳатларига албатта риоя қиламиз.

– Қизим Чароснинг сут тишлари тушмасдан туриб, ёнидан доимий тиш­лари чиқиб келаётган эди, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Раҳимжон Мамедовнинг турмуш ўртоғи Мафтуна Мамедова. – Бундан хавотирланиб юргандим. Қизимнинг тишини бугун стоматолог кўриб, сут тишларини  олиб ташлаш кераклигини айтди. Бу тишларни бирваракайига олиб ташлаб бўлмас экан. «Секин-аста олинади. Шунда ўрни оғримайди», деди шифокор. Энди бироз фурсатга қизимнинг мактабидан жавоб олиб, стоматологга қатнаймиз. 

– Тиббий кўрикдан ўтаётганларнинг асосий қисмини ёш оналар ташкил қилади, – дейди хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Феруза Эргашева.  –  Мана шу жиҳатни эътиборга олган ҳолда шифокорлар  оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив саломатлик, шунингдек, ҳомиладорлик даври патологияси, янги туғилган чақалоқ парвариши хусусида  ҳам қимматли маълумотлар бериб ўтишди. Тиббий кўрик давомида ҳомиладор аёлларда ирсий ва наслий касалликларни эрта аниқлаш мақсадида доплер текшируви ҳам амалга  оширилди.

Гулнора ТУРСУНБОЕВА

 

Информеры