2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҚУЛОЧНИ КАТТА ОТГАН АКТЁР

Мавжланиб осмонга ошиқаётган, қайтиб тушиб юқорилашдан тўхтамаётган фавворанинг шовуридан завқи зиёда. Уни кузатиб ҳали-ҳануз харсангтошни манзилига элтиш илинжида думалатаётган донишманд Сизиф ёдга тушади. Аҳли башар ҳам Сизиф каби тафаккур оламида юксалаверади, кунларнинг бирида арзимаган ҳодиса сабаб бори топганлари чилпарчин бўлади, янги дунё кўз очади. Яна «ёрилгунича» кенгаяверади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев билан фавворалар қаршисида суҳбатлашар эканмиз, маънавиятнинг, санъатнинг, театрнинг кутилмаган синоатларига дуч келдик. Актёрнинг маънавий олами, инсониятни эъзозлаши, сўзларни-да авайлаб ишлатиши беихтиёр ўйга толдиради. Қалбимиз қўрида меҳробдек, Ватандек асрайдиган, аммо кўпинча эътибор қаратмайдиган муқаддас туйғулар билан тўқнаш келамиз.

Келишилган вақтда қўнғироқ қилсам, ваъда ёдидан кўтарилганини, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрига кетаётганини айтиб, узр сўради. Бугунги шиддатли замонда аниқ бир иши бўлмаса, бир кишининг бошқа жойга атайин бориши амримаҳол. Тахмин қилганимиздек эл суйган санъаткор бу ерга бизнинг наздимизда муҳим бир вазифа билан келмаган экан. Аммо ўзининг ишончига кўра улуғ бир масъулият етаклаган.

– Ҳар ишда ҳикмат бор. Ваъда хаёлимдан кўтарилгани боис шундай табаррук масканда суҳбатлашаяпмиз. Бу ерда болалигимда кўнглимдан жой олган санъаткорларни хотирлаб, енгил тортаман. Улуғларнинг руҳлари сайр қилиб юргандек туюлади. Ҳалима Носирова, Саодат Қобулова, Саттор Ярашев, Галя  Измаилова... ҳар бирининг муборак исмини айтсак, тонг отади.

Ёшлигим Бухорода жуда чиройли ўтган. Отам Неъматжон бобо боғбон бўлган, онамни Музайяна хушрўй дейишарди. Бизни онамнинг отаси Муҳаммад Сафо махсум тарбия қилган. Зиёлиларга қирғин келган ўша замонда саводи борлигини пинҳон тутарди. Мактаб дастурларида йўқ ижодкорларни ўргатарди. Адабиётга меҳримизни оширган. Кейин фақат ўзимиз тушуниш эмас, билганларимизни бошқаларга ҳам етказиш иштиёқи пайдо бўлди. Ана шу истак мени маданият уйига етаклади. Бухородаги Садриддин Айний театрининг етук санъаткори Азизжон Маҳмудовнинг тарбиясини олганман.

Мактабдан келиб, онам ёпган нонларни сотардим. Кейин драма тўгарагига чопардим. Кўчаларда бўшаган шишаларни йиғардим. Уларни топшириб, пулига хўрозқанд олмасдим, кинога тушардим. Бир гал «Клеопат­ра» фильмини кўрганман. Ким ўйлабди, дейсиз вақт ўтиб ўша болакай ушбу фильм қаҳрамони Юлий Цезарга овоз беради деб. «Ўткан кунлар» киносини биринчи маротаба кўрганимда кечаси билан ухлолмаганман. Орадан 30 йил ўтиб, Мирзакарим Қутидорга овоз бердим. Буларнинг барчаси тушга ўхшайди.

Устозларимнинг менга меҳри ўзгача эди. Ҳали ҳам бу даргоҳга бориб тураман. Устозларимдан бири «Тагли-тугли оиладан экансан. Ўқиб юрган маҳалинг бир аёл ва бир қиз келди. Улар ҳақиқатан ҳам Ғайбулла Ҳожиев деган бола қатнашаяптими ёки кўчада ёмон болаларга қўшилиб, безорилик қилиб юрибдими, аниқлаштириб кетишди. Сенга билдирмай босган қадамингни яхши маънода текшириб, хотиржам қайтишди», деб айтиб қолди. Бугун ҳам ёшларни ота-­оналар қатъий назорат қилиши керак. Танбур, дуторларни «диринг-диринг» қилиб созлашади. Нимага биз ўзимизни созламаймиз, ўргатмаймиз?!

Тезроқ ҳарбий хизматга бориб келиб, зиммамдаги йигитлик бурчни ўтаб, тезроқ ижодни бошлаш ҳақида қайғурганман. Олий ўқув юртини тамомлагач, ҳарбий хизматга кетгандим. У пайтлари олий маълумотлилар бир ярим йил хизмат қиларди. Аскарлик даврим Хитой чегарасида ўтган. Турли миллат вакиллари билан тезда тил топишганмиз. Офицерлардан гарнизон бошлиғи полковник Япов сира эсимдан чиқмайди. Ўзбекларни ниҳоятда яхши кўрарди. Ҳарбийча салом  берганда бизларга ҳамиша, «Ассалому алайкум», дерди.

Мени узоқдан кўриши билан «Ўзбек халқининг фарзанди, кел буёққа. Бўлажак улуғ актёр», дерди. Тошкентда меҳмондўстлигимиздан жуда хурсанд бўлиб кетган экан. Олой бозорига кўп борган, шекилли, йигитлар тўпланиб, шеърхонлик қилиб, ашула айтиб, ғала-ғовур қилсак «Ассалому алайкум. Тинчланинглар, бу ер Олой бозори эмас», дея ҳазиллашарди.

Қурилиш батальонида хизмат қилганмиз. Йигитлар ғишт теришга уста эди. Бу бежиз эмас. Самарқанду Бухородаги обидалар – миноралар, мадрасалар, хонақоҳларни қурган ота-боболаримиздан ўтган бу ҳунар. Ижодкорлик, яратувчанлик қонимизда бор. Мана, Навоий театрининг биносига қаранг. Уста Ширин Муродов жило берган.

Ҳарбий хизматчи – майор образини ҳам яратганман. Ватанга хизмат қиладиган лашкарбошилар ролини ўйнаганман. Хуршид Давроннинг «Алғун юлдузи» асари асосида суратга олинган икки қисмли видеофильмда Мирзо Улуғбекнинг лашкарбошиси Шоҳ Амир Валийбекни, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси»да Улуғбек, Омон Мухторнинг «Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий» асарида Ҳофиз Шерозийни ижро этганман. Имом ал-Бухорийга овоз бериш бўйича танлов ўтказилди. Улуғ аллома «Бухорони соғиндим», дея нола қилади. Мен ҳам бухороликман, бу сўзни юракдан айта олганман.

Театрда яхши ишлаганим учун Югославияга йўлланма беришганди. Эртаси куни зерикканман. Қачон 20 кун ўтади-ю, мен Ўзбекистонимга қайтаман, деганман. Музқаймоқ чўплари, турли пакетлар, чиқиндилар ташланган кўчалар, йўлаклар меники. Тезроқ бориб, энг ёмон таом тайёрлайдиган жойда бўлса ҳам овқатланишни орзу қилганман. Барчаси кўзимга тўтиё бўлиб кўринган. Ахир бу Ватанда ота-оналаримиз, бобо-момоларимиз, илдизларимиз яшаган. Ҳарбий хизматчилар ана шу илдизларнинг қоровули. Занжирнинг узилмаслигини таъминлайди, қўрғондек асрайди.

Истиқлолдан сўнг ўзбек театр, телевидение ва радио тарихида алломалар образини яратиш биринчилардан бўлиб менга насиб этди. Аҳмад Яссавий, Имом Бухорий, Мансур Халлож...

Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асари асосида олинган спектаклда Солиҳ махдум ролини ижро этиб, ўша йили хизмат кўрсатган артист унвонини олдим. Абдурауф Фитрат, Усмон Носирнинг отаси Носирхўжа ролини ўйнадим.

Омад келди, деб енг шимариб ишлайверибман, ишлайверибман, уйқум қочсин деб тунда аччиқ-аччиқ кофе ичибман, совуқ сувда ювинибман. Хато қилган эканман, бу жуссага ҳам парвариш керак экан. Инсульт бўлиб қолдим.

Чўлпоннинг шундай сатрлари бор:

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,

Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,

Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку.

«Қулочни катта отибман», дея Бухорога кетиб қолдим. Пойтахтга бормайман, шу ерда яқинларимнинг хизматини қиламан, дедим. Яхши одамлар далда бериб, Тошкентга қайтаришди. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, касал бўлганимдан кейин оёққа туриб 20 та фильмда ўйнадим.

Азиз НОРҚУЛОВ суҳбатлашди.

Информеры