2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

СПОРТГА ЭЪТИБОР – ЮТУҚЛАР ГАРОВИ

Сўнгги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани сингари Қуролли Кучларимизда ҳам жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳарбийларимизнинг хизмат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш, янги ва замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш билан бир қаторда, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бунга мисол тариқасида подполковник Зуҳриддин Раҳимов командирлигидаги ҳарбий қисмда амалга оширилаётган ишларни айтиш мумкин. Мазкур жамоада жанговар тайёргарлик билан бир қаторда спортнинг кўплаб, шу жумладан қўл жанги, кикбоксинг, бокс сингари яккакураш турларини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳарбий жамоанинг бир неча ҳарбий хизматчиси нафақат Қуролли Кучларимиз, балки республика, Осиё ва жаҳон миқёсидаги турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда. 

Хусусан, спорт устаси шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Алишер Шербоевнинг эришган ютуқлари диққатга сазовор. Ёшлигидан спортнинг яккакураш турларига қизиқиши бўлган Алишер кейинчалик қўл жанги, кикбоксинг, универсал жанг ва ушу билан мунтазам шуғулланиб келди. Вақти келиб, унинг йиллар давомидаги меҳнати ўз самарасини берди. Айниқса,  2015 йил Алишер учун омадли келди. Шу йили қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпиони, ушу бўйича Таиландда ўтказилган мусобақада жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган Алишер бу ютуқлар билан чекланиб қолмади. Америкада қўл жанги бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирда 75 кг вазн тоифасида барча рақибларини доғда қолдириб, шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди. Маҳоратли ҳарбий спортчи 2016 йилда универсал жанг бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ва 2018 йили Қирғизистон мезбонлик қилган кикбоксинг бўйича халқаро мусобақада совриндорлар қаторидан жой олди.

Алишер билан биргаликда моҳир мураббий капитан Барҳаёт Исматуллаев қўл остида шуғулланиб келаётган спорт устаси, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ҳусниддин Мамажонов ҳам сафдошидан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб, кўплаб мусобақаларда яхши натижаларни қўлга киритмоқда. У жорий йилда махсус бўлинмалар ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган бокс мусобақасида 80 кг вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади, қўл жанги бўйича Қуролли Кучлар чемпионига айланди, Қирғизистонда бўлиб ўтган халқаро турнирда ғолиб бўлди, Самарқандда ташкил этилган профессионал спортчилар ўртасидаги мусобақада олтин камар соҳибига айланди.

Шунингдек, Барҳаёт Исматуллаевнинг маҳоратли шогирдларидан ҳисобланувчи шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Абдулазиз Якубов ва Мирзаолим Нематжонов, кичик сержантлар Зоиджон Ортиқов ва Тоҳир Холмирзаев бокс бўйича махсус бўлинмалар ўртасида ва қўл жанги бўйича округ миқёсида ўтказилган мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, ўз ҳарбий қисмлари шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар.

Пўлат САЙДИВАЛИЕВ

 

Информеры