2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

«ҲОШИМ» РУСУМЛИ ГРАНАТОМЁТ

РПГ-32 «Ҳошим» русумли реактив қўл гранатомёти Россия ва Иордания мутахассисларининг қўшма лойиҳаси асосида яратилган бўлиб, у шу типдаги қуроллар орасида дунёдаги энг қудратли гранатомёт ҳисобланади. Ҳозирда бу қурол лицензия асосида Иорданияда ишлаб чиқарилмоқда. Унинг асосий вазифаси душман танклари ва зирҳли техникаларини, шунингдек, ўт очиш нуқталари, бункерлар ва пана жойдаги тирик кучларини яксон қилишдан иборат. РПГ-32 – бу дунёдаги биринчи мультикалибрли гранатомёт мажмуи бўлиб, ундан танланган нишонга боғлиқ ҳолда турли калибрдаги гранаталарни отиш мумкин. Бу қуролга танкнинг фаол ҳимоясини чалғитувчи махсус тизим ўрнатилган.

 Гранатомёт нишонга олиш мосламаси билан бирлаштирилган ишга тушириш қурилмаси ҳамда гранаталар жойлаштирилувчи бир марталик контейнерлардан ташкил топган. РПГ-32 икки типдаги ўқ-дори – кумулятив ва термобарик гранаталардан фойдаланади. Бунда улардан биринчиси зирҳли техникаларни, иккинчиси эса тирик кучларни яксон қилиш учун мўлжалланган. Шунингдек, бу қурол учун ҳозирда фугасли ва осколкали ўқ-дорилар ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Информеры