2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИНСОНИЙ ТУЙҒУЛАР ТАРАННУМИ

«Сарвиқомат дилбарим». Атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг бу қиссасини ҳаяжон билан мутолаа қилмаган ўқувчи топилмаса керак. Зеро, меҳр ва ихлос билан ёзилган, бир қарашда жуда ҳам оддий ва шунинг билан бирга мураккаб, аянчли ва дилбар ҳаёт манзараларининг гўзал ифодаси бўлган бу асарни шунчаки ўқиб бўлмайди. Асар ичига кириб борган сари ҳис-туйғуларингиз жунбушга келади.  Ана шу вақтда таниқли мунаққидлардан бирининг «Айтматов, аввало инсон кўнглининг оташин куйчиси», деган баҳоси нечоғлиқ тўғри эканлигига амин бўлиб бораверасиз. Бир муҳаббат қиссаси дея эътироф этилган  ушбу асарни  бугун  заминимизнинг бир юзу саксонга яқин халқи ўз тилида ўқияпти. Шу қисса асосида кинолар олинаяпти, театрлар спектакллар қўйилаяпти. Бу саъй-ҳаракатлар эса «Сарвиқомат дилбарим»нинг бадиий қийматини янаям оширмоқдаки, ўқувчиларнинг адиб ижодига қизиқиши ортаяпти.

Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил қилинган «Турон» театр-студияси ҳам учинчи мавсумни Чингиз Айтматовнинг «Сарвиқомат дилбарим» қиссаси асосида  ишланган  спектакль билан очди. Адиб таваллудининг 90 йиллигига муносиб туҳфа бўлган ушбу спектакль премьерасига таниқли ёзувчи ва шоирлар, театр ва кино актёрлари ташриф буюришди.

Бу спектаклнинг театр-студия репертуаридан ўрин олган бошқа спектакллардан фарқ қиладиган жиҳати,  у бор-йўғи уч персонаж: Илёс (Эркин Бозоров), Асал (Феруза Собитова) ва Ҳадича (Илмира Раҳимжонова) образлари асосига қурилганидир. Асардаги воқеликлар мана шу учта образ атрофида айланади. Инсон қалб оғриқлари, туйғулари  ҳаракатлар ва ижро уйғунлигида гўзал тарзда ифодаланган спектакль асар моҳиятини тўлиқ очиб беролгани билан аҳамиятли.Бу борада санъаткорларнинг маҳоратига таҳсин деймиз. Шунингдек, спектакль учун ишланган саҳна безаклари, декорациялар, спектакль давомида фойдаланилган қирғиз халқ қўшиқлари ўша давр руҳиятини акс эттира олгани, ўзига хос миллий колоритни очиб бергани билан  эътиборимизни тортди.

– Ҳар сафар роль ижро этганимда бор вужудим билан образга киришга ҳаракат қиламан, – дейди актриса Феруза Собитова. – Чунки шундагина томошабинни ишонтириш мумкин. Бу сафар ҳам  қаҳрамоним Асалнинг ҳаётини, унинг руҳий оламини тўлақонли очиб беришга интилдим. Бунинг учун қиссани қайта-қайта ўқиб чиқдим. Натижада мен асарни яхши кўриб қолдим. Инсонга ҳарорат бағишлайдиган, ҳисларни тўлқинлантириб, юракни озиқлантирадиган бу дилбар қиссадаги барча қаҳрамонларни ўз яқинларимдек  қабул қилдим. Уларнинг ҳаёти, тақдирини ўзимники, деб билдим. Улар билан бирга қувондим, улар билан бирга ғам чекдим... То бугунги кунгача шу ҳиссиёт билан бирга яшадим. Бугун спектаклда ижро этган ролим ҳақида яхши гаплар эшитганимда мен қиссадан миннатдор бўлдим...

– Жуда ажойиб, таъсирли спектакль яратилганидан хурсанд бўлдим. Бунинг учун спектакль ижодкорларига, айниқса, режиссёр Сайфиддин Мелиевга алоҳида раҳмат, – дейди биз билан суҳбатда таниқли ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобил. –  Мен бу режиссёрнинг ижодини доим кузатиб бораман. Маҳоратли, янгиликка интилувчан ва энг асосийси, замон билан ҳамнафас бўлган ҳаракатдаги ижодкор. «Сарвиқомат дилбарим» қиссасини ўқиган бўлсангиз биласиз, асар жуда кенг қамровли. Уни ҳатто битта кинофильмга ҳам сиғдириш мушкул. Лекин режиссёрнинг маҳоратини кўрингки, мана шундай кенг диапозонли асарларни, Чингиз Айтматов дардини, асар қаҳрамонлари даврини, қолаверса, Иссиқкўл манзараларини  кичкинагина саҳнада ифодалаб беролди. Натижада тугал бир спектакль вужудга келди. Бу саҳна асари томошабинга соф туйғуларни, севгини, муҳаббатни, қадрлашни ўргатади, эр йигит учун мардлик, тантилик ва ҳоказо инсоний фазилатларнинг нечоғлиқ қимматлиги эканлигини англатади. Спектакль – бу ҳаёт дегани. Биз унда ўзимизни кўрамиз. Демак, кўрганларимиздан таъсирлансак, яхши ва ёмон амалларимизни тадқиқ қилсак,  хатоларимизни англаб етсак, спектакль ўз тарбиявий вазифасини бажарган бўлади.

Премьерадан сўнг спектакль ҳақида ана шундай илиқ фикрлар айтилди. Мақтовлар, олқишлар, гуллар...Бу ижодкорларни янги режалар сари илҳомлантиргани, шубҳасиз.

Гулнора МУРОДОВА

 

Информеры