2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

УМР БЎЙИ ТАҚИБ ЮРИЛАДИГАН ХАНЖАР

Ҳаётий сабоқ

Ҳафтанинг ҳар жумаси «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни» сифатида кутиб олиняпти. Янгича анъана нафақат ҳарбий хизматчилар, балки ёшларимизни ҳам қизиқтирмоқда.

Октябрь ойининг ўрталари. Жума куни. Тошкент давлат шарқшунослик институтига таклиф қилишди. Меҳмонларнинг кўпчилиги ҳарбий хизматчилар, истеъфодаги офицерлар. Проректор Исматилла Бекмуродов талабаларга бизни таништирди.

Институтда 17 та шарқ тили ўргатиларкан. Аждодлар хазинасига 17 та калит. Талабалар Ватан ҳимоячилари, хусусан миллий армиямиздаги янгиланишлар борасидаги маълумотларни қизиқиб тинглашди. Демак, яна битта калитни қўлга киритишга имкон пайдо бўлди. Яъни Ватан ҳимояси ҳам аждодлардан мерос қадрият эканини англаш улуғ иш.

Аудитория билимга чанқоқлигини сездим. Зерикарли маърузага ҳожат йўқ. Ҳарбийларнинг мардлиги хусусида бир-икки ҳаётий мисол келтирдим. Кутилмаганда қарсак чалиб юборишди. Буни қалблардаги уйғоқлик деб билдим.

 Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган капитан Баҳром Жўраев ҳақида гапиргандим. «Хавф-хатар туғилса, аввал ўзингни, сўнг Ватанни ҳимоя қил», деб ўргатмаганман. Қаҳрамоннинг онаси тахминан шундай деганди.

Ёки лейтенант Бобур Ғаниевнинг офицер акаси она олдида тиз чўкиб, «мени кечиринг, укамни сақлай олмадим» деганида қонли кўзёшларини ичига ютиб, волида айтган сўзларни тахминан келтирдим: «қаддингни тик тут, болам. Мен сизларга Ватан ҳимояси йўлида оқ фотиҳа берганда, шундай кунга ҳам тайёр турганман».

Уларни она тимсолидаги Ватан дейми? Ёки Ватан тимсолидаги онами?

Мана шу мисолларнинг ўзи аудиторияни уйғотди. Демак ёшларга Ватан, ватанпарварликдан ҳаётий сабоқлар керак.

Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 4 августдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси»да олий таълим муассасалари талабаларида Ватан озодлиги йўлида курашган улуғ аждодларга, бугунимиз қаҳрамонларига муносиб бўлиш туйғуларини шакллантириш бўйича вазифа бор. Бу нимага керак?

Бу ёшларда садоқат, юксак ватанпарварлик ва фидойилик фазилатларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳадемай Ватан ҳимоячилари кунига тайёргарлик доирасида ўтказиладиган учрашувлар, тадбирларда қалби мудраб турганларни уйғотадиган ишларни қилишимиз керак.

Ташаббус ва изланиш

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Махсус авария-тиклаш бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда хизмат қилаётган катта лейтенант А.Отабоев таҳририятга электрон почта орқали таклиф йўллабди. Ватан иши учун жонкуярлиги, фидойилиги таклифларидан маълум. Масалан, у «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни»да белгиланган вазифаларни бажариш учун ҳар бир ҳарбий муассасада «Маърифат» фондини ташкил этиш таклифи билан чиққан. Яъни саъй-ҳаракатларимиз моддий асос билан мустаҳкамланса, ишимиз самарадорлиги янада ошишини айтган.

Шунингдек, у бир ойда 4 ёки 5 маротаба ўтказиладиган «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни»нинг хилма-хиллигини таъминлаш учун шундай таклиф билдирган:

1-ҳафта: Ёзувчилар уюшмаси ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда шоир, ёзувчи ва адабиётшунослар иштирокида ижодий учрашувлар, янги китоблар тақдимоти ва китобхонлик тадбирлари;

2-ҳафта: олий таълим муассасалари ва мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда фан-таълим соҳаси вакиллари, олимлар, ҳуқуқшунослар, диншунослар, имом хатиблар билан учрашувлар;

3-ҳафта: театрлар ва ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда халқимиз ардоғидаги санъаткорлар, актёрлар, қўшиқчилар билан учрашувлар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг театрларга ташрифлари ёки театр жамоаларининг ҳарбий муассасаларда сайёр томошалари;

4-ҳафта: мамлакатимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига, музейларга экскурсиялар;

5-ҳафта: ҳарбий муассасаларда ташкил этилган ижодий тўгараклар, ансамбль ва оркестр жамоаларининг чиқишларини ташкил этиш (5 ҳафта бўлмаган ойларда 4-ҳафта тадбирлари билан биргаликда ўтказиш мумкин).

Назаримда таклифлар ўринли. Тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари масъуллари юқорида тилга олинаётган концепция асосида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида изланавериши, янгиликка интилавериши керак. Яъни «мазкур ҳужжатда айнан белгиланган ёки белгиланмаган» деган истиҳола, андишани йиғиштириб, масалага ижодий ёндашса. Концепцияда мақсад, вазифа, йўналиш аниқ белгиланган. Шунга таянган ҳолда ташаббус кўрсатишни назарда тутяпман.

Шахдам қадамлар

Масалан, ҳарбий спорт мусобақаларини олайлик. Юқоридан буйруқ чиқарилиб, низоми тасдиқланишини кутиш керак эмас.

Чилонзор туман мудофаа ишлари бўлими масъул ходими Шерзод Ҳикматовнинг ташаббуси ва жонбозлиги эътирофга лойиқ. «Шахдам қадамлар» шиори остида ҳарбий спорт фестивалини ўтказишга бош-қош бўлди. Тўғри, ҳали мазкур мусобақани янада ривожлантириш керак. Бироқ янгилик, ташаббус маъносида илк шахдам қадам ташланди. Ҳарҳолда мазкур спорт фестивали болаликдан, ўсмирликдан сафда туриш, қадам ташлаш ва ҳоказолар ҳақида тасаввур уйғотади.

Қалб гўзал, тан соғлом

Аслида қадимдан ўсмирларни ҳарбий хизматга тайёрлашнинг мумтоз усуллари қўлланиб келинган. Илгари бир мақоламда Афинадаги эфебия тизими борасида ёзганман. Эфебия қалби гўзал, тани соғлом одамларни камолга етказишга қаратилган.

Давлатга бундай сиёсат нега керак? Қалби гўзал, тани соғлом фуқаро тинчлик пайтида ҳамжиҳатликда яшайди. Ватани гуллаб-яшнаши учун фидойилик билан хизмат қилади. Уруш вақтида давлатини, миллатини, озодлигини жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Мана тарихий ҳақиқат.

Бизнинг аждодлардан ҳам бундай мисолларни кўплаб топиш мумкин. Бежизга қадимда фарзандлар 5-7 ёшларидан бошлаб камондан отиш, бироз улғайгач от чопиш ва бошқа ҳарбий машқлар билан шуғулланмаган. Бу қадриятларимизга-да сингиган. Ҳам маънан, ҳам жисмонан шаклланишга эътибор қаратилган.

Асрлар ўтиб, шакл ўзгаргани билан моҳият ўша. Масалан, афиналик ёшлар қалбан гўзал бўлиш учун тарихчилар, файласуфлар асарларини ўқишган. Театрларга боришган.

Қалб ва тан соғломлиги. Тан соғлом бўлса, Ватанга хавф-хатар туғилса, қўлига қурол олади. Қалб соғлом бўлса, юртни ҳимоя қилиш ғояси онгида қуролга айланади. Қайси бири кучли? Иккаласи бирлашганида-чи?!

«Биз ватанпарварлармиз»

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти «Биз ватанпарварлармиз» шиори остида ўзига хос акция бошлаган. Маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбирларни ўзига қамраб олган бу янгилик ёшларимиз ўртасида республика бўйлаб айни пайтда ўтказиляпти. Бунда кўргазмали чиқишлар, техникалар намойиши ҳам бор.

«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси»га ҳамоҳанг ташаббус. Қўллаб-қувватлаш керак. Бундай тадбирлар ёшларга нима беради? Менимча:

ҳарбий касбни танлашга қизиқтиради;

соҳани мукаммал ўзлаштиришга интилиш ҳосил қилади;

ҳарбий техник воситалардан самарали фойдаланишга ўргатади;

спорт билан мунтазам шуғулланиш кўникмасини ҳосил қилади;

жисмоний ва маънавий комилликка интилишни рағбатлантиради.

Натижа қандай бўлади?

жисмонан етук;

кучли ва шижоатли;

Ватан манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган;

фидойи, садоқатли, ҳалол;

фаол ҳаётий позицияга эга авлод тарбияланади.

Расул Ҳамзатов «бир марта керак бўладиган ханжар умр бўйи тақиб юрилади», деган. Ёшларимизни мардлик, садоқат, фидойилик, бир сўз билан айтганда, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласи ҳам ёзувчи айтган ханжарга ўхшайди.

Полковник

Алижон САФАРОВ

 

Информеры