2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ТЕЗКОР ВА ҚИСҚА ВАҚТДА

Взвод командири капитан Хайрулла Акбаров шахсий таркибга жанговар ўқув топшириғини етказди. Гуруҳ командирлари катта лейтенант Шоҳаббос Мансуров ва лейтенант Музаффар Ҳамзаев қўл остидаги ҳарбий хизматчилар билан қўйилган вазифани бажаришга киришди.

2018 йилдан қўшинларимизда жанговар тайёргарлик машғулотлари янгича принцип ва ёндашувлар асосида ўтказилмоқда. Ҳудуд ва реал шароитга энг юқори даражада яқинлаштирилган машқларда эҳтимол тутилган душманнинг амалга ошириши мумкин бўлган ҳаракатлари хусусияти инобатга олинмоқда. Буни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий қисмлари фаолиятида яққол кузатиш мумкин.

Полковник Шавкат Нормирзаев командирлик қилаётган ҳарбий қисм шахсий таркибининг машғулотлари қуролли тўқнашувларнинг ўзгариб бораётган хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ташкиллаштирилмоқда. Чуқур изланишлар натижаси ўлароқ, мутахассисликлар таркиби, ҳарбий фанларни ўқитишнинг метод ва технологиялари ҳамда ўқув дастурлари доимий тарзда янгиланяпти.

Ўқув топшириғини бажаришга киришган кичик сержантлар Ўткир Чоршанбиев, Мансур Шомуродов, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Санжар Мухторов, Мирзобобур Кимсанбоев, Исмоил Исомиддинов, Самандар Очилов, Фаррух Эргашевнинг ҳаракатларини кузатар эканмиз, тактик ўқувларда шахсий таркибнинг яшовчанлигини ошириш, топшириқларни минимал йўқотишлар билан бажариш, қурол- яроғ ва ҳарбий техникани моҳирона қўллаш усуллари такомиллашиб бораётганининг гувоҳи бўлдик.

– Ўзбекистон Республикасининг ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларидаги машғулотлар, жанговар вазифаларни бажариш ҳудудларидан тезкор равишда чиқиш ва қисқа вақт ичида жанговар қобилиятни тиклаш борасидаги машқлар жанговар тайёргарликнинг асосини ташкил қилмоқда, – дейди взвод командири капитан Хайрулла Акбаров.

Аҳрор ОЧИЛОВ

 

Информеры