2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИНСТИТУТ ҲАРБИЙ КАФЕДРАСИДА

Талабалар билан суҳбатлашсам ёки уларни гурас-гурас ўқув муассасалари томон кетаётганлари, қайтаётганларини кўрсам кайфиятим кўтарилади. Бир-бирлари билан ниманидир қизғин муҳокама қилаётган ёшларни четдан кузатиш ҳам мароқли. Улар эртамиз эгалари, бизнинг умидимиз, ишончимиз.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мажлислар зали анчагина катта ва ҳашамдор. Бу ерда бўлиб ўтадиган тадбирни газетамиз саҳифаларида ёритиш мақсадида келганимда зал аллақачон талабалар билан тўлган эди. Енгил ғовур кўтарилиб турар, кўзлар қувончи бўлган фарзандларимиз орасида институт қошидаги академик лицей ўқувчилари ҳам жой олган, тадбир бошланишини бесабрлик билан кутиб турган эканлар.

Бу бесабрликнинг сабаби институт ҳарбий кафедраси бошлиғи подполковник Аброр Артиқовнинг тадбир мақсадини баён қилганида аён бўлди. Йиғиннинг иккинчи қисми ҳарбий кафедрага талабалар танлови шартлари хусусида бўлди. Бу талабаларнинг катта қисмини қизиқтирадиган долзарб мавзу эканлиги кўпдан кўп саволларда ҳам англашилди.

Мамлакатимиз ўқув муассасаларида икки муҳим жиҳат яъни таълим ва тарбия ажралмас ҳолда олиб борилади. Тадбирда сўзга чиққанлар ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, маънавият, маданият ҳақида сўз кетганида майда-чуйда нарсалар бўлмаслиги, ҳатто энг оддий муносабатлар, кўчада, боғларда, жамоат транспортида, институт ҳудудида юриш ва ўзини тутиш одоби ҳақида сўз борди. Ватанпарварлик тарбияси оиладан бошланиши, боғча, мактаб, олий таълим муассасаларида эса сайқал топиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда резервдаги подполковниклар кафедра бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шавкат Абдиазимов, катта ўқитувчи, ўқув қисми бошлиғи Алишер Исмоилов, институт қошидаги академик лицей ўқитувчиси Исажон Юсуповнинг маърузалари катта қизиқиш билан тингланди.

Ҳарбий кафедра бошлиғи ҳужжатлар қай тарзда тайёрланиши ҳақида тўхталар экан, ўқиш истагини билдираётганлар орасида қизлар ҳам кўпчилик эканлигини алоҳида таъкидлади. Улар оддий қизлар эмаслигини, энг камида ҳар бири Ўзбекистон чемпиони эканини фахр билан билдирди. Айнан қизлар борасида уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб юқори ташкилотларга таклиф киритишни айтиб ўтди.

Ҳа, ҳарбий кафедрада ўқиш истагини билдираётганлар кўп. Аммо ҳарбий таълим муассасалари билан тенглаштирилган ҳарбий кафедра талабаси бўлиш учун биргина истакнинг ўзи камлик қилади. Жисмоний камолот билан интеллектуал салоҳият ҳамма вақт ҳам мутаносиб келавермайди. Аммо кейинги йилларда танлов шартларининг мукаммаллашганига қарамасдан талабгорларнинг кўплиги Қуролли Кучлар сафида бўлишни шараф деб билган ёшлар сафи янада кенгайиб бораётганини англатади.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры