2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИЛМИЙ КАДРЛАР САЛОҲИЯТИ ОШИРИЛМОҚДА

Инсоният тамаддунига ҳисса қўшган аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак оз. Илм оламига олиб кирган мўъжизалари учун ҳали қанча авлодлар Беруний, ал-Хоразмий, Форобий каби олиму фозилларимиздан миннатдор бўлади.

Бугун ана шундай улуғ бобокалонларимизга муносиб издош бўлаётган замондошларимиз талай. Чунончи, ҳарбий соҳада ҳам илм-фандек машаққатли йўлни танлаб, изланишлар олиб бораётган юрт посбонлари кўплаб топилади. Бу борада Қуролли Кучлар академиясида илмий ва ҳарбий-илмий кадрларни тайёрлаш борасида йўлга қўйилган ишлар эътирофга молик.

Яқинда академиянинг Ҳарбий-илмий тадқиқотлар марказида навбатдаги анжуман бўлиб ўтди. Унда 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган истиқболли илмий ишлар режалари муҳокама қилинди. Йиғилишда сўз олганлар олий тоифадаги илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашга қўйилаётган янги талаблар ва вазифалар бажариш ҳамда диссертациялар ёзишни оммалаштириш, бу жараёнга офицерларни кенгроқ жалб этиш мақсадида олий ҳарбий таълим муассасалари ва қўшинларда тизимли равишда услубий ишлар олиб бориш хусусида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, 2017 йилда бир қанча офицер докторант ва мустақил изланувчи сифатида қабул қилинганлиги алоҳида қайд этилди.

– Айни пайтда академияда таянч докторантурага ажратилган квота асосида кириш имтиҳонлари ўтказилмоқда, – дейди Қуролли Кучлар академияси Ҳарбий-илмий тадқиқотлар маркази бошлиғи полковник Равшан Ашурматов. – Жорий йилда мустақил изланувчи сифатида 60 нафардан ортиқ ўқитувчи ҳужжат топширди. Қолаверса, шу йилнинг якуний натижалари бўйича тўрт нафар офицер докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, «Ҳарбий фанлар доктори» илмий даражасига сазовор бўлди. Академиянинг икки нафар илмий ходимига профессор, етти нафар офицерга доцент унвони берилди.

Хитой ҳарбий санъати билимдони Сунь Цзининг ажойиб фикри бор: «Қўмондоннинг энг яхши санъати урушни урушга кирмасдан ютишдир». Бу эса катта ҳарбий салоҳиятни, илмни тақозо этади. Биз ана шундай билимли, заковатли ҳарбий кадрларни тайёрлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш ниятида республикамизнинг 14 та олий таълим муассасаси ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик бўйича «Йўл хариталари» имзоладик. Бугунги йиғилишда эришилган натижалар ҳамда келгусидаги режалар борасида фикрлар алмашилди.

Таъкидланганидек, айни пайтда марказда амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг, мақсадлар аниқ. Шу кунларда марказда тадқиқотлар методологиясини ривожлантириш, ҳарбий-илмий кадрларни тайёрлаш, инновацион педагогик технологияларни қўллаш бўйича хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда, АҚШ, Туркия, Корея, Буюк Британия олий ҳарбий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Х. БЕКНАЗАРОВ

 

Информеры