2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

СОҒЛОММИСИЗ? ДЕМАК, БОЙ ВА БАХТЛИСИЗ!

Бир куни Анушервони Одилдан шогирди сўрабди:

– Эй, устоз, мен Оллоҳ таолодан нимани тилайки, барча яхшиликларни тилаган бўлай?

 Устози шундай жавоб қилди:

– Энг аввало, соғу саломатликни кейин хотиржамликни сўра.

Шогирд сўради:

– У нимадирки, ҳамма тилайди-ю, лекин ҳаммаям етишолмайди.

Устоз жавоб берди:

– Соғлиқ ва қувончни ҳамма тилайди. Аммо ҳамма ҳам етолмайди.

 Шогирд яна сўради:

– Энг яхши ҳаёт нима?

Устоз жавоб қилди:

– Саломат умр кечириш энг яхши ҳаётдир...

Дарҳақиқат, инсон учун соғлиқдан кўра муҳим, саломатликдан кўра кўпроқ эътибор бериладиган нарсанинг ўзи йўқ. Чунки барча эзгу ишларимиз рўёби, фароғатли ҳаёт аввало, саломатлик билан боғлиқ. Соғлиғингиз бўлса, ўйлаган ниятингизни амалга ошира оласиз, умрингиз мазмунли ўтади, ҳаётдан мамнун бўлиб меҳнат қиласиз ва яна қилаётган меҳнатингиз татийди. Шунинг учун ҳам доно халқимиз «Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш эса ундан ҳам ширин», дея бежизга айтмаган.

Ҳамма замонларда, ҳар қандай шароитда инсон танасини турли хасталиклардан муҳофаза этиш масаласи долзарб аҳамият касб этган. Бундай масъулиятли вазифани қадимда ҳакимлар, табиблар адо этишган бўлса, бугун уларнинг ишини шифокорлар давом эттираяпти. Асрлар силсиласида тиббиёт ривожланди. Инсоният бу соҳада ҳам мислсиз ютуқларга эришмоқда. Яқин-яқинларгача давоси йўқ, деб топилган хасталикларни даволашнинг замонавий йўллари кашф этилди. Самарали даволаш ва ташхис қўйиш усуллари амалиётга кенг татбиқ қилинмоқда, тиббиёт муассасалари замонавий техникалар билан таъминланмоқда. Яъни тиббиёт замон билан ҳамқадам одимламоқда.

Замонавий тиббиётнинг янги имкониятлари

 Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталининг диагностика марказида замон билан ҳамнафаслик яққол сезилиб туради. Мазкур марказ жойлашган бино яқин йиллар ичида қайта реконструкция қилинди ва моддий-техник базаси такомиллаштирилиб, энг замонавий диагностик воситалар, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Биргина марказнинг нурли диагностика бўлимини олайлик. Айни вақтда мазкур бўлимда замонавий мультиспираль компьютерли томография, ультратовуш текширув ҳамда универсал рентген диагностика аппарати ишлаб турибди. Яқинда бўлимга энг сўнгги русумдаги рақамли рентген аппарати ҳам келтирилди.

– Касаллик сабаби аниқ бўлсагина, даволаш осон кечади. Бўлимимизга келтирилган мазкур замонавий тиббиёт аппаратлари бир қатор афзалликларга эгалиги билан беморларда касалликни эрта ва ўз вақтида аниқлаш имконини бермоқда, – дейди нурли диагностика бўлими бошлиғи тиббий хизмат подполковниги Салоҳиддин Ҳамроев. – Мультиспираль компьютерли томография аппарати инсон организмининг барча орган ва тўқималаридаги патологик жараёнларни томографик ва 3Д ўлчамдаги тасвир орқали кўрсатиб беради. У орқали, ҳатто қон томирлардаги майда ўзгаришларни ва суяклардаги кичик жароҳатларни ҳам контраст йўл билан аниқлаш мумкин. Бу унинг имконият доираси кенглигини кўрсатади. Замонавий ультратовуш текширув аппарати эса инсон организмида кечаётган динамик жараёнлар, тўқима структурасида кечаётган жараёнларни ўрганиш ва ташхис қўйишда муҳим аҳамиятга эга. Бу мослама билан ички органлар, яъни қорин бўшлиғи органлари, кичик чаноқ органлари, қалқонсимон без, кўкрак бези, юмшоқ тўқималар, периферик лимфа тугунлар ва қон томир касалликлари текширилади. Бу текширув услуби хавфсиз бўлиб, бемор учун махсус тайёргарликни талаб этмайди. Шунингдек, ушбу аппарат ёрдамида текширув натижаларини рангли ва рангсиз расмга олиш, видео кўринишида дискларга ёзиш мумкин. Бу қайта текширувда катта аҳамиятга эга. Бўлимимизга келтирилган рақамли рентген аппарати ҳам бир қатор имкониятларга эга. Унинг афзаллиги текширув натижалари тез чиқади. Бу бемор учун ҳам шифокор учун ҳам қулай. Бу мослама ҳам барча турдаги рентген текширувларни амалга оширади. Нурланиш дозаси кам. Шу хусусияти билан у бемор учун хавфсиз.

Марказга келтирилган яна бир замонавий диагностик воситалардан бири бу – эндоскопия аппаратидир. У мониторининг катталиги, тиниқлиги ҳамда зонт диаметрининг ингичкалиги билан аввалгиларидан фарқ қилади. Мазкур аппаратнинг яна бир афзаллиги – хотирасида текширув натижаларини узоқ вақт сақлаб қолиш, уларни расм ёки дискка кўчириш имкониятига эгалигидир. Бу натижаларни сақлаб қўйган бемор уни кейинги текширув хулосалари билан солиштириб, касалликнинг кечишини назорат қилиб бориши мумкин.

Физиотерапия бўлимида

Сув, ҳаво, электр токи каби физик омиллар инсон соғлиғини тиклашда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам олимлар касалликни даволашда физиотерапия муолажаларининг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлашади. Даволашнинг бу усули инсоннинг касалликка қарши чидамлилигини ошириши билан бирга иммунитетни кўтариб, организмда ҳар хил биологик фаол моддалар ҳосил бўлишига ёрдам берар экан. Биз диагностика марказининг физиотерапия бўлимида бўлганимизда даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилаётган, масканга яқинда келтирилган замонавий физиотерапия ускуналарини кўрдик.

– Мазкур магнитли резонанс терапия ускунаси асосан травматологик, жарроҳлик, шунингдек, варикоз касалликларида ишлатилади, – дейди физиотерапия бўлими бошлиғи, олий тоифали шифокор Алла Черныш. – Жароҳатдан кейин яраларнинг тез битиши ва тўқималарнинг тикланишига ёрдам беради. Гидро ва аэромассажли ванна эса юрак-қон томир ва ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган беморларнинг саломатлигини тиклашга, шунингдек, таянч-ҳаракат тизимлари фаолиятини яхшилашга ёрдам беради. Мана бу кўп функцияли физиотерапия ускунаси орқали бемор бир вақтнинг ўзида уч йўналиш бўйича даволаниш имкониятига эга. Вакуумли компрессион терапия ва масофавий импульс электротерапия аппарати ҳам шундай ўзига хос хусусиятга эга. Уларнинг ҳар бири алоҳида касалликларни даволашда ишлатилади. Энг асосийси, яхши самара беради. Беморлар саломатлигини тиклашга ёрдам бераётган бу ускуналар орқали биз касалликларни сифатли даволаш имкониятига эга бўлаяпмиз.

Йигирма биринчи аср – техника асри. Ҳаётимизга кундан-кунга янги ва замонавий техника воситаларининг кириб келаётгани бу – тараққиётдан дарак. Демак, ҳарбий тиббиёт соҳаси ҳам тараққий этаяпти, ривожланаяпти. Бу эса ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг сиҳат-саломатлиги ҳар доим давлатимиз эътиборида эканлигини кўрсатади.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры