2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ТЕРМИЗ ҲАРБИЙ ГОСПИТАЛИ: ЮКСАК ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР САРИ

Ёши улуғларимизнинг дуосига бир қулоқ тутинг, унда албатта, «Юртимиз тинч бўлсин» деган муқаддас истак ҳам янграйди. Бу дуонинг замирида юрт сарҳадлари ҳимоясида куну тун меҳнат қилаётган жасур ўғлонларимизнинг хизмати борлигини-да, унутишга ҳаққимиз йўқ.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳам юртимиз мудофаа салоҳиятини ошириш, Қуролли Кучларимизни янада мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Демак, ҳарбий хизматчилар фаолиятини янада яхшилаш, уларга ҳар томонлама рағбат кўрсатиш, оила аъзолари, фарзандлари саломатлигини муҳофаза қилиш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Термиз ҳарбий госпитали замонавий талаблар асосида хизмат кўрсатиб келаётган шифо мас­канларидан бири. Ўтган йиллар давомида Термиз ҳарбий госпиталининг барча бўлимларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, жарроҳлик, отолорингология, реанимация, қабул-поликлиника, терапия ва неврология бўлими тўлиқ таъмирланди.

Жорий йилнинг ўзида бир дона ГК-100-2 стерилизацияловчи аппарати, ЛОР бўлимига 12 номланишдаги стоматологик жарроҳлик ускуналари сотиб олиниб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига намунали хизмат кўрсатилмоқда.

Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан госпиталнинг рентген бўлимига Хитой Халқ Республикаси муҳандис мутахассислари томонидан янги замонавий турдаги «WIFI» тизими, «Рақамли тиббий рентген радиографик тизими», «Рентгеноскопик ташхислаш» ҳамда Россия Федерациясидан олиб келинган «Проскан-2000» флюорография аппарати ўрнатилди. Айни пайтда ушбу ускуналар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказишга хизмат қиляпти.

Шу йилнинг август ойида эса даволаш диагностика ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида уч каналли 3 дона электрокардиограмма (ЭКГ), 1 дона дефибриллятор аппарати олиб келинди.

Беморларга биринчи тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, манзилли тиббий ёрдам самарасини ошириш мақсадида госпиталь реанимобиль билан таъминланди.

Госпиталь учун 8 дона «Нибулайзер» номли ингалятор сотиб олинганлиги юқори нафас йўллари касаллиги бор беморларни даволашда катта аҳамият касб этмоқда.

Термиз ҳарбий госпитали моддий-техник базасини яхшилаш учун Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан 40 млн сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу пуллар ҳисобига 3 та компьютер ва принтер, жарроҳлик бўлимига замонавий электрожарроҳлик коагулятори сотиб олинди.

2018 йилнинг сентябрь ойида реанимация бўлимига «Кардиомонитор» аппаратининг келтирилиши интенсив даволанишга муҳтож бўлган беморлар учун айни муддао бўлди.

Шу ўринда бир савол туғилади: госпиталь замонавий тиббий ускуналарга эга бўлиб бормоқда, аммо уларни тўлиқ ишлата оладиган кадрлар мавжудми?

Термиз ҳарбий госпиталидаги барча шифокорлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида, Марказий ҳарбий клиник госпиталида, шу билан бирга Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси режасига асосан Россия Федерациясида ўз малакаларини доимий равишда ошириб келмоқдалар.

Ушбу госпиталда ҳарбий тиббиёт соҳасида хизмат қилиб, ҳозирда истеъфода бўлган тиббий хизмат майорлари – Ўктам Ҳакимов, Абдулла Хўжаназаров, Назар Боротов, Қуролли Кучлар хизматчиси ҳамшира Антонина Матвеева фаолият юритиб, шифокор ва ҳамшираларга устозлик қилиб келмоқда. Бу эса устоз-шогирд анъанасининг ҳарбий тиббиётдаги бардавомлигидан далолатдир.

Неврология бўлими бошлиғи подполковник Ҳақберди Ҳайитов беморлар дардига малҳам бўлиб келаётган тажрибали ҳарбий шифокорлардан бири. У ўз фаолияти давомида кўплаб ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини тиклаб, Ватанимиз ҳимоясига қайтишига, уларнинг оила аъзолари саломатлигини тиклашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундан ташқари, ёш офицерлардан госпиталнинг реанимация бўлими бошлиғи тиббий хизмат катта лейтенанти Азамат Ражапов ҳам ўз соҳасининг малакали мутахассиси сифатида фаолият кўрсатяпти.

Бир сўз билан айтганда, Термиз ҳарбий госпитали бошлиғи тиббий хизмат майори Дилмурод Жўраев бошчилигида кўрсатилаётган хизматлардан ҳарбий хизматчилар, эл-улус рози. Бу эса энг муҳим натижадир.

Бобур ЭЛМУРОДОВ

Информеры