2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

АЁЛ ЖАЗМ ЭТСА...

Бугун жамиятимизнинг ҳеч бир жабҳасини аёллар иштирокисиз тасаввур этиш мушкул. Шу жумладан, Қуролли Кучлар тизимида ҳам мардона хизмат қилаётган, зиммасидаги бурч ва масъулиятни унутмаган ҳолда оиладаги мажбурият ва вазифаларини ҳам тўла-тўкис уддалаётган ҳарбий хизматчи аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Марказий ҳарбий клиник госпитали пульмонология ва эндокринология бўлими катта ординатори, тиббий хизмат капитани Лариса Холмаматова ҳам ана шундай аёллардан бири. У ўз касбининг билимдони, фидойи шифокор. Унинг «Арми – 2018» халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилган «Ҳарбий-тиббий эстафета» беллашувининг «Махсус кўникмалар» шартида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритгани фикримизнинг исботидир. Лариса мазкур беллашувда чуқур билимга эга шифокор, маҳоратли ҳарбий хизматчи эканлигини амалда намойиш этди. Унинг иштироки ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди ва «Энг яхши ҳарбий шифокор аёл», дея эътироф этилди.

У Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида зиёлилар оиласида улғайган. Отаси Ҳақберди ака бутун умр мактабда немис тилидан ўқувчиларга сабоқ берди. Онаси Ҳафиза опа шифокорлик касбида обрў-эътибор топди. У шу кунгача эришган муваффақиятларида меҳрибон ва жонкуяр, вақти келса талабчан ва қаттиққўл ота-онасининг муносиб ҳиссаси борлигини меҳр билан сўзлайди.

– Болалигимдан ота-онамни идеал инсонлар, деб билдим ва ҳар доим уларнинг муҳаббатларига муносиб бўлишга ҳаракат қилдим, – дейди қаҳрамонимиз. – Оилада беш фарзанд эдик. Бугун ҳаммамиз олий маълумотлимиз. Укам Ҳасан ва мен онамнинг касбини танладик. Эсимни танибманки, «шифокор бўламан», деб орзу қилардим. Болалигимни жуда яхши хотирлайман. Онамга тақлид қилиб, касал бўлиб қолган қўғирчоқларимни ўзимча «даволардим». Бу мен учун жуда ажойиб машғулот эди. Бундан ҳузурланардим. Болалигимда ҳис қилганим ана шу ҳузур, қизиқиш катта бўлганимда ҳам мени тарк этмади. Шунинг учун мактабни тамомлаб, Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Кейин магистратурада таҳсил олдим. Магистратурани тамомлаганимдан сўнг эса Қуролли Кучлар сафида хизматни бошладим.

– Ҳарбий шифокорсиз. Ҳарбий хизматнинг ўзига хос мураккаб томонлари ҳам бор. Бу – зиммангиздаги масъулият икки карра ортиқ дегани. Айтинг-чи, қийналган вақтларингиз ҳам бўлганми?

– Бугун Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётганимга беш йилга яқин вақт бўлди. Бу вақт ичида тобландим. Шу соҳада узоқ йиллар фаолият юритиб келаётган устозларимдан ҳарбий шифокор учун зарур бўлган сифатларни ўзлаштирдим, тартиб-интизомни ўргандим. Спортга янаям меҳрим тушди. Бизга устозларим шундай деб ўргатишган: «Танлаган касбингни севишинг керак. Шунда ҳар бир қилаётган ишингга ижодкорона ёндашасан ва бу йўлда учрайдиган қийинчиликлар сенга кор қилмайди». Мен устозларим айтган шу ўгитга ҳар доим амал қилиб келаяпман. Энг асосийси, касбимни севаман. Бу муҳаббат менга куч-қувват беради. Кўпроқ ўқишга, изланишга чорлайди.

– «Арми – 2018» халқаро армия ўйинларидаги иштирокингиз, беллашувлардан олган таассуротларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– «Ҳарбий-тиббий эстафета»да ўнта мамлакатдан келган жамоалар ўзаро куч синашди. Энг аввал ўқ отиш тайёргарлиги бўйича беллашдик. Кейин эса бизга майдонда жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди. Бу вазифа ҳам бирданига амалга оширилмайди. Бунинг учун аввалига белгиланган лабиринт йўлагидан, кейин зигзагсимон йўлдан югуриш, шундан сўнг йўлда дуч келган тўсиқлардан ўтиш ва ниҳоят жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш керак эди. Жароҳатланганлар тўрт нафар бўлиб, ҳар 15 метрда жойлашган. Биз олган жароҳатларининг турига қараб, юракка сунъий нафас бериш, бойлам ва катетр қўйиш, жароҳатни тикиш, вена ва мушак ичига инъекция қилиш топшириғини бажардик. Ҳакамлар ҳайъати бажараётган ишимизни компьютердан кузатиб туришди. Вазифаларни бажаришда хатолик аниқланса, иштирокчи жаримага тортилди. Мен якка тартибдаги вазифаларни бажаришда ҳам жамоавий вазифаларни бажаришда ҳам хатога йўл қўймадим. Жарима олмадим. Фақат россиялик ҳамкасбимдан вақт борасида бирозгина ортда қолдим.Беллашувда кучли жамоалар кўп эди. Масалан, россиялик ва хитойлик ҳамкасбларимиз чаққонлик ва маҳорат борасида бизга муносиб рақиб бўлди. Бизнинг бир неча шартларни бажаришда балларимиз ҳам бир хил эди...

Беллашувлардан олган таассуротларим бир олам. Энг муҳими, касбий малакам янаям ошди, соҳага оид билимларим, кўникмаларим мустаҳкамланди, тажриба алмашдим. Бу ҳам мен учун энг катта муваффақият.

– Аёл энг аввало она, оила бекаси. Сиз оилада қандай бекасиз? Фарзандларингиз тарбияси учун ҳар доим ҳам вақт ажрата олаяпсизми?

– Хизматдан бўш вақтларимни оилам бағрида, фарзандларим билан бирга ўтказаман. Ана шундай вақтда оддий бекага айланаман. Фарзандларимни ширин таомлар, пишириқлар билан сийлашга киришаман. Мен учун оилам, фарзандларим энг биринчи ўринда. Уларнинг тарбияси, ўқиши учун ҳар доим вақт ажратаман. Қизиқишлари, иштилишлари эътиборимдан четда қолмайди. Бу жиҳатларни ота-онамдан ўрнак қилиб олганман. Ота-онам ҳам биз – фарзандларнинг тарбиясига шундай муносабатда бўлишган. Қизим Шаҳина ўрта мактабнинг 1-синфида таҳсил олади. Спортга қизиқади. 4 ёшидан буён бадиий гимнастика тўгарагига қатнашади. Туман миқёсида ўтказилган кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритган. Ҳозир устози билан рес­публика миқёсида ўтказиладиган мусобақага тайёргарлик кўраяпти. Шаҳина инглиз тилини ўрганишга ҳам қизиқади ва айни вақтда тил ўргатиш тўгаракларига ҳам қатнаяпти. Ўғлим Тимур эндигина тўрт ёшга кирди. У ҳам спортни севади. Футболчи бўлишни истайди...

– Орзуларингиз, келажакдаги режаларингиз қандай?

– Орзуларим жуда кўп. Ватан олдидаги бурчимни шараф билан адо этишни, жамоада ўрин топишни, фарзандларим камолини, бахтини кўришни орзу қиламан. Орзуим амалга ошиши учун эса ҳозирданоқ интилаяпман.

Келажакдаги мақсадим... биласизми, мен Самарқанд давлат тиббиёт институтининг магистратурасини тамомлаётганимда онко-гинекология йўналиши бўйича «Елбўғоз (яъни сохта ҳомиладорлик) касаллиги билан даволанган беморларда касалликларнинг оқибатини ўрганиш» мавзусида илмий иш қилганман. Бу мавзу ҳамма давр учун долзарб. Келажакдаги мақсадим ушбу мавзу бўйича илмий изланишни давом эттирмоқчиман.

– Орзуларингиз ва мақсадларингиз рўёбини тилаймиз.Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

Гулнора МУРОДОВА

Информеры