2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҲАРБИЙ БИЛИМ ЮРТИДАГИ ДАРС

Зирҳли техникалар, танклар, ўқотар машиналар. Бундай техникаларни кўришни ният қилмаган йигит бўлмаса керак.  Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ҳарбий кафедраси талабалари бу гал Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ана шундай ҳарбий техникалар билан яқиндан танишишди.

Ўқув машғулоти ҳарбий кафедра бошлиғи ўринбосари подполковник Вадим Тагаев бошчилигида олиб борилди. Олий ҳарбий таълим муассасасининг ўқув машғулотлари олиб бориладиган майдонида ўтказилган дарс ҳар жиҳатдан қизиқарли кечди. Шу кунга қадар ҳарбий техникаларнинг тузилиши, ишлаши борасида назарий билимларга эга бўлган талабалар энди уларни амалиётда кўриш, ишлатиш имконига эга бўлишди.

– Ҳар гал амалиётга келган талабаларни кўриб, уларнинг ҳарбий соҳага қизиқишини ҳис этаман, – дейди подполковник Амангелди Сапаров. – Ҳарбий кафедрада ўқиб, келажакда ҳаётини шарафли соҳа билан боғламоқчи бўлаётган бу йигитларнинг юрагида ўчмас иштиёқ бор.

Машғулотнинг иккинчи қисмида ёшларга ҳарбий техникаларнинг ички тузилиши, ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотлар кўргазмали воситалар орқали тақдим қилинди.

– Бу галги машғулотимизда танкларни назорат қилиш асбоблари, совутиш қисмлари, газ тақсимлаш механизмлари ҳақида маълумотлар берилди, – дейди резервдаги подполковник Ҳайдарали Эргашев. – Талабаларнинг ҳарбий соҳага қизиқиши ортишида бу каби амалий машғулотларнинг аҳамияти катта.  

– Офицер устозларимиздан йигит киши қандай фазилатлар эгаси бўлиши борасидаги зарур билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Келгусида мен ҳам ҳарбий хизматчи бўлмоқчиман. Ўйлайманки, бу билимларим келажакда менга асқатади, – дейди Илёсжон Йўлдошев.

Сабинабону ҚАҲРАМОНОВА.

Информеры