2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

СПОРТ ВЗВОДЛАРИ ЎРТАСИДА МИЛЛИЙ КУРАШ ЧЕМПИОНАТИ

Қашқадарёда ҳарбий округларнинг спорт взводлари ўртасида миллий кураш бўйича Мудофаа вазирлиги чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматчилар 6 вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди.

Мусобақада Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий округлари спорт взводларидан биттадан – жами 5 та жамоа иштирок этди.

– Мусобақанинг саралаш ва ярим финал баҳсларида энг кучли 30 нафар спортчи ўз маҳоратини намойиш этди. Мусобақада ғолибликни қўлга киритган энг кучли спортчилар Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан ўрин олади, – дейди подполковник Азиз Ҳайдаров.

Якуний натижаларга кўра, Шарқий ҳарбий округнинг ҳарбий спортчиси Беҳруз Норбоев 60 кг вазн тоифасида биринчиликни қўлга киритди. 66 кг вазн тоифасида эса биринчи ўрин Тошкент ҳарбий округи вакили Аброр Жабборовга насиб этган бўлса, 73 кг ҳамда 81 кг вазн тоифалари бўйича ғолибликка Шимоли-ғарбий ҳарбий округ спортчилари Муҳаммад Жумаев ва Арслон Тожиев эга чиқди.

Марказий ҳарбий округ вакили Бекзод Шамсиддинов 90 кг вазн тоифасида барча рақибларидан устун келган бўлса, 100 кг вазн тоифасида Тошкент ҳарбий округи спортчиси Илҳом Жўраевга бирорта рақиб бас кела олмади. Мусобақа ғолибларига Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Информеры