2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

БИРИ КИРИЛЛ, БИРИ ЛОТИН

тортишади икки хотин...

Кўчага чиқинг, пештахтадаги ёзувлар, реклама баннерларига боқинг. Илми саводи бор одам жилла қурса 2-3 та хатони топиши тайин. Ҳеч бўлмаганда, «O‘», «G‘» ҳарфлардаги белгиларнинг аксари нотўғри қўйилганига гувоҳ бўласиз. «H» ва «Х» ҳарфларини қўллашдаги камчиликларимиз ҳақида айтмасак ҳам бўлар. Кимлар учундир бунинг фарқи ҳам бўлмай қолди. Ахир 24 йилдан бери лотин алифбосида ўқиб келаётган авлод саводи шу имлода чиқди-ку!

Ғалати пародия ёдимга тушди: Тортишади икки хотин,

Бири кирилл, бири лотин...

Ҳар йили қоидалар, равишлар ўзгаради. Бирда кирилл, бирда лотин алифбоси ичида қолган тенгдошларимизнинг аксари ҳар иккисида ҳам бемалол хато ёза олишига нима дейсиз?

Расман 2018 йил 15 майда тасдиқланган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси»га мувофиқ, шу йил охирига қадар миллий алифбомизнинг ислоҳ қилинган янги лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқдан ўтказиш белгилаб қўйилган.

Шунгами, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тилшуносларимиз томонидан таклиф этилаётган айрим ўзгаришлар оммавий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Масалан, тилшунослар томонидан «Ch, ch» ҳарф бирикмаси ўрнига «Ç, ç» жорий этилиши муносабати билан алифбога «С» ҳарфини жорий этиш ҳам таклиф этилди. Бунда «Жон», «жўжа» сўзидаги «Ж» ҳарфи қуйидагича ифодаланади: con, cŏca. Шундай экан, янги имломиздаги CIZZAX, ANDICON каби сўзларни ўқишда чалкашликлар келиб чиқмаслигига ким кафолат беради?

Ch бирикмаси эса инглиз тилида Ч, француз тилида Ш, италян тилида К, немис тилида Х деб ўқилади.

Хуллас, жорий йилнинг 22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари»га бағишланган илмий-амалий конференцияда ниҳоят бир қарорга келинди.

Маълумки, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари икки йил мобайнида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича изчил иш олиб борди. Ўтган вақт мобайнида таниқли тилшунослар, турли мутахассислар, кенг жамоатчиликнинг алифбо ислоҳотига доир фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Ишчи гуруҳга ҳамюртларимиз томонидан кўплаб фикрлар юборилди. Уларни таснифлайдиган бўлсак, алифбо ислоҳотчиларини уч гуруҳга бўлиш мумкин бўлади.

Минимал ислоҳот тарафдорлари

Уларнинг наздида амалдаги алифбомизга деярли тегмаслик керак – фақат O‘, G‘ ҳарфларининг кўп муаммога сабаб бўлаётган қўшимча белгисини тўғриласак бўлди.

Негаки, O‘, G‘ ҳарфларининг қўшимча белгиси (‘) билан боғлиқ бошоғриқ ҳаммани бирдай қийнаб келяпти: бу ҳарфларни ёзиш учун аввал O ёки G ҳарфини ёзиб, сўнг бир бармоғимиз билан Alt тугмасини босамиз ва бошқа бармоғимиз билан махсус код – 0145 ни терамиз. Яъни бир ҳарфни ёзиш учун олти марта клавиатура тугмаларига қўл урамиз.

Мўътадил ислоҳот тарафдорлари

Уларнинг фикрича, айни пайтда ўқиш ва ёзиш жараёнида турли англашилмовчилик ва қийинчиликларни юзага келтираётган O‘, G‘ ҳарфлари билан бирга Ch, Sh ҳарфларини ҳам тўғрилаш шарт. Чунки ана шу тўрт ҳарф туфайли бугун алифбо ислоҳоти кун тартибида турибди.

Максимал ислоҳот тарафдорлари

Уларнинг фикрига кўра, O‘, G‘, Ch, Sh ҳарфлари ўзгартирилиши ва алифбога Ĵ ундоши ва ı, ö, ü унлилари қўшилиши лозим. Чунки, дейди улар, биздан бошқа барча туркий халқларнинг алифбосида «эгизак», яъни узун ва қисқа унлилар бор, ўзбек тилида ҳам қалин ва юмшоқ И, Ў, У товушлари бор-у, аммо биз илғамаймиз, чунки алифбода акс этмаган, бу эса тилимизга хос бўлган сингармонизм ҳодисасининг йўқолишига олиб келяпти.

Билдирилган ҳар бир фикрда асос борга ўхшайди. Аммо халқимиз бу каби жиддий ўзгаришларга тайёрмикан? Биз оммани баттар чалғитиб юбормаймизми?

Чигал масалалардан бири: алифбомизда Сс ҳарфи йўқ, аммо у Ch бирикмаси таркибида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолади. Ўқитувчилар Ch бирикмасини болаларга қандай ўргатади – бу саволга жавоб йўқ.

Ўзбек тилида Ч ва Ш товушлари инглиз тилига нисбатан 3-5 баробар кўп учрайди ва бу ҳол Ch, Sh нинг матнда кетма-кет, ғуж бўлиб келишига сабаб бўляпти ва ўқиш-ёзишни қийинлаштиряпти. Shoshish, xushchaqchaq, ishchi, sharshara, achchiqtosh каби сўзларимизнинг ўзида 2-3 тадан Ch ва Sh бор. Инглизларга қулай бўлган Ch, Sh бирикмалари ўзбек тилида изма-из келиб, ноқулай ҳолатларни юзага келтирмоқда.

Демак, мўътадил ислоҳот тарафдорларининг фикрида жон бор: энг камида шу тўртта ҳарф (O‘, G‘, Ch, Sh)ни қулай шаклга келтиришимиз шарт.

Шубҳасиз, алифбодаги ҳар бир ўзгариш каттагина қийинчиликларни келтириб чиқаради. Яъни шу пайтгача амалда бўлган ўзбек тили қоидаларини тубдан кўриб чиқиш, таҳрир қилишга тўғри келади.

Шу билан бирга, кирилл ва лотин алифбосида чоп этилган китобларни махсус дастурлар ёрдамида автоматик ўгириш имконияти йўқолади.

Энди алифбомизни мураккаблаштиришга ҳаққимиз йўқ. Чунки 1929 йилда 9 та унлили алифбони қабул қилиб, 1934 йилда учта унли ҳарфдан воз кечганмиз.

Хулоса сифатида, умумий меҳнатимиз маҳсули бўлган – 28 та ҳарф, битта ҳарфий бирикма ва битта белгидан иборат, жами 30 бирликдан ташкил топган алифбо лойиҳасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қисқача ифодаласак, ўзгаришлар бундай:

Ў (O‘ o‘) — Ŏ ŏ

Ғ (G‘ g‘) — Ğ ğ

Ш (Sh sh) — Ş ş

Ч (Ch ch) — Ç ç шаклида ёзилади.

Ng — алифбодан олиб ташланади ва унинг талаффузи ўқитиш жараёнида алоҳида тушунтирилади. Чунки ng товуши ҳеч қачон сўз бошида келмайди, демак, унга Ng деб бош ҳарф белгилашимизга сира ҳожат, эҳтиёж йўқ.

С алифбога киритилмайди. Ж битта бўлади, Ц алифбода акс этмайди. Чунки ц – барча туркий тиллар сингари ўзбек тили учун ҳам бегона товуш. Шу боис ҳанузгача бу товушни айтишга оддий одамларимизнинг тили келишмайди, халқимизнинг аксарият қисми Цц ни оддий Сс тарзида талаффуз қилади. Ўз вақтида Абдулла Қаҳҳордай атоқли адибимиз ҳам бу товушнинг миллий алифбомизга киришини мутлақо ёқламаган.

Аслида дунёдаги бирорта алифбони мукаммал деб бўлмайди, ҳар қандай алифбо муайян камчиликларга эга. Аммо имкон қадар уни халқ тилига яқинлаштириш, миллатнинг ягона тил воситасига айлантириш энг муҳим масала бўлиб қолади.

Б. ЭЛМУРОДОВ

тайёрлади.

Информеры