2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ГУНОҲ ҚИЛМАГАН КИМ БОР?

Илоҳи, иноятингга умидворманки, гуноҳим беҳаддир, раҳматингга сазоворманки, хато ва камчиликларим беҳисобдир. Илоҳи, дарди ҳолимни ҳар кимга айтсам рад қилса, Сенга юзлангайман ва агар Сен рад қилсанг, неткайман ва кимга кетгайман?!

Алишер НАВОИЙ

Шу йил ёз кунларининг бирида бир таниқли уламо маҳаллалар фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда «бу дунёда ароқ ичиб гуноҳга ботмаган инсон бўлмаса керак», дейди ва турли гуноҳлар қилган одамларни тавба қилишга даъват этади.

Аслида бу ўша уламонинг ўз гуноҳини бўйнига олгани ва тавба қилгани эди. Мен Яратган Эгам олдида гувоҳлик бераманки, бундан ўн етти йил олдин унинг тўрт кишилик даврада ўтириб, ароқ ичганини кўрган эдим. У ўшанда мени ҳам шундай мунофиқлик қилишга даъват этган эди, бироқ ўзимни бундай гуноҳдан сақладим. Аммо бошқа гуноҳларим кўп бўлса керак. Негаки, гуноҳга ботишнинг нафсдан ташқари сабаблари ҳам кўп.

Сўзсиз, юқоридаги мисолдан сиз уламонинг ароқ ичишидан ажабландингиз. Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Ким бўлишимиздан, яъни бошимизда салла ёки тагимизда мансаб курсиси бўлишидан, қўлимиз узун ёки буйруғимиз кескин бўлишидан, сўзимиз тўғри ёки эгри бўлишидан, кўзимиз тўқ ёки оч бўлишидан, луқмамиз ҳалол ёки ҳаром бўлишидан, мартабамизу шуҳрат-шонимиз баланд ёки паст бўлишидан қатъи назар, айримларимиз мунофиқликни ҳаёт мезони қилиб олганмиз.

Азизлар, гуноҳга ботиш учун ароқ ичиш ёки наша чекиш, пора олиш ёки бировнинг ҳақини ўмариш, қўшиб ёзиш ёки ўғирлик қилиш, етимнинг, бева-бечоранинг ҳақини ейиш ёки фоизга қарз бериш, ёлғон гапириш ёки мунофиқлик қилиш, бировга ноҳақлик қилиш ёки зулм ўтказиш, ота-онага ҳурматсизлик қилиш ёки бировни ҳақоратлаш, одам ўлдириш ёки безорилик қилиш, ахлоқий бузуқлик ёки одобсизлик қилиш шарт эмас. Айниқса, раҳбар одамнинг ўйламай босган ҳар бир қадами, ўйламай айтган ҳар бир сўзи, ўйламай қабул қилган ҳар бир қарори ёки буйруғи, аниқроғи, ўйламай қилган ҳар бир хатти-ҳаракати гуноҳ сари йўл очади.

Айтайлик, туғилган кунингизда ходимлар бирин-кетин совға олиб киришади, олмасангиз – хафа бўлишади, олсангиз – гуноҳга ботасиз. Агар ходимингизга сиз совға берсангиз, қайтага савобга қоласиз. Хушомадда ва тилёғламаликда тошни эритиб, сувни қайнатадиган ходимингиз ёрдам сўраб ялтоқланади. Раъйини қайтара олмайсиз. Кейинчалик билсангиз, унга яхшилик қиламан деб, бошқа бировга ёмонлик қилиб, гуноҳга ботган бўласиз. Яқин одамингиз ёки қариндошингиз айб қилиб ишдан ҳайдалди ёки қамалиб қолди дейлик. Аралашмасангиз, яқин одамингиз ёки қариндошингиз сиздан юз ўгиради, аралашсангиз – гуноҳга ботасиз. Мансаб курсисига ўтиришингиз биланоқ қариндошлар ва таниш-билишлар сиздан ниманидир кутишади. Уларга моддий ёрдам бериш учун бировдан олишингиз керак, олсангиз – гуноҳга ботасиз, агар олмасангиз – қариндошдан, аввало, ака-укадан айриласиз.

Мен раҳбар бўлганимда тўрт-беш йил ана шундай ўй-хаёлларда ўт-олов ичида яшадим ва ишладим. Кўп мулоҳазалардан кейин фақат иккита йўл борлигини тушуниб етдим. Яъни ё гуноҳларга ботиб ҳаром луқмалар «ҳузури»да гирдоб сари йўл олиш, ё эс-ҳушни йиғиб, ҳалоллик ва тўғрилик учун курашиш қолганди. Шундай пайтда Оллоҳ имкон берди. Қандайдир хато туфайли икки раҳбардан бири кетадиган бўлиб қолди. Мен жамоада иккинчи раҳбар эдим. Ариза ёзиб бердим. Шу пайт елкамдан  босиб турган нафақат оғир юкдан, балки қалбимга ғулғула солиб турган шайтон васвасасидан қутулгандек ҳис этдим ўзимни.

Бироқ бу гуноҳлардан қутулишни англатмас эди. Гуноҳлар эса ҳисобсиз. Барибир қандайдир йўллар билан ичга кирган ҳаром луқма, кимларгадир билиб-билмаган ҳолда қилинган ноҳақликлар, англамаган ҳолда айтилган иғво сўзлар, яхшиликка нисбатан қилинган миннатлар, ножўя гапларни эшитиш ва уларга қўшилган ҳолатлар, аччиқ устида ва асабий ҳолатда айтилган нохуш гаплар туфайли орттирилган гуноҳлар менга тинчлик бермас эди. Аслида ором олиш учун тавба-тазаррудан бошқа йўл йўқлигини англаб етдим. Тавбанинг вақти ва чегараси йўқ. Тавба қалбингизни эгаллаган тақдирдагина ором оласиз. Уч йил олдин Ҳаж зиёратига бориб, Арофат тоғи ва водийсида туриб тавба қилдим. Арофат тавба қабул қилинадиган жой бўлишига қарамасдан гуноҳлардан фориғ бўлишлик ёки бўлмаслик Оллоҳга боғлиқ. Иншооллоҳ, Унинг марҳаматидан умидворман.

Ҳаж зиёратидан қайтиб, Сурхондарёга – Сўфи Оллоёр бобомиз зиёратига бордим. Айтишларича, ул зот подшо саройида хизмат қилганида солиқ йиғишда халққа кўп жабр-зулм ўтказиб гуноҳларга ботган ва кейинчалик буни англаб етиб, умрининг охиригача Оллоҳга тавба қилиб авлиёлик даражасига етишган экан. Мана, унинг тавбасидан бир шингил:

Холиқо, қилдим фаоли гандани,

Қилмағил расво мане шармандани.

Сан агар раҳмат ниқобин ёпмасанг,

Айби кўп, нуқсони кўпдур бандани.

Авлиё бобомизнинг қуйидаги ҳикматли сўзларидан ибрат олмаслик мумкин эмас:

Қаноатдур кўнгилларнинг сафоси,

Қаноат барча иллатнинг давоси.

Қаноатким табиби ҳар касалдур,

Қаноат аҳлиға оғу асалдир.

Тўғриси, авлиёларни мунтазам зиёрат қилиб турсангиз, руҳан енгил тортасиз, фикрлашда ва илоҳиятни англашу идрок этишда ўзгарасиз, шунингдек, ҳаромдан ҳазар қиладиган ва ҳалолдан ҳузур қиладиган, Оллоҳ берган неъматларнинг қадрига етадиган, гуноҳга гирифтор қиладиган ҳар қандай ҳолатга нисбатан сезгирлик ва ҳушёрликни одат қиладиган, тавбани канда қилмайдиган бўласиз. Авлиёлар Оллоҳнинг севган бандалари. Юртимизда улар ётмаган тупроқнинг ўзи йўқ. Бугун телеэкранда деярли ҳар куни жаҳоннинг турли минтақаларида юз бераётган урушлар ва низоларни, очарчилик ва қаҳатчиликларни, табиий офатлар – тўфонлар, бўронлар, селлар, тошқинлар, довуллар, кўчкилар оқибатида вайрон бўлаётган шаҳарлар ва қишлоқларни кўрар эканман, авлиёлар ётган тупроқда яшаётганимдан кўнглим таскин топади. Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий, Қаффол Шоший, Зангиота ва бошқа авлиёларнинг руҳлари бошқалар қатори мени ҳам ҳамиша ўзига чорлаб туради. Уларнинг тавбаларидан руҳланиб ўзгармасликнинг ўзи катта гуноҳ.

Афсуски, ўзгариш ўрнига ҳаддидан ошаётганлар кўп. Нафснинг қулига айланганлар Яссавий ва Нақшбанд замонларида ҳам, Бедил ва Махтумқули яшаган даврларда ҳам бўлганидек, ҳозир ҳам бор.

Истарсан, оламни қопсанг,

Қорун бўлиб, ганжни тепсанг.

Ҳалол-ҳаром, ҳар не топсанг,

Кўзинг юмиб, ютажаксан.

Эҳтимол, Махтумқули ўша пайтда халқни алдаб, ҳаромни ҳалол деб яширинча ютганларни назарда тутгандир. Ҳозирги очофатлар эса ҳаром луқмани ҳеч кимдан яширмасдан ҳамманинг кўз олдида очиқчасига ютишади. Бироқ тавбага келганда диллари сеҳрланиб, кўзлари кўр, қулоқлари кар, тиллари шол бўлиб қолишади.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, уларнинг аксарияти буюк инсон Алишер Навоийнинг номини калимадек такрорлашни одат қилиб олишган. Сўзни Навоий билан бошлаб, Навоий билан тугатишади. Ўша буюк бобонгиз ҳам тавба қилган, ибрат олмайсизларми, десангиз, нима гуноҳ қилдик, деб кеккайишади. Демак, улардаги виждон жиғилдонга айланиб қолган.

Алишер Навоий бобомизнинг мақола бошида аннотация ўрнида берилган тавбаси унинг «Муножот» деган асаридан олинган. Буюк шоир бу асарни умрининг охирига томон ёзган бўлиб, бу унинг тавба-тазарру ўрнида Яратгувчига баён қилган дил изҳоридир.

Навоийшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева «Муножот»нинг матнини ҳозирги замон ўзбек тилига ўгириб, «Ҳуррият» газетасининг 2017 йил 8 февраль сонида чоп эттирар экан, бу асар шу вақтга қадар Ўзбекистонда эълон қилинмаганини алоҳида таъкидлайди. Ўзбек аёли ва олими деган номни ҳамиша улуғлаб яшаган опа умрининг охирида ўзбек миллати ва унинг маънавияти учун ана шундай савоб иш қилиб кетди. Мен унинг кийинишидан тортиб юриш-туришигача ҳавас қилардим. Илоҳи, опанинг охирати обод, руҳлари шод бўлсин!

Сўзимизни Навоий бобомизнинг қуйидаги тавбаси билан якунламоқчиман:

«Илоҳи, тақво бергилки, алдовчи нафс унга мағлуб бўлсин, парҳезкорлик насиб этгилки, нобакор шайтон боши унинг оёғ остида бўлсин».

Иброҳим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Информеры