2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ШИРОҚ ВА ЗОПИР. ҚАЙ БИРИ ЖАСОРАТЛИРОҚ?

Фахриддин Ҳасановнинг «Турон халқлари ҳарбий санъати» китобида Широқ жасоратига ўхшаш бир афсона ҳақида ҳикоя қилинади. Демак, Широқ каби қаҳрамонлик кўрсатган кишилар бошқа халқлар тарихида ҳам бор экан-да, деб ўйлаб қоласан киши. Қуйида бир даврда икки халқ қаҳрамони ҳақида ҳикоя қилишни жоиз деб топдик.

Широқ жасорати

Доро I саклар устига бостириб келар эди. Аёвсиз жанг бўлиши муқаррар. Шунда қабила бошлиқлари кенгашади. Широқ исмли отбоқар келиб, форс қўшинларини ҳийла йўли билан қириб ташлаш мумкинлигини айтади. Халқ рози бўлади. Отбоқар қўйнидан пичоғини чиқариб, бурун ва қулоқларини кесиб, ўзига шикаст етказади. Кейин ўзини шу кўйга солган сак шоҳларидан шикоят қилиб, Доро I ҳузурига келади. Шоҳ Широқнинг аҳволини кўриб, унинг сўзларига ишонади. Шунда Широқ: «Мен душманларимни форслар воситасида жазолашга жазм қилдим. Саклар тунда қароргоҳларидан қўзғалиш ниятидалар. Биз қисқа йўл билан юриб, уларга пистирма қўйишимиз мумкин. Мен йўл кўрсатиб бораман», дейди.

Доро I қўшини Широқ билан бирга етти кунлик ҳарбий сафарга йўлга чиқиб, сўнгсиз саҳрога кириб боради. Алданганини билган мингбоши Раносбат йўлбошловчидан «Буюк шоҳни алдашга, шунчалик кўп сонли қўшинни бирорта ҳам булоқ, қуш ва ҳайвон кўринмайдиган ва олдинга ҳам, орқага ҳам йўл йўқ бўлган саҳрога олиб келишга сени нима мажбур қилди?» деб сўрайди. Широқ мағрур жавоб қилади: «Мен ғолиб чиқдим, зеро, саклардан, ҳамюртларимдан балони даф этмоқ учун форсларни ташналик ва очлик билан ҳалок этдим».

Широқни ўша ернинг ўзида қатл қилишади.

Бу афсона кўпчиликка маълум бўлса-да, бошқа халқларнинг ҳам шу зайлда иш тутган қаҳрамонлари борлигини билгичлар кўп бўлмаса керак. Широқ жасоратига ўхшаш форсларнинг Зопир ҳақидаги афсонаси ҳам борки, у ҳам кўнгилларни туғёнга тўлдиради.

Зопир афсонаси

Форс денгиз флоти Самосга қарши юриш қилган пайтда Бобилда қўзғолон кўтарилади. Қўзғолон дарагини эшитган заҳоти Доро бутун лашкари билан Бобилга отланади ва шаҳарни қамал қилади. Қўзғолончилар қамалдан мутлақо чўчимасди: улар  шаҳар деворларидаги шинаклардан туриб Доро I ва унинг қўшинини калака қила бошлайдилар: «Эй, форслар, нега беҳуда чираняпсизлар? Яхшиси, жўнаб қолинглар! Қачонки урғочи хачир қулунласа, шундагина сизлар шаҳримизни олишларингиз мумкин!»

Ниҳоят, қамалнинг йигирманчи ойида Мегабиз ўғли Зопирга бир аломат воқеа ҳақида хабар келтиради. Унинг юк ортадиган хачирларидан бири қулунлабди. Зопирга буни етказишганда, аввалига у ишонқирамайди, аммо ўз кўзи билан қулунни кўргач, бу тўғрида оғиз очмасликни буюради. «Урғочи хачир қулунлабдими, демак, Бобил таслим бўлиши керак», ўйлайди Зопир.

У Бобилни эгаллаш ҳақида қаттиқ бош қотиради. Ахир форслар ҳамма нарсадан ҳам шавкатли жасоратни юқори қўярдилар. Зопир мақсадга фақат бир йўл, яъни ўзини майиблаб, сўнг душман томонга қочиб ўтиш орқали эришса бўлади, деган қарорга келади. Шу сабаб у ўзига шикаст етказа бошлайди: бурун ва қулоқларини кесади, сочларини хунук қилиб қирқиб, қамчи зарблари кўриниб турган белгилар билан Доро I ҳузурига келади. Шоҳ шундай ҳурматли кишини бу аҳволда кўриб, даҳшатга тушади. Зопир бўлса: «Оссурийларнинг форсларни калака қилишларига тоқат қила олмайман. Менда бир режа бор, бош қўшсанг, Бобилни эгаллаймиз», дейди.

«Мен дарҳол шаҳарга қочиб бориб, мени шу кўйга сен солганингни эълон қиламан. Улар бунга ишониб, мендан фойдаланиш ҳақида ўйлайдилар. Ҳатто кичик қўшинга раҳбарликни ҳам топширишлари мумкин. Сен бўлса мен шаҳарга кетган кундан ўн кун ўтгач, Семирамида дарвозаси ёнига кучсиз 1000 нафар жангчини қўясан. Орадан 7 кун ўтгач, яна 2000 кишини Нин дарвозалари ёнига жойлаштирасан. Сўнг йигирма кун сабр қилиб, 4000 кишини Халдек дарвозаси томон юборасан. Жангчиларнинг ҳеч бири ҳимоя учун ханжарлардан бошқа қурол билан қуролланмаган бўлсин. Йигирма кун ўтгач, барча қўшинга чор атрофдан дарҳол ҳужумга ўтишга буйруқ бер. Кучли қуролланган форс аскарларини бўлса Бел ва Киссий дарвозалари қаршисига қўй.

Ишончим комилки, мен шундай буюк жасоратлар кўрсатганимдан кейин, бобилликлар менга нафақат шаҳар ҳимоясини, балки дарвоза калитларини ҳам топширади».

Шундан сўнг Зопир худди ҳақиқий қочоқдай шаҳар дарвозалари томон кетади. Дарвоза қўриқчилари уни бошлиқлари томон элтишади. Зопир уларга: «қамални бўшатиб, қўшинни қайтариб олиб кетайлик, чунки шаҳарни эгаллаш учун ҳеч қандай имконимиз қолмади, деганим учун Доро мени шу аҳволга солди», дейди. Мазлум ҳолини кўрган бобилликлар бунга ишонади ва уни кичик қўшинга бириктиради. У «келишув»га биноан Доро қўшинларини мағлуб эта бошлайди ва тобора халқ ишончига кириб боради. Кетма-кет қозонилаётган ғалабалардан Зопир машҳур бўлиб кетади. Уни бош саркарда ва қалъа бошлиғи қилиб тайинлашади.

Ниҳоят, у ўз ҳийласини амалга ошириб, форсларга Киссий ва Бел дарвозаларини очиб беради. Шу тариқа Бобил ишғол этилади. Доро I минглаб қўзғолончиларни дорга осдириб, шафқатсиз қасос олади.

Шоҳ Зопирга эса чексиз инъомлар беради. Ҳеч ким салтанатда у каби машҳур бўлмайди. Ҳатто Доро I бир сўзида: «яна йигирмата Бобилга эга бўлгандан кўра, Зопирни соғ-саломат кўришни афзал кўрган бўлардим», деб айтган экан.

Қаҳрамонларни қандай фарқлаймиз?

Юқорида келтирилган икки афсонанинг қандай ўхшашлик томонлари бор? Авваламбор уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳарбий ҳийла билан боғлиқ. Икки қаҳрамон ҳам қулоқ ва бурунларини кесади, ўзларига тан жароҳатлари етказиб, рақибларининг ишончини қозонади.

Шуниси қизиқки, Широқ ва Зопир ҳам Доро I замонида яшаган. Шундай бўлса-да, улар бир-биридан кескин фарқ қилади. Широқ отбоқар, оддий халқ вакили бўлса, Зопир – аслзода зодагонлардан. Широқ ўз халқи озодлигини сақлаб қолиш учун мустамлакачиларга қарши курашиб, жонини қурбон қилган бўлса, Зопир ўз мақсади йўлида минглаб бегуноҳ форс ва бобилликлар умрига зомин бўлади. Мана, улар орасидаги асосий фарқ. Хулоса эса ўқувчидан...

Шоҳсанам НИЁЗОВА тайёрлади.