2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

СУЯНСА ОДАМГА СУЯНСИН АЁЛ

ёхуд чироғи ёниқ уйнинг ёруғ ўйлари

Хаёлимда икки КИШИ. Бири-биридан суюк, фариштали. Момо Ҳаво шамол ва бўронлардан пана бўлиб бораяпти. Довул тиниб, қуёш нурлари теваракни илиб-иситиб бораркан, тийрак нигоҳлари билан у ўзидан бир қадам олдинда кетаётган Одам Атонинг соясига меҳр билан боқади. Сояда виқорли, тафтли... Одам Ато ягона ҳамроҳини иссиқ-совуқдан асраб, олис йўлга равона бўлишган...

Ўшандан буён асрлар вақт шамолига чап бериб ўтиб бораётир. Шундан бери она Ер не-не талатўпларга гувоҳ бўлди. «Мен Ҳавоман!» дегич Аёлнинг қучоғи даста гулларга қанчалик тўлган бўлса, кўзёшларига шу қадар ғарқ бўлди у. Инсоният яралибдики, Қобил ва Ҳобилларнинг кечмишидан ОНА ҳали-ҳамон алағда, дилтанг. Заминни уруш майдонига айлантираётган одам боласи ҳали ҳам дунёнинг моҳиятини, эзгуликнинг, ҳаёт отлиқ неъматнинг қадрига етганича йўқ.

Хаёлимдаги титроқларни йиғиб китобни сумкамга жойладим-у, кўчага чиқдим. Йўл-йўлакай асарда учратган аёллар кўз олдимда жонланади. Улар урушнинг қаҳрамон аёллари. Ёзувчи Светлана Алексиевич «Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси» китобини саранжомлаётган вақтда кўпгина Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари бўлмиш – аёллар билан суҳбатлашган, дардлашган. Уларнинг шу кунга қадар парда ортида бўлган изтиробларга, хўрликларга қоришиқ кунларини рўйи-рост кўрсатиб берган. Ҳар бир хотирада ҳаётнинг синиқ лавҳалари мужассам. Бу хотираларни ўқиш мушкул, қон ҳиди анқиётган, чанг-тўзон кўтарилган, кўзларида тубсиз соғинч қотиб қолган мурдаларни «кўриш» азоб. Бироқ урушдек ваҳшатда ҳам эзгулик топа билган, ёруғ тушлар кўра олган инсон бор экан, бу ёзуғни ўқиш мароқли.

***

Мени ўраб турган кентнинг ҳар бир бурчида Тинчликнинг саси, кулгулари эшитилади. Заминда баҳорнинг сўнгги кунлари кечади. Қушлар чарх уриб, тумшуғида емишни полапонига етказиш пайида. Шу онда қирғинбарот паллаларда табиатнинг бу жонсарак жонзотларининг ҳоли нима кечган экан-а? деб ўйлаб қоламан.

«Кеч кузда қушлар учиб кетаяпти... узундан узун қушлар галаси. Немис ва бизнинг артиллерия ўқ узмоқда, улар эса учиб кетишяпти. Уларга қандай айтасан, қандай огоҳлантирасан? «Бу ердан учманг! Бу ерда отишма бўлаяпти!» дейсанми? Қандай айтасан? Қушлар бир-бир ерга қулайди...»

Мен бўлса ён дафтаримнинг бир четига «Осуда юртнинг осмонига қарғалар ҳам ярашади», деб ёзиб қўйган эдим. Чиндан ҳам ярашади. Тинчликда ҳамма нарса кўҳлик. Қалдирғочлар эркин парвоз қилаётган кўкка жимгина термиламан. Улар ҳадемай жануб томон учиб кетишади, аммо қайтиш учун кетишади. Чунки бу масканда улар учун ҳаловат бор.

***

Илгари шу ҳақдаги фильмларни кўрсам, урушда барча ёвузликлар мужассам, деб ўйлардим. Янглишган эканман.

Яна китобдаги хотиралар кўз ўнгимда жонланади:

«Менинг палатамда икки киши ётарди... Биттаси немис, иккинчиси бадани куйган ўзимизнинг танкчи. Уларнинг олдига кирдим.

– Аҳволингиз қалай?

– Мен яхшиман, – деб жавоб берди бизнинг танкчи. – Бунинг аҳволи чатоқ.

– Ахир у фашист-ку!..

– Йўқ, мен яхшиман, унинг аҳволи ёмон.

Улар ортиқ душман эмас, энди улар одамлар, шунчаки бирга ётган икки ярадор».

***

Пойтахт кўчалари бўйлаб кезарканман, уруш вақтида ўн тўртта етим болани асраб олган Шомаҳмудовлар оиласи шарафига қўйилган ҳайкаллар ёнидан чиқаман. Норасидаларга ота-она бўлган бу инсонлар миллатимизнинг дарёдил эканлигини яна бир бор дунёга кўрсатиб қўйганлигини, меҳр ва оқибат миллат ва чегара билмас тушунчалар эканлигини ҳис этаман.

Асарда эса шундай эсдаликлар бор:

«Бу Берлинда бўлган воқеа... Шундай бир ҳолатга дуч келганман: кўчада кетаётсам, олдимдан автоматини кўтариб бир бола югуриб чиқди – урушнинг охирги кунлари эди. Сўнгги кунлар. Қўлимда автомат. Тайёр турибди. У менга қараб, кўзларини пирпиратиб, йиғлаб юборди. Ўзимга ишонмайман – мен ҳам йиғлаб юбордим...»

«Ҳар бир боланинг елкасига нон учун халта осилган, белига шўрва ва иккинчи овқат – бўтқа, нўхат учун идишча қистирилган. Уларнинг қорнини тўйдирардик, даволардик. Ҳатто бошларини силардик... Биринчи марта силаганимда... қўрқиб кетдим... мен-а? мен! Немис боласининг бошини силасам...»

***

Бугун шаҳарни пиёда кезгим келди. Машинада ён-верингга қарай олмайсан. Фақат йўлга қараш одамни толиқтиради баъзан. Сайрнинг эса гашти бўлак. Айниқса, хаёлингда ҳали ҳамон урушнинг даҳшатлари акс этган китоб турган пайтда. Солиштириш, таққослаш ва энг муҳими, шукур қилиш учун. Кўз ўнгимда тўкин ва фаровон ҳаётидан масрур юртдошларимнинг ёрқин чеҳралари фотолавҳа янглиғ муҳрланиб қолади.

Бағрига китобларни босганча, узун, ёйиқ сочларини шамолга бериб, баланд зинадан оҳудек сакраб тушаётган талаба қизнинг порлоқ, чиройли кўзлари...

Бекатда ўтириб, гапдан бўшамай, бир гапириб, ўн кулаётган онахонлар...

Онасининг қучоғидан тушиб, оқ капалак ортидан ҳайрат билан боқиб қолган марварид нигоҳли қизалоқ. Улар тарихга эврилаётган бугуннинг бахтиёр тасвири.

Йўлда гул дўконига кирдим. Негадир ўзим учун гул сотиб олгим келди шу чоқда. Оқ, сариқ, пушти, ҳаворанг ва қизил гуллар... Гуллар ҳам тинчликни севишади, беҳадик тўп-тўп бўлиб очилаверишади.

Китобдаги хотиралардан:

«Дала гулларини кўрсам – урушни эслайман. Урушда биз гул узмасдик. Гулдаста терсак ҳам, фақат кимнидир кўмаётганда... хайрлашиш учун терардик...»

Хаёлимдагини сездирмай, гулчи аёлни кузатаман. У гулларни саралаб менга узатаркан, ўз ишини жуда яхши кўришини, гулларнинг ҳам тили, юраги борлигини таъкидлайди. Аёлнинг атрофида эса асаларилар. Гўзал манзара. Сотувчи ариларга парво қилмайди, аксинча уларнинг бол йиғишини завқ, сабр билан кузатади...

***

«Фронда Гейне шеърларини қайта ўқий олишимга сира ишонмасдим. Севимли адибим – Гётени қўлга олмасам керак деб ўйлардим».

Мен эса йўл бўйи Бахни, Моцартни, «Чўли ироқ»ни, «Муножот»ни тингладим. Куйлар инсониятни фақат эзгулик бирлаштира олишини, оҳанг ва адабиётгина одамзотга Бахт келтиришини, муҳаббат чегара билмаслигини, замон танламаслигини таъкидлашди.

Айни дақиқаларда ҳам она заминнинг қай ерларида уруш олови ўчмаган. Ҳозир ҳам оналарнинг бағридан гўдаклари юлиб олинаяпти. Болаларнинг қўлларига қурол бериб, ота уйини ўққа туттиришаяпти. Шундай кезларда Ватанимиздаги ҳар бир чироғи ёниқ хонадондагилар отаётган мусаффо тонгга, хотиржамлик билан ботаётган кунга шукур қилишмоқда. Бешикда пишиллаб ухлаётган гўдак ҳаққи ОНАлар қўлини дуога очиб, юртга омонлик, оламга тинчлик сўрашмоқда. Эшикдан ризқ-насиба кўтариб кириб келаётган ОТАларга сиҳат, иймони бутунлик тилашмоқда.

***

Хаёлимда яна икки КИШИ. Момо Ҳаво Ҳазрати Одамга суяниб боради. Ундан нажот кутади. Ана шу нажот, меҳри ва шафқати билан Одам Ҳавога суюкли. Ўтда ҳам, сувда ҳам, ҳаёт ва мамотда ҳам...

Наргиза АСАДОВА

 

Информеры