2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

СУДАН ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Судан Республикаси Қуролли Кучлари амалдаги тузумнинг асосий таянчи бўлган ҳолда, мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ҳарбий сиёсат, мамлакатни урушга тайёрлаш тадбирлари, Қуролли Кучларни ривожлантириш йўналишлари, уларнинг сони ва тузилмаси Миллий мудофаа кенгаши томонидан белгиланади. Унинг таркибига мамлакат Президенти (раис), биринчи ва иккинчи вице-президент, мудофаа, ташқи ва ички ишлар, молия вазирлари, бирлашган штаб, разведка ва миллий хавфсизлик хизмати бошлиқлари киради. Қуролли Кучлар қурилиши, ҳарбий саноатни ривожлантириш, хориж давлатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари Олий ҳарбий кенгаш томонидан бажарилади.

«Милитэри бэланс-2016» маълумотига кўра, таркибига Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучлари кирувчи Судан Қуролли Кучларининг умумий сони 244,3 минг кишини ташкил этади (Қуруқликдаги қўшинлар – 240 минг, Ҳарбий ҳаво кучлари – 3 минг, Ҳарбий денгиз кучлари – 1,3 минг киши). Уруш даврида миллий армия сафига номунтазам қўшилмалар (халқ мудофааси кучлари – 20 минг киши) ва резервдаги кучлар (85 минг киши) сафарбар этилиши мумкин. Мамлакат ҳарбий бюджети 1 млрд доллар (ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизи)ни ташкил этади, бу маблағнинг деярли 50 фоизи қурол-яроғ ва ҳарбий техника харид қилишга йўналтирилади. Миллий армия минтақавий принцип бўйича умумий ҳарбий мажбурият (оддий аскарлар таркиби) ва шартнома (сержант, офицер ва генераллар) асосида бутланади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Мамлакат Қуролли Кучларининг асосий тури ҳисобланувчи Қуруқликдаги қўшинлар эҳтимолий ташқи агрессияни бартараф этиш, мамлакатдаги ички сиёсий барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда, давлат чегаралари, ҳарбий ва ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларни қўриқлаш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлашда ички ишлар органларига ёрдам кўрсатиш, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашиш каби вазифаларни бажаради. Қўшин таркибига 15 та дивизия (танк, мотопиёдалар ва пиёдалар – 11 та, ҳаво-десант – 3 та ва муҳандислик – 1 та дивизия), 12 та алоҳида бригада, махсус вазифаларни бажаришга мўлжалланган 5 та рота, марказ бўйсунувидаги қисм ва бўлинмалар киради. Пиёдалар дивизияси (умумий сони 7-8 минг киши) асосий қўшилма ҳисобланади. Унинг таркибига штаб, танк, мотопиёдалар, пиёдалар ва артиллерия бригадалари, танкка қарши артиллерия дивизиони, зенит артиллерия батареяси ва 4 та батальон (разведка, муҳандис-сапёрлар, алоқа ва моддий-техник таъминот) киради. Қуруқликдаги қўшинлар ихтиёрида Т-72, Т-55, Тип «59», «62», «63», «85», М-60 А3 русумли танклар (580 та), турли калибрдаги гаубица ва миномётлар (1760 та), танкка қарши ракета комплекслари ва артиллерия тўплари (140 та), бараварига ўт очувчи реактив тизимлар (670 та), зенит воситалари (1060 та) ҳамда зирҳли жанговар машиналар (810 та) бор.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшинлар таркибига авиация қисм ва бўлинмалари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари киради. Судан армияси Ҳарбий ҳаво кучлари 12 та эскадрилья (қирувчи – 2 та, штурмчи – 2 та, транспорт – 3 та, ўқув ва жанговар вертолётлар – 3 та, транспорт вертолётлари – 2 та), 11 та дивизион (зенит-ракета – 5 та, зенит-артиллерия – 6 та), кўчма зенит-ракета комплекслари батареяси ва 2 та радиотехника батальонидан ташкил топган. Қўшин тасарруфида турли русумдаги жанговар самолётлар (52 та), жанговар вертолётлар (45 та), ёрдамчи авиация самолётлари (45 та), ёрдамчи авиация вертолётлари (23 та), бошқарилувчи зенит ракеталарини ишга тушириш қурилмалари (25 та), зенит артиллерияси тўплари (200 та), зенит пулемёт қурилмалари (150 та), кўчма зенит-ракета комплекслари (250 та) бор.

Ҳарбий денгиз кучлари

Душман кемаларига қарши жанговар ҳаракатлар олиб бориш, денгиз коммуникацияларини қўриқлаш, мамлакат соҳиллари ва портларини мудофаа қилиш сингари вазифаларни бажарувчи Ҳарбий денгиз кучлари таркибида кичик десант кемалари, соқчи ва патруль катерлари, ёрдамчи кемалар отрядлари, шунингдек, қўриқлаш ва таъминот бўлинмалари бор. Қўшин ихтиёрида 2 та кичик десант кемаси, 20 та соқчи ва патруль катери, 2 та танкер ва 1 та гидрографик кема мавжуд. Асосий ҳарбий денгиз базаси Фламинго-Бей (Порт-Судан шаҳри)да жойлашган бўлиб, бу ерда шунингдек, кам тоннажли кемаларни таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилади. Бу турдаги қўшинларнинг жанговар шайлик даражаси анча паст ҳисобланади. Шахсий таркиб билан бутланиш даражаси 70 фоиз, қурол ва ҳарбий техника билан таъминлаш даражаси эса 90 фоиздан ошмайди.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры