2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

НУКУСДА ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН БЕКА

Китоб  –  инсоннинг  энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун  ҳам халқимиз уни азиз, мўътабар ва муқаддас деб  ҳисоблайди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисм ва муассасаларида ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг китобхонлигини ошириш, маънавий қарашлари ва билимларини юксалтириш, китоб мутолаасини тарғиб қилиш борасида бир қатор режали тадбирлар ва учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Нукус гарнизони маънавият ва маърифат марказида  ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари ўртасида «Энг яхши китобхон бека» номи остида бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар турмуш ўртоқларининг китобга бўлган муҳаббати, мумтоз ҳамда замонавий адабиётга бўлган қизиқишлари ва билимлари баҳоланди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шуҳрат Кабуновнинг турмуш ўртоғи Дилафрўз Имомова «Энг яхши китобхон бека» танловининг мутлоқ ғолиби дея эълон қилинди. Майор Хуршид Усмоновнинг рафиқаси Наргиза Усмонова «Мақолларни энг яхши шарҳловчи бека», подполковник Равшан Ҳайдаровнинг турмуш ўртоғи Дилбар Жўраева «Энг яхши китобсевар бека», шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Бекзод Раҳмоновнинг турмуш ўртоғи Назокат Давлетова «Энг яхши шеър айтувчи бека», шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ахмед Джолдасовнинг турмуш ўртоғи Гулбаҳар Мадиярова «Энг яхши тарихий китоблар ўқувчи бека» каби номинациялар ғолиби бўлдилар.

– Оилада онанинг китобга бўлган қизиқиши фарзандлар қалбида китобга бўлган энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади, – дейди Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ёзувчи Маҳмуджон Абдуллаев. - Билимли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди, муродига етади. Бу борада эса китоб энг яхши маслакдошимиз ва ҳамроҳимизга айланмоғи лозим.

Г.  ҲАБИБУЛЛАЕВА

Информеры