2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

МАРДЛИК ВА ГЎЗАЛЛИК БАЙРАМИ

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Қашқадарё гарнизонида ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчиларининг фарзандлари ўртасида каратэ ва таэквандо ҳамда «Грация-2018» бадиий гимнастика бўйича спорт фестивали ўтказилди. «Жануб юлдузлари» шиори остида ўтказилган спорт тадбирида 4 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўғил-қизлар иштирок этди.

Полковник Умид Тўраназаров командирлик қилаётган ҳарбий қисмнинг «Нуристон», подполковник Саъдулла Арипов командирлик қилаётган ҳарбий қисмнинг «Лочинлар», подполковник Фарҳоджон Раҳмонбердиев етакчилигидаги ҳарбий қисмнинг «Ватанпарвар» деб номланган 12 ва 14 ёшдаги ўғил болалардан ташкил топган спорт жамоалари каратэ ва таэквандо бўйича кўргазмали чиқишлари билан барчанинг эътиборини тортди.

Ҳарбий хизматчиларнинг қизлари – Ҳуснида Нишонова, Дурдона Ашурова, Наима  Бобохонова, Гулмира Раҳимова, Гулзода Сайфуллаева каби ўндан зиёд бадиий гимнастика маликаси кўргазмали чиқишлар орқали ўз иқтидорларини намойиш этишди.

Спорт фестивалида жамоалар бўйича биринчи ўринни «Нуристон» қўлга киритган бўлса, бадиий гимнастикада Наима Бобохонова ғолиб деб топилди. Фестивалнинг энг кичик иштирокчиси сержант Салоҳиддин Қурбоновнинг қизи тўрт ёшли Дурдона Ашурова алоҳида фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Болалар спорт фестивали иштирокчиларининг ҳар бир чиқишини Қарши шаҳар «Камалак» болалар ташкилоти раиси Л. Бобоева, Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгашининг ҳарбий хизматчилар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси И. Абдухолиқов, Қарши гарнизони маънавият ва маърифат маркази бошлиғи майор Р. Сатторов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Т. Маманова баҳолаб боришди. Қизларнинг жозибали ва гўзал чиқишлари, ўғил болаларнинг синхрон тарздаги машқлари барчанинг олқишига сазовор бўлди.

З. НОСИРОВА

 

Информеры