2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҲАЁТ ҲАҚИДАГИ ФИЛЬМ

Кино саноати ривожлангандан бери, инсоният қанчадан-қанча фильмларга гувоҳ бўлди. Туйғулар асарларга, битиклар кинога кўчгунга қадар бу саноат не-не тараққиёт довонларидан ошди. Шу жумладан, ўзбек кинофильмлари ҳам. Бироқ битта ҳақиқат аёнки, умуминсоний, сарбаланд мавзуларгина абадият қатидан ўрин ола билди. Чунончи, ватанпарварлик мавзуи.

«Шуҳрат» медали соҳиби Зулфия Юнусова ва Иқбол Мирзаалиев кино сценарийси асосида режиссёр Ҳилол Насимов томонидан суратга олинган «Ҳаёт» бадиий фильми ана шундай ўлмас мавзуга бағишланганлиги билан аҳамиятли. Мазкур киноасар яқинда Республика ҳарбий прокуратурасида намойиш этилди.

Кино тақдимотидан сўнг режиссёр Хилол Насимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева ва бошқалар сўзга чиқиб, фильмнинг яратилиш тарихи, суратга олиш жараёнлари, 2000 йилда юртимизнинг жанубий ҳудудларига бостириб киришга уринган душманга қарши курашиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган алп ўғлонларнинг ёрқин хотираси ҳақида сўз юритишди.

Тадбирда Республика Ҳарбий прокурорининг ўринбосари адлия подполковниги Давлатёр Раҳимов, адлия подполковниклари Лазиз Эрданов, Акром Қодиров, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Дилбар Ҳусанова, Қуролли Кучлар хизматчиси Мастура Комиловалар фильмнинг муваффақияти, ундаги ғоянинг аҳамияти ҳақида сўзлашди.

– Фильмни томоша қилиб, юртимиз озодлиги учун жон берган ўғлонларимизнинг хотираси яна бир бор кўз олдимизда жонланди, – дейди Республика Ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси, адлия капитани Гулчеҳра Турсунова. – Улар кўрсатган жасорат, мардлик халқимизнинг хотирасидан сира ўчмайди. «Ҳаёт» фильми ана шундай катта масъулиятни уддалаган. Фильмнинг ҳаётийлиги ҳам шунда асли.

Учрашув якунида кино ижодкорларига ҳарбий прокуратура томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди.

Адлия майори А. НАЗАРОВ

Информеры