2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

МЕҲНАТИМИЗ САМАРАСИ

Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчи ёшлари бир неча йилдан бери «Ёш ўт ўчирувчи» республика ҳарбий спорт мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Бунда коллежимизда яратилган шарт-шароитлар муҳим ўрин тутмоқда. Ўқув машғулоти хонаси ва амалиёт майдончаси зарур, замонавий ўқув қуроллари, техника воситалари ва анжомлар билан таъминланган. Ўқувчиларимиз томонидан тайёрланган кўргазмалар сони мингдан зиёд. Улар «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуни – амалда, «Ёнғиндан муҳофаза – жамоатчилик иши», «Хонадон тинч – жамоат тинч» каби стенд ва фотокўргазмалардир.

Икки йил муқаддам коллежимиз жамоаси «Ёш ўт ўчирувчи» спорт мусобақасининг республика босқичида тўсиқлараро югуриш, юқори қаватни ишғол этиш, эстафета каби йўналишларда юқори натижаларга эришиб, фахрли иккинчи ўринни олган эди. Жорий йилда ҳам ушбу мусобақанинг Гулистон шаҳрида ўтказилган республика босқичида ўқувчиларимиз яна иккинчи ўринни эгаллади. Бунда коллеж ўқувчиларидан – Карим Маматқулов, Лазиз Мамасодиқов, Зарнигор Эшмирзаева, Сатина Алибоева, Аваз Юсупов каби юрагида ўти бор ёшлар тенгқурларига ибрат бўлишди.

Маҳоратини ошира бориб, мустаҳкам ҳарбий интизом, қурол-яроғларнинг сақланиши ва қўлланишига доимо шай эканлигини намойиш этган бўлажак ёш ўт ўчирувчилар – ўқувчиларимизнинг бу ютуғини биз педагогларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳо деб биламан.

Бахтиёр МИЛЛАЕВ, 

чақирувга қадар бошланғич

тайёргарлик фани ўқитувчиси.

Информеры