2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

СОҒЛОМ ТИШЛАР – ИНСОН КЎРКИ

АҚШ олимлари бўлиниш хусусиятини йўқотган, эскирган ҳужайралар организмга салбий таъсир кўрсатишини аниқлади. Ҳар қандай тирик организмда тўпланиб борадиган бундай ҳужайралар умрни ўрта ҳисобда 35 фоизга қисқартираркан.

Мутахассислар организмни бундай ҳужайралардан тозалаш учун иммун тизимига туртки берадиган трансгендан фойдаланишди. Натижада турли ўсмалар шаклланиши, яллиғланиш жараёнларининг олди олиниши, аъзолар фаолияти яхшиланиши натижасида умр узайиши каби хусусиятлар аниқланди. Ҳозирча бу синов ҳайвонларда ўтказилаётган бўлса-да, узоқ умр кўришни ният қилган одамзотга бу хабар ҳарна умид беради.

Инсон ҳаётини узайтиришга олимлар нечоғлиқ ҳаракат қилишмасин, умри зиёдалик аввало кишининг ўзига боғлиқ эканлигини шифокорлар бот-бот такрорлайди. Кундалик турмушимизда айримлар кўп ҳам аҳамият қилмайдиган гигиена қоидалари ана шундай «ўлик» ҳужайраларнинг тўпланишига замин яратади, аслида. Жумладан, тиш ва милк гигиенасига болалар тугул катталар ҳам бирдек риоя этавермайди. Ваҳоланки, овқат ҳазм қилиш жараёнида биринчи ва асосий вазифани уддаловчи тишлар саломатлиги кўпгина хасталикларнинг олдини олади.

Биз Мудофаа вазирлиги марказий шифохонасининг стоматология бўлими шифокорлари билан соҳага татбиқ этилаётган янгиликлар, юртимиз осойишталигига посбон бўлмиш ҳарбий хизматчиларнинг саломатликларини асраш, оилавий тиббий маданиятни шакллантириш ишлари ҳақида фикрлашдик.

– Марказий шифохонамизда диагностика, терапия, жарроҳлик ва стоматология бўлимлари бўлиб, унда малакали шифокорлар хизмат қилишади, – дейди стоматология бўлими бошлиғи, тиббий хизмат майори Завқиддин Маҳмудов. – Бўлимимизда жарроҳлик, терапия ва ортопедия йўналишларида беморларга хизмат кўрсатилади. Айни пайтда барча соҳалар каби стоматология ҳам ўзгаришларга юз тутмоқда. Замонавий ва қулай аппаратлар оғриқсиз ва асоратсиз даволаш имконини бермоқда. Нурли пломбалар, металлокерамика, имплант, замонавий рентген аппаратлари бемор ва шифокор учун қулайлик туғдирмоқда.

Аслида кўпгина хасталикларнинг бошида оғиз бўшлиғидаги яллиғланишлар туради. Ҳазм жараёнларининг нормал кечиши, турли ошқозон касалликларининг рўй бермаслигида соғлом тиш ва милкларнинг аҳамияти катта. Қарийб йигирма йилдан бери ҳарбий шифокорлик касбида ишлаб, касбимга меҳримни бердим, ундан эъзоз ва мартаба топдим. Ҳозирда Равшан Умаров, Ҳусниддин Азимшайхов, Муҳайё Абдураҳимова, Икром Қодиров каби олий тоифали шифокорларимиз билан ҳарбий хизматчиларнинг саломатлиги мустаҳкамланишига ҳисса қўшиб келмоқдамиз.

«ЧИРОЙЛИ ТАБАССУМ ЭГАЛАРИНИ КЎРСАМ, ХУРСАНД БЎЛАМАН»

Болалигида тиш шифокоридан қўрқмаган одам кам бўлса керак. Қўлида тиш суғургич билан турган оқ халатли докторнинг аврашлари ўша пайтда бизни қўрқув исканжасидан чиқара олмагани аниқ. Аммо тили ширин, ҳаракатлари мулойим Мадина опа Алимбековадек тиш шифокорлари ҳар даргоҳда ҳам топилавермаса керак.

– 2004 йилдан буён шу касбнинг этагини тутиб, беморларнинг шифо топишига озми-кўпми ҳисса қўшиб келяпман, – дейди олий тоифали шифокор стоматолог М. Алимбекова. – Кишиларнинг чиройли табассумини кўриш, нақадар ёқимли. Соғлом турмуш тарзининг асоси саналмиш тишлар гигиенасига болани икки ёшидан бошлаб ўргатиш мақсадга мувофиқ. Кўрикка келган ҳарбий хизматчиларни даволаш жараёнида уларга тавсиялар ҳам берамиз. Йилда икки марта тиш ва милкларни шифокор кўригидан ўтказиш, кариеснинг олдини олишга хизмат қилишини ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига тушунтириб борамиз. Чунки энг қимматбаҳо сунъий қоплама ҳам кишининг ўз тишидек бўлмайди. Шунинг учун тишларни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Тиш шифокорининг қабулига кишилар қўрқиб келишган. Бу бежиз эмас. Чунки илгари даволаш аппаратлари у қадар такомиллашмаган эди. Биргина тиш илдизларини очишда гуттаперчалардан фойдаланилган бўлса, ҳозир замонавий эндомоторлардан фойдаланилмоқда. Илгари бу жараёнга камида 30 дақиқа вақт кетган бўлса, ҳозир 10-15 дақиқа ичида бемор оғриқсиз даво топаяпти.

Нимаики эъзоз топган бўлсам, шу касбимдан топдим. Гоҳида йўлда кетаётсам, ҳарбий хизматчилар салом-алик қилиб, раҳмат айтиб ўтиб кетишади. Бирини танисам, бирини танимайман. Қачонлардир уларни даволагандирман. Барибир хурсанд бўламан...

Биз ҳам шифокорларимиз доим ўз ишидан мамнун юришларини, шифо илинган қўллари дард чекмаслигини тилаб, яқинлашиб келаётган касб байрамлари билан муборакбод этамиз.

Наргиза АСАДОВА