2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

БОБУРНИНГ ЖАҲОН ҲАРБИЙ САНЪАТИДАГИ ЎРНИ

Тарихшунослик фани жаҳон ҳарбий иши ва санъатининг шаклланиши, тараққий этишига улкан улуш қўшган Ганнибал, Юлий Цезарь, Александр Македонский, Чингизхон, Буюк Фридрих, Наполеон Бонапарт сингари машҳур саркардалар, ҳарбий ташкилотчи ва стратеглар қаторида Турон заминининг икки буюк фарзанди – Амир Темур Кўрагон ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини ҳақли равишда эътироф этади.

Такдири азал тақозосига кўра, Бобурнинг сиёсат саҳнасига чиқиши XIV асрнинг иккинчи ярмида буюк бобокалони Соҳибқирон асос солган Темурийлар салтанатининг таназзулга юз тутган палласига тўғри келди.

Падари бузруквори Умаршайх Мирзонинг фожиали ҳалокатидан сўнг Фарғона вилояти тахтига ўтирган Бобур болалигидан мавжуд анъанага биноан ҳарбий санъатнинг мураккаб сир-асрорларини Шайх Мазидбек, Бобоқули, Бобо Алибек (бек атка) каби мураббий ва устозлардан олган.

1499 йили Андижон шаҳридан тахминан 24 км. масофадаги Хўбон кенти шарқи-жанубида жойлашган Сақо қишлоғи атрофида Бобур ўз тасарруфидаги қўшин ясоли-жанговар тартибини илк бор классик беш қисм (ҳировул, баронғор, жавонғор, ғул, чағдавул)га мувофиқ тузган ҳолда Аҳмад Танбал лашкари билан жангга кирган ва ғанимини жанггоҳни ташлаб кетишга мажбур этган эди. Буни Бобур шундай таърифлайди: Менинг аввал масоф уруши урушқаним ушбу эди. Тенгри таоло ўз фазл ва карами била фатҳ ва зафар рўзи қилди («Бобурнома»,128).

Маълумки, қўшинни жанг майдонида айнан беш бўлакка тақсимлаган тарзда жойлаштириш жуда қадимий усул ҳисобланади. Ушбу классик жанговар тартибга сезиларли ўзгартириш киритиб, уни етти қисм (қўл)га етказган шахс Амир Темур ҳазратларидир. Соҳибқирон томонидан ёв лашкари қанотларини икки тарафдан айланиб ўтиб, унинг асосий кучларига ортдан кучли зарба бериш учун хосланган суворий гуруҳ – қунбулнинг жорий қилиниши дунё ҳарб ишида мутлақо янги ҳодиса бўлиб, Амир Темур ҳарбий салоҳиятининг маҳсули эканлиги ҳарбий мутахассислар томонидан тан олинган.

1500 йили Сарипулда Шайбонийхон лашкари билан кечган муҳорабада мағлубиятга учраган Бобур кейинчалик қўшин ясолига муайян ўзгартиришлар киритди ва ҳарбий қисмларни ифодаловчи тушунчаларни она тилидаги истилоҳлар билан атади.

Қўшиннинг марказий қисми (ғул)ни мустаҳкамлашга жиддий диққат қаратилиб, у икки бўлакка (ўнг қўл ва сўл қўл) ажратилган. Бу қисмлар ўнг ён ва сўл ёндан ташкил қилинган хосса тобиннинг, хосса тобин эса ўз навбатида ўнг ва сўл бўлаклардан иборат бўйнинг ўзига хос илғор(авангард)и вазифасини ўтаган. Ҳиндистонни забт этиш йўлида бўлган йирик жангларда қайд этилган ясолга қатъий амал қилиш Бобурга жаҳоншумул ғалабалар келтирганига тарих шоҳид.

Бобур қўшиннинг жанг олиб бориш тактикасида қўл келадиган бир қатор усулларни кашф этган, мавжудларини муттасил такомиллаштириш тадоригини кўрган.

Чунончи, Сарипул тўқнашувида Шайбонийхон томонидан усталик билан қўлланган тўлғама усулининг афзаллигини пайқаган Бобур, ушбу тактик усулдан Султон Иброҳим ва Рано Санго сингари қудратли кучга эга душманлари билан бўлган жангларда моҳирона истифода этган. Шу ўринда тўлғамага тайинланган аскарий гуруҳларнинг қўшин баронғори ва жавонғори учидан жой олгани, уларга тажрибали, содиқ ҳамда матонатли беклар сардорлик қилганини таъкидлаш лозим. Бобур ёзади: Баронғорнинг учида Вали Қизил ва Малик Қосимни, Бобо Қашқани мўғуллари билан тўлғамага муқаррар қилдук, Жавонғорнинг учида Қоракўзи ва Абул Муҳаммад найзабоз ва Шайх Али ва Шайх Жамол барин ва Маҳди ва Тенгриқули Пишағи мўғулни тўлғамага ясадук («Бобурнома», 336).

Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, Иккинчи жаҳон уруши даврида мазкур тўлғама усули Сталинград остонасида бўлиб ўтган қонли жангларда ўша пайтда мавжуд бўлган тўртта фронт қўмондонлиги томонидан моҳирона қўлланиб, фашистлар Германиясининг энг илғор 6-дала армиясини қуршовга олиб, яксон қилиб, 330 минг кишилик группировканинг 95 минг нафарини асир олишган. Қолганлари эса улкан жанггоҳда қирилиб кетган. Бу ҳақда собиқ қўмондонлар ўз мемуарларида ёзиб қолдиришган. Сталинграддаги ғалаба Иккинчи жаҳон урушида туб бурилиш ясаб, фашизмни яксон қилиш учун қўйилган илк қадамлардан бири бўлган.

Бобур сон жиҳатдан катта бўлмаган қўшинини замонавий қурол-яроғ ва аслаҳа-анжом билан қуроллантириш, таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратган.

Ўт сочувчи қурол (раъд), гарчи, XIV асрнинг 70-йилларида Соҳибқирон томонидан киритилган бўлса-да, лекин фаранги (европача кичик тўп), зарбзан (замбарак), қозон (улкан ҳажмли тўп), туфанг ва милтиқнинг қуролланишдан мустаҳкам ўрин олиши, Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Мовароуннаҳр, Дашти Қипчоқда ёйилиши бевосита Бобур Мирзо фаолияти билан боғлиқлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бобурнинг тинимсиз саъй-ҳаракати туфайли Рум (Кичик Осиё)дан тўп қуювчи уста(тўпчи)лар таклиф қилинди, қозон, зарбзан қуйиш технологияси эгалланди.

Ҳиндистон ҳарбий-денгиз флотининг шаклланиши, шубҳасиз, Бобур даврига тўғри келади. Зеро, бу юртда асосан чуқур, кенг ва серсув Ҳинд, Синд ва Жамна сингари дарёларни кечиб ўтишга мўлжалланган заврақ I (қайиқ) ва кичик ҳажмли кемалар қатори, ҳарбий ҳаракат ва амалиётларда бевосита қўлланувчи «Гунжо­йиш», «Оройиш», «Фармойиш»га ўхшаш йирик ҳажмли кемаларнинг қурилиши янги қўшин турининг пайдо бўлишига туртки берган.

Подполковник

Мирзаахмад РАСУЛМЕТОВ,

Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти

ўқув бўлими бошлиғи.

Истеъфодаги подполковник

Тўлқин САЙДАЛИЕВ, ​доцент