Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ОВЧИЛИК – ОТА-БОБОЛАРДАН МЕРОС

Болаликдан тоғу тош ва чўлу биёбонларни кўп кезган моҳир мерган Мурод учун ов машғулоти ҳаётининг мазмунига айланди. Унинг ортида куч, маҳорат, юксак хоҳиш-ирода мардонавор меҳнат ётади. Овга пухта ҳозирлик кўриш, ноқулай иқлим шароитларига мослашиш ва синовлардан ўтиш керак бўлади. Кўч-кўронни кўтариб юришнинг ўзи бўладими? Унинг назарида ов гаштини ва завқини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Унга чексиз шодлик, ҳаяжон ва ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Буни таърифлаб беришга сўз йўқ.

Муроджон бобосидан ёдгорлик – овчиликни бошлаганда ўн олти яшар ўспирин йигит эди. У ҳар гал Осмонсой кенгликларини яёв кезаркан, мовий осмонни тўлдириб чарх ураётган хилма-хил қушларни кўрганида баҳри-дили очилиб яйраб кетар, ўзини қўярга жой тополмасди.

Болалик чоғларида отаси Омон амаки дўкондан қафасга солинган саъва совға қилгани ҳеч эсидан чиқмайди. Болакай қушчанинг ҳар бир ҳаракатини завқ билан кузатиб, ҳайратдан лол қолганди. Мурғак қалбида секин-аста қушларга меҳр-шафқатли бўлиш ҳисси уйғона бошлайди. Бу эса кейинчалик ҳовлисининг бир чеккасида жонли бурчак ташкил этилишига асос бўлди.

У табиатшунос тадқиқотчилар маслаҳатлари билан хилма-хил қушларнинг яшаш тарзи ва феъл-атворини ўрганаркан уларга нималар хавф солаётганини билиб оларди. Кейин ёққанларини тутиб, парваришлашга киришарди. Бора-бора ўзи яшаб турган ҳудуддаги жониворлар осойишталигини таъминлаш ва ғамхўр бўлиш, ҳаётида одат тусига айланиб қолди. «Жониворларни нобуд қилиш – увол!» Бу унинг гапи.

Моҳир мерган Омон амаки ўғлини вақти-вақти билан овга олиб чиқар ва ўтмишда қандай ов қуролларидан фойдаланилгани ҳақида сўзлаб берарди. Отасининг қўрқмас ва жасурлиги ҳақида эл орасида ҳали-ҳануз илиқ гапларни эшитиш мумкин. У тоғ оралиқларидаги кўплаб ғор ва тўсиқларни, ёддан билар, овда қатнашаркан, анъанага содиқ қолиб, қушлар ини ва яшаш жойига зиён етказмасди. Сой этагидаги тошқин сувнинг шарқирашини ҳисобга олмаганда моҳир мерган ой ёруғида ов қилишни афзал кўрарди. Негаки, йиртқичлар тунда изғийди.

Куз бошланиб етимтоғ этагида жойлашган ғорни макон қилган бир тўда жайралар экин майдонларини кунда-кунора пайҳон қилиб жамоа хўжалигига зиён етказиб келарди. Содир бўлаётган кўнгилсизликларга Омон амаки бефарқ қараб тура олмади. Даставвал у ғор теварак-атрофини синчиклаб ўрганди, шамолнинг тоғ чўққисидан пастга – жануб томонга эсишини ҳисобга олган ҳолда кун ботишдаги бутазорлар оралиғидан ҳандақлар қазишга тўғри келди. Негаки, кушандаларнинг ҳид билиш ва кўриш қобилияти ўта сезгир.

Борлиққа тун қора пардасини ёйганида ота-бола ҳандақлар ичига ўрнашиб, зараркунанда-кушандаларнинг ғордан чиқишини сабрсизлик билан кута бошлади. Теварак-атрофда зоғ ҳам учмасди.

Кўп ўтмай ғор томондан бир неча шарпалар пайдо бўлди. Уларнинг «шиқир-шиқир»и борган сари авж олиб, тошдан-тошга сакраганида узун ва оқ-қора учқур ниначалари ой ёруғида ялтирарди. Ниҳоят зараркунанда жайралар хўжалик экин-тикин майдони томон ёпирилиб ўтаётганида тоғларни ларзага солувчи гумбурлаган садо қулоқни қоматга келтирди. Зараркунандаларнинг ҳеч бири қочиб қутулолмади.

Мурод отасининг қўшотар милтиғи, бир нечта қопқон ва ҳар хил тузоқларидан фойдаланади. Унинг назарида ов машғулоти ўлжани тутиб моддий ва маънавий эҳтиёжини қондиришгина эмас, балки табиат ва ҳайвонот оламини турли хавф-хатарлардан ҳимоялаш ҳамда ғамхўр бўлишдан иборат.

Ов қилишга расман рухсат этилгач, Мурод сариқ-ола тозиси ҳамроҳлигида асосан қуён, жайра, қўшоёқ каби майда сут эмизувчи зараркунандаларни қопқон ва тузоқлар ёрдамида тутишни режалаштириб оларди. Шунчаки шўхлик ва эрмак учун жониворлар тинчини бузиб бекорга нобуд қилмасди. Ёввойи ўрдак, ғоз ва йўрға тувалоқларни ҳам меъёрида овларди.

Ўша кеч ёға бошлаган қор туни билан тинмади. Тонг ёришганда кучли шамол туриб, сой ва жарликларни қор уюмлари билан теп-текис қилиб кетди. Тоғ этагидаги мўъжазгина уйчанинг томи зўрға кўриниб турарди. Қуёш бўй кўрсатганда шамолнинг овози ўчди. Муроднинг кайфияти ҳар қачонгидан яхши эди.

– Мана энди ростакамига ов қилсак бўлади, – деди у хурсандлигидан кафтларини бир-бирига ишқалаб. – Ҳеч қандай қурол-яроғ керак бўлмайди.

Меҳмонлар ҳайрон бўлиб елка қисишди. Нонуштадан сўнг улар тепаликка кўтарилиб, чўққига етар-етмас какликлар тўдасига дуч келишди. Жониворлар улардан чўчиб, харсанг, тошлар оралиқларидаги қор уюмларига бекинмоқчи бўлишди. Бу беозор қушлар бир-бирларининг пинжига тиқилишиб олган, патлари суягига ёпишиб қолганди. Овчи нар какликларнинг бир нечтасини тутиб халтасига жойлади. Қолганларини эса қўли билан учириб юборди.

Мурод ов тадоригини кўраркан, қурол-яроғни бўлар-бўлмасга ишлатавермас ва кўрган-кечирганларини ҳамроҳларидан сир сақламасди. Заҳмат чекиб қўлга киритилган ўлжадан сўнг, дастурхон атрофида ўтирганида доим дўстлари билан рўй-рост, очиқча ва чин дилдан суҳбат қуришни хуш кўрарди. Давранинг базмга айланиши ва шовқин-сурон кўтарилишига тоқати йўқ эди.

У ҳафталаб чўлу биёбонларда қолиб кетган кезлари ҳам ноқулай иқлим шароити ва қийинчиликлар ҳақида оғиз очмасди. Бир икки кунлик ҳордиқдан сўнг қурол-яроғини олиб, яна овга ошиқарди. Юк халтасига фонар, этик, егулик ва шу каби асбоб-анжомларини тахт қилиб қўяр, эҳтиёт шарт чодирни ҳам олишни унутмасди. У майда-чуйда нарсаларнинг ҳам ўз ўрнида бўлишига аҳамият берарди. Жала, ёғингарчилик ва совуқдан ҳимояланиш, егуликнинг етарли бўлиши ва хотиржамлик юк халтада асбоб-анжомларнинг қанчалигига боғлиқ. Чунки буларсиз ов қилишнинг қизиғи йўқ.

Мана, йигирма йилдирки Мурод вилоят Овчилар ва балиқчилар жамиятида фаолият кўрсатиб келаяпти. Кўпчилик уни ўзига устоз деб ҳисоблайди. Дўстона муносабат, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ришталари уларни боғлаб туради.

Моҳир овчи сўнгги йилларда ота-боболари анъаналарига содиқ қолиб, табиат ва ҳайвонот дунёсини қўриқлаш ҳамда йўқолиб бораётган жонзотлар ҳақида кўп қайғуради. Теварак-атрофга назар солиб, бирор жонзотга ёрдам керакмасмикин, деб қараб кўриш фойдадан холи бўлмаслигини таъкидлайди. «Меҳр қўйсак, асраб-авайласаккина уларни сақлаб қолиш мумкин» дейди у. Лекин жамият томонидан ажратилган маблағ етарли эмас. Бошқача йўл тутмоқ лозим бўлади. Четдан ёрдам кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Унинг фикрларини жамоа аъзолари доим қўллаб-қувватлаб келади.

Абдулла САИДОВ

 

 

 

Информеры