2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ЎЗБЕК ЎҒЛОНИ – ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ КАШФИЁТИ

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 88 мамлакатидан 600 нафардан зиёд спортчи иштирок этди. Баҳсларда Ўзбекистон шарафини 12 нафар спортчи ҳимоя қилиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритди.

Мусобақада -102 кг вазн тоифасида қатнашган Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси, Қуролли Кучлар хизматчиси Акбар Жўраев даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритди. Ҳамюртимиз жаҳон чемпионати кашфиёти бўлди. Яъни у 19 ёшида катталар ўртасидаги мусобақада илк бор қатнашиб, олтин медални қўлга киритди. У 2020 йилда 21 ёшга тўлади ва айни кучга кирган пайтида Олимпия ўйинларида иштирок этиши мумкин. 

-67 кг вазндаги Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси, Қуролли Кучлар хизматчиси Достон Ёқубов силтаб кўтаришда кумуш медаль соҳибига айланди. -109 кг вазн тоифасида беллашувларда лейтенант Руслан Нуриддинов силтаб кўтаришда бронза медалига эга чиқди. +109 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси, Қуролли Кучлар хизматчиси Рустам Жангабаев силтаб кўтариш ва иккикураш натижаларига кўра бронза медалларга сазовор бўлди.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Токио Олимпиадасига рейтинг очколарини берувчи мусобақалар 6 та бўлиб, Ашхободда уларнинг дастлабкиси бўлиб ўтказилди.

А. ЎКТАМҚУЛОВ тайёрлади.