2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ЯНГИ ЗИРҲЛИ МАШИНАЛАР

Польшанинг «Росомак» компанияси мутахассислари Кельце шаҳрида бўлиб ўтган MSPO мудофаа саноати кўргазмасида янги зирҳли жанговар машиналарнинг иккита тажриба вариантини намойиш этдилар. Бу машиналар Финляндиянинг «Патриа» компанияси лицензияси бўйича ишлаб чиқарилаётган шу номдаги зирҳли транспортёр (ғилдираклар формуласи 8 х 8) асосида яратилган. Ўт очиш орқали қўллаб-қувватловчи мазкур жанговар машинада Италиянинг «ОТО Мелара» компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган 120 мм.ли тўпга эга бўлган «Хитфэкт» номли башнядан фойдаланилади. Аввалроқ «Росомак» компанияси Бельгиянинг CMI Defense компанияси мутахассислари томонидан яратилган «Кокерилл» ХС-8 русумли башняни намойиш этган бўлиб, унга ҳам 120 мм.ли танк тўпи ўрнатилган. «Хитфэкт» башнясини ўрнатиш учун зирҳли жанговар машинанинг узунлиги оширилган.

«Росомак»нинг иккинчи янги варианти танкка қарши ракета комплекси (ғилдираклар формуласи 6 х 6) бўлиб, у Исроилда яратилган «Спайк» комплекси билан жиҳозланган. Танкка қарши бошқарилувчи ракеталарни ишга туширувчи тўрт контейнерли қурилма машина томига ўрнатилган. Мазкур янги машинанинг ҳар икки варианти ҳам Қуруқликдаги қўшинларга қарашли бўлинмаларни ўт очиш орқали қўллаб-қувватлаш ва душман танкларига қарши курашиш учун мўлжалланган.