2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

«ЭНГ ЯХШИ СПОРТЧИ ОИЛА»

Юртимизда спортга эътибор кун сайин ортмоқда. Зотан, истиқлолнинг илк йиллариданоқ соғлом авлодни тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масаласи мамлакатимизнинг истиқболдаги бош мақсади этиб белгиланган эди. Шу кунгача бу олижаноб мақсад йўлида миқёси ва аҳамияти жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди. Болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни оммалаштиришнинг ноёб тизими йўлга қўйилди. Спорт таълим-тарбия соҳасининг узвий қисмига айланди. Энг асосийси, оилаларда спортга қизиқиш ортди. Албатта, фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом улғайишида, оилаларни спортга кенг жалб этишда жойларда ташкил этилаётган спорт тадбирларининг аҳамияти беқиёс бўлмоқда.

Эзгуликни тарғиб қилувчи шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги 19-умумтаълим мактабида ўтказилди. «Энг яхши спортчи оила» деб номланган мазкур спорт мусобақасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига қарашли подполковник Ҳофизжон Содиқов командирлик қилаётган қисм ҳарбий хизматчиларининг оилалари ўзаро беллашди.

Иштирокчи оилалар мусобақада эстафета, зигзакли тўсиқлардан ўтиш, баскетбол тўпини тўрга тушириш, қопда сакраш, югуриш, арқон тортиш каби шартлар бўйича ўзаро куч синашди. Кўтаринки руҳда ўтган мазкур мусобақани майор Жаҳонгир Жабборов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боришди. Беллашув низомида белгиланганидек, иштирокчи оилалар ҳар бир шартни тўғри ва аниқ бажаришлари талаб этилди. Бунда уларнинг қанчалик эпчил ва чаққонликлари ҳам эътиборга олинди. Қувонарлиси, нафақат ота-оналар, балки болалар ҳам шартларни бажаришда камчиликларга йўл қўймасликка интилишди. Бир-биридан қолишмасликка ҳаракат қилишди. Бу айниқса, эстафета, югуриш ва баскетбол тўпини тўрга тушириш баҳсларида яққол кўзга ташланди.

Шу ўринда оила бекалари ва қизалоқларнинг мусобақадаги иштирокига алоҳида тўхталиб ўтсак. Улар беллашувда «Чаққон она, эпчил қиз» шарти бўйича ўзаро куч синашди. Ҳа, бекалар ҳам турмуш ўртоқларидан қолишмай шартларни ҳеч қандай қийинчиликсиз, эпчиллик билан адо этишди. Қизалоқларнинг фаоллиги эса ғалаба учун замин яратди.

–Ўтказилган мазкур мусобақа ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилади. Чунки спортга меҳр аввало оиладан бош­ланади, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси майор Аброр Ахназаров. – Биз оила бекаларининг мусобақалардаги фаолликларидан хурсанд бўлдик. Демакки, йилдан-йилга аёлларимизнинг спортга қизиқишлари ортиб бораяпти. Бу буюк келажакка мустаҳкам пойдевор қўйилаётганидан далолат беради. Чунки буюк келажакни соғлом авлод бунёд этади. Соғлом авлод яратувчиси эса аёлларимиздир. Бугунги тадбир шу жиҳати билан ҳам қимматли. Бир сўз билан айтганда, мазкур мусобақада оилавий жамоаларнинг ҳар бири ғалабага бўлган ишончи, иродаси ва интилувчанлигини кўрсатди.

Мусобақа натижаларига кўра, 1-ўринни сержант Музаффар Жамоловлар оиласи қўлга киритди. 2-ўрин сержант Алимардон Эргашевлар оиласига, 3-ўрин сержантлар Мухтор Темиров ва Ҳабибулло Қайнаровлар оиласига насиб этди.

Мусобақа иштирокчилари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА