2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

АЖДОДЛАР ДАҲОСИНИНГ БЕБАҲО МЕРОСИ

Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳридаги асрлар шиддатига бўй бермай, тарих талотумларидан соғ-омон ўтиб келаётган бетакрор меморий обидалар таърифига нисбатан ана шундай сўзларни қўллагим келди...

Бухоро ҳақида сўз кетганда, «Шариф шаҳар», «кўҳна қалъа», «муборак ислом динига қувват берувчи жой» маъносидаги таърифу тавсифлар ёдга тушса, кўз олдингизда бир неча асрлик миноралар, мақбара-ю мадрасалар, шаҳар ичидаги шаҳар бўлмиш ердан 16-20 метр сунъий кўтарилган тепаликда жойлашган муҳташам Арк қалъаси, Лабиҳовуз ҳамда кўплаб зиёратгоҳлар намоён бўлади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос бир тарих. Ҳар бири ҳақида узоқ тўхталиш мумкин. Ҳар бир меъморий обида қурилишидан тортиб жило берилишигача мураккаб, аммо ғоятда моҳирлик билан амалга оширилган нодир архитектура намунасини ўзида мужассам этган. Бу аждодларимизнинг бунёдкорлигидан, яратувчанлигидан, қудрати-ю, ўткир дид ва салоҳият соҳиби бўлганликларидан далолат.

Бухоро номи дастлаб IX асрда тарихчи Наршахий томонидан зикр этилган. Тарихчилар, тилшуносларнинг фикрига кўра, Бухоро сўзи санскритча «вихара» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «қалъа» деган маънони билдиради. Шаҳардаги қатор тарихий иншоотлар ЮНEСКОнинг «Бутунжаҳон маданий мерослари рўйхати»га киритилган.

Бухоро шаҳрида ўтказилган инновацияларни оммалаштиришга бағишланган ҳарбий илмий­амалий анжуманга ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар кўҳна ва боқий шаҳарнинг қадимий ёдгорликлари бўйлаб экскурсия қилишаркан, тарих билан юзма-юз келгандек бўлишди.

X асрга оид Исмоил Сомоний мақбараси. Бу тарихий обида Исмоил Сомоний ҳукми билан бунёд этилган. Исмоил Сомоний Бухорода Сомонийлар давлатига асос солган йирик сиёсий арбоб ҳисобланади. У 848 милодий йилда Бухоро шаҳрида туғилган, 874 йилда сомонийларнинг Бухородаги ноиби, 888 йилдан эса бутун Мовароуннаҳрга ҳукмдор бўлган. 900 йилда Мовароуннаҳр ва Хуросон унинг қўл остига бирлаштирилган.

Йўл-йўлакай Чашмаи Айюб зиёратгоҳидан ўтиб, кўҳна Арк қалъасига яқинлашдик.

«Бухорода Арк қалъасининг барпо этилиши Эрон подшоси ва турк аёлининг фарзанди Сиёвуш номи билан боғлиқдир. Маълумотларда келтирилишича, Сиёвуш афсонавий туркий ҳукмдор Афросиёбдан енгилгач, шу ерда – Зарафшон дарёсининг қуйи ирмоқларидан бирининг соҳилида тўхтаган ва шаҳарнинг яратилишига асос солган. Сиё­вуш Афросиёб томонидан ўлдирилгач, Бухоронинг шарқий дарвозаси ёнига кўмилган, деган ривоятлар бор», – экскурсоводнинг ушбу сўзлари барчани хаёлан олисларга олиб кетди. Улуғ ҳукмдор Афросиёб билан боғлиқ яна бир қизиқарли маълумотни бош­қаларга ҳам улашгим келди-да, экскурсоводга, «Ўз даврида Оврупо қитъасига юриш қилган ва рақибларини номиёқ зир титратган туркий ҳукмдор Атилла Афросиёбга ким бўлган?» – дея савол бердим. Экскурсовод бу саволга саёҳатимиз якунида батафсил жавоб беришини айтиб, бизни қалъа ичига бошлади. Бироқ саволнинг жавобига, аниқроғи, аждодларимизнинг мислсиз жасоратини билишга қизиққан ҳарбий хизматчилар менинг атрофимни ўраб олишди. Уларга Атилланинг ким бўлгани, кўҳна қитъага қилган юриши-ю, эришган ғалабалари ҳақидаги маълумотлар «Ватанпарвар» газетасида чоп этилганини, хоҳласа бемалол газетанинг www.mv-vatanparvar.uz сайтидан қидириб топиб ўқишлари мумкинлигини айтдим. Менимча, гапириб берганимдан кўра ўзлари топиб ўқиганлари маъқулроқдек кўринди.

Арк қалъаси ҳам энг кўҳна маданий мерос объектларидан. У қадимда Бухоро шаҳрининг маркази ҳисобланган ва ҳукмдорларнинг қароргоҳи шу ерда жойлашган. Арк қалъасида Рудакий, Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Форобий сингари улуғ мутафаккирлар яшаб ижод қилганлар. Арк милодий аср бошларида қурила бошланиб, XVI асрда Шайбонийлар сулоласи даврида яхлит ансамбль ҳолига келган.

Ватан ҳимоячилари Аркнинг ичида жойлашган моддий ва маънавий мерос намуналари билан танишгач, Қорахонийлар давлатининг Мовароуннаҳрдаги амири Арслон Буғрохон ҳукми билан 1127 йилда уста Бақо исмли бинокор томонидан бунёд этилган Минораи калонни бориб кўришди. Минора Бухоронинг ҳамма томонидан кўриниб туради. Тунда минора тепасидаги қасабадан таралаётган ёғдулар маёқдек товланиб, янаям мўъжазроқ қиёфа касб этади.

Унинг ёнидаги Масжиди калон ҳам узоқ асрлик тарихи ва тутган ўрнига кўра маълуму машҳур. Жумладан, Чингизхоннинг Бухорони истило қилишидаги ушбу масжид билан боғлиқ воқеалар ўқувчилар қалбини ларзага солади...

Албатта, биргина мақолада ушбу кўҳна шаҳар ҳақидаги барча маълумотларни жамлаб олиб бўлмайди. Асосий мақсад, ҳарбий хизматчиларимизнинг ўз Ватанимиз тарихини ва аждодларимиз меросини чуқур англашига кўмаклашиш, Ватан озодлиги, тинчлиги, фаровон ҳаёт учун фидокорона хизмат қилишга руҳлантиришдир. Ҳарбий хизматчиларда ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, уларни она Ватанимизнинг моддий ва маънавий бойликларидан фахрланиш, шарафли хизматлари замирида ушбу бебаҳо бойликларни келгуси авлодларга ҳам етказишдек устувор мақсад мужассамлигини англатишда асрлар силсиласига дош бериб келаётган бу каби меъморий ёдгорлик мажмуалари, зиёратгоҳ ва қадамжолар ҳамда бошқа осори атиқаларнинг ўрни катта, десак, хато қилмаймиз.

Ёшин ҲАКИМОВ