2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛГАН АСКАРЛАР

Шундай асрлар бўлади, инсонлар ҳаёти унда дарёдай бесамар шовуллаб оқиб кетади, шундай лаҳзалар бўлади, инсонлар бу қисқа фурсат ичида умрининг моҳиятини англаб етадилар, лаҳза оша ўз ҳаётларини янги руҳ, завқ, нигоҳ ва мақсадлар билан яшай бошлашади...

Бу навқирон Ватан ҳимоячилари айни дамда шундай таассурот оғушида.

Оддий аскар

Абдуҳофиз КУЗРАТОВ:

– Ҳарбий қисм кутубхонасида эдик. Эшикдан Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони кириб келдилар. Телевизор, интернет, газета-журналдан сиймоларини кўп кўрганмизу, лекин юзма-юз учрашиш, бир хонада ёнма-ён туриб, самимий суҳбатлашиш шарафига муяссар бўламан, деб асло ўйламаган эдим. Президентимиз биз, оддий аскарлар билан кўришдилар, ҳар биримиз билан танишдилар. «Сизларнинг кўзингизда чақнаб турган ўтни кўриб, эгнингизга ярашиб турган ҳарбий либосни кўриб, қалбим ифтихорга тўлди! Она Ватанимизнинг келажак тақдири сизларнинг қўлингизда!» – деган гаплари барча сафдошларим қатори мени ҳам жунбушга келтирди. Президентимизга мурожаат қилдим, шу кунларда ёзган «Ватан» номли шеъримни ўқиб беришга изн сўрадим.

ВАТАН

Ватан асли недур айтинглар менга,

Ватан – дунёдаги энг азиз тупроқ.

Ватан азиз эрур мисоли она,

Ватанни севаман онажон дея.

 

Ватанни севмаган инсонлар борми?

Ватан деб ёнмаган сарбонлар борми?

Ахир Ватан дея жонидан кечган,

Мард Жалолиддину, Турон арслони.

 

Кимлар ҳавас билан боқарлар бу кун,

Амир Темур қурган биноларига.

Кимлар лолу ҳайрон турибди-да жим.

Широқнинг кўрсатган жасоратига.

 

Аждодлар мардлиги бизга куч берур,

Дунёда битилган гўзал достондир.

Ёвларга бош эгмай турибди мағрур,

Бу менинг Ватаним Ўзбекистондир.

Президентимиз табассум қилиб: «Отангга раҳмат! Ватанимиз тақдири сенинг қўлингда, сенга ишонаман!» – дедилар. Сўнгра ҳарбий хизматга қайси вилоятдан чақирилганимни сўрадилар. Қашқадарёдан келганимни айтдим. «Абдулла Орипов юртидан экансан. Ўзи Қашқадарёдан кўплаб истеъдодли одамлар чиққан», – дедилар. Аскар дўстларим ичида мен билан кўпроқ мулоқот қилдилар. Суҳбат давомида Президентимизнинг оталарча самимий меҳрини, нақадар олижаноб ва халқпарвар инсон эканликларини ҳис этдик. Хайрлашарканлар, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизга муваффақиятлар тилаб, юксак ишонч билдирдилар. Биз, бу ишончни, албатта, оқлаймиз!

Оддий аскар

Жамшид ҲИММАТОВ:

– Учрашув давомида давлатимиз раҳбарига Термиз санъат коллежи вокал йўналишида ўқувчилик пайтим севиб ижро этган қўшиқларни ижро этиб бердим. Устозим Даврон Нормуродов ўргатган италиялик машҳур бастакор Капуанинг «Оссоломио» («Менинг қуёшим») ва ўзимизнинг «Мафтун бўлдим» қўшиғини охиригача, завқу шавққа тўлиб куйладим. Ижром муҳтарам Президентимизга маъқул бўлди, шекилли мароқ билан тингладилар ва қарсак чалдилар...

«Келажакдаги мақсадинг нима?» – деб сўрадилар. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблида шартнома бўйича ҳарбий хизматчи хонанда бўлиб, Ватанимга хизмат қилиш, деб жавоб бердим. «Консерваторияга ўқишга киришни истайсанми?» – дедилар. Худди шундай, деб тасдиқладим. Президентимизнинг шундай нуфузли олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга тавсия этишларидан қувончим ичимга сиғмади. Ҳаяжонимни тасвирлаб беролмайман. Биз ёшларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтаман!

Бу учрашувдан сўнг Қаршига ота-онамга қўнғироқ қилдим. Мени дунёга келтирган меҳрибонларимнинг қувончини сўз билан ифодалашим қийин. Суюнчи оламан десам, улар аллақачон телевизордан кўриб бўлишган экан. Қариндошларим, ошна-оғайниларим, қўни-қўшнилар ҳам ота-онамни шундай фарзанд етиштиришгани учун табриклашди. Дадам мен билан фахрланишларини айтдилар. Кўзимдан ёш чиқиб кетди...

Оддий аскар

Темур ЮСУПОВ:

– Юртбошимиз ўзимни таништиришимни сўрадилар. «Сенга армия нима берди?» дедилар. Қуролли Кучлар сафига киргач, ҳаётга бўлган қарашларим буткул ўзгаргани, Ватаним, халқим учун керакли инсон эканлигимни англаганимни айтдим. Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафини илк бор Ҳарбий қасамёд қабул қилаётган пайтимда ота-онамнинг қувонч кўзёшлари орқали теран ҳис қилдим. Қатъий ва мустақил қарор билан келгусида ҳам шартнома бўйича ҳарбий хизматчи сифатида она юртимга садоқат билан хизмат қилишни дилимга тугганимни, бу қарорга келишга эса – армияга чақирилганим сабаб бўлганини сўзладим. Бу жавобим Юртбошимизга маъқул бўлди. Ҳарбийлар борлиги учун давлатимизнинг тинч ва хавфсиз эканлигини, ватандошларимизнинг хотиржам ҳаёт кечиришаётганини ва ўзлари ҳам ҳарбийлар борлиги учун, бизга ишониб юришларини баён этдилар. Кўнглим тоғдек кўтарилди. Президентимиз бизга ўз устимизда тинимсиз меҳнат қилишимиз лозимлигини, кўп китоб ўқиш, танлаган касбимизнинг етук соҳиби бўлиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилишимиз кераклигини таъкидладилар. Юртбошимиз айтган бу гаплар биз учун – жанговар вазифа!

Президентимиз билан учрашувдан сўнг ҳарбий қисмимиз қўмондонлиги томонидан бизга миннатдорлик эълон қилинди. Мен, Юртбошим билдирган юксак ишончни оқлаб, Ватаним суянган ҳарбий хизматчи бўлишга ваъда бераман!

Алибек АНВАРОВ