2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

«ВАТАНИМ БАЙРОҒИ – ФАХРИМ ВА ҒУРУРИМ»

Қуролли Кучлар академиясида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда «Маънавий юксалиш ва ҳарбий ватанпарварлик куни» доирасида «Ватаним байроғи – фахрим ва ғурурим» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлари доктори, профессор Гулчеҳра Маткаримова, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси Шаҳноза Алимжанова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган «Ўзбегим ёшлари» ансамбли хонандалари, Тошкент шаҳридаги 74 ва 69-умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда Қуролли Кучлар академияси шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Ўзбекистон давлат байроғи ва давлат рамзларининг мустақил Ватанимиз тараққиётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида ҳамда бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган «Ўзбегим ёшлари» ансамбли хонандаларининг мусиқий чиқишлари намойиш этилиб, Тошкент шаҳридаги 74 ва 69-умумтаълим мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан Ватан, давлат рамзлари ҳақидаги шеърлар ўқилди.

Меҳмонлар ва ўқувчилар Қуролли Кучлар академияси бўйлаб экскурсия қилиб, яратилган шароитлар, ўқув жараёнида замонавий педагогик, ахборот-коммуникация технологияларидан, моделлаштириш ва симуляция усулларидан фойдаланиб келинаётган хоналар, ахборот-ресурс маркази ва курсантларнинг яшаш шароитлари ҳамда академия тарихи музейи билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, академия кутубхонасида мактаб ўқувчилари ўртасида «Ватаним байроғи – фахрим ва ғурурим» мавзусида расм чизиш танлови ўтказилди. Мусобақа натижаларига кўра, юқори натижага эришган ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Капитан Холмуҳаммад ЖЎРАБОЕВ