2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ФАН ОЛИМПИАДАСИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида информатика фани бўйича ўтказиладиган фан олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимпиадага ҳакамлик қилувчи ҳайъат аъзолари  ва курсантлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, бугунги кун офицери замон билан ҳамнафас бўлиши лозимлиги, яъни, у дастурлаш тилларини, муҳандислик ва компьютер графикасини, математик ва компьютер моделлаштиришни, маълумотлар базасини лойиҳалаш ва бош­қаришни ўрганиши муҳим аҳамиятга эгалигини эътироф этишди ва мазкур фан олимпиадасини ўтказишдан мақсад ҳам ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида ҳарбий кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш, курсантларнинг илмий ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, улар ўртасида замонавий ахборот технологиялари соҳасини кенг оммалаштириш, шу орқали уларни профессионал офицер сифатида шакллантириш эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Тадбир якунида олимпиадада иштирок этувчи жамоалар таништирилди. Уларга танлов шартлари, ўтказилиш тартиби ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг, фан олимпиадасига старт берилди.

– Жамоалар уч кун давомида 3 босқич бўйича беллашади. Биринчи босқичда уларга «Microsoft Office – 2010» дастури бўйича амалий топшириқлар берилади. Иккинчи босқичда жамоа иштирокчилари якка тартибда, учинчи босқичда эса жамоа билан биргаликда жамоавий дастурлаш топшириғини бажарадилар, – дейди биз билан суҳбатда подполковник Отабек Абдирозиқов. – Ғолиб бўлган жамоа 2019 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Қуролли Кучлари олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ўтказиладиган информатика фани бўйича халқаро фан олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Мазкур фан олимпиа­даси энг билимли, энг кучли курсантларни, жамоани юзага чиқаради, деб ишонамиз.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15-21 апрель кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида информатика фани бўйича ўтказилган 4-халқаро фан олимпиадасида Ўзбекистон номидан Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсантлари иштирок этиб, 72 жамоа орасида фахрли 3-ўринни қўлга киритган эди.

Кўрамиз, келаси йили информатика фани бўйича ўтказиладиган халқаро фан олимпиадасида қайси олий ҳарбий таълим муассасаси курсантлари Ватанимиз шарафини ҳимоя қилар экан? Бу ҳақда газетамизнинг навбатдаги сонларида хабар берамиз.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА