2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

УСТОЗ ОТАДЕК АЗИЗМИ ЁКИ?..

Ҳаёт сабоқларин этолмаса ёд,

Уни ўргатолмас ҳеч қандай устод.

Абу Абдулло Рудакий

Биз шоира Ҳалима Худойбердиева билан бир вилоятдан бўлганимиз сабабли бир-биримизни яхши билардик ва ҳурмат қилардик. Бунинг устига мен «Саодат» журнали саҳифаларида очеркларим билан мунтазам қатнашиб турар эдим. Албатта, Тўра Сулаймон билан Ҳалима Худойбердиева Сирдарё вилояти ижодкорларининг фахри эди. Мен Тўра Сулаймон билан жуда қадрдон эдим.

1997 йил. Кутилмаганда Ҳалимахон менга қўнғироқ қилиб, сизга айтадиган гапим бор, бир жойда учрашсак, деб қолди. Орадан бир соат ўтмай, у айтган жойга бордим.

Ҳалимахон бироз тушкун аҳволда эди. У ўша пайтда у ер-бу ерга сўзи ўтадиган иккита раҳбарни тилга олиб, шундай деди:

– Улар эримнинг шогирдлари, устоз деб эримнинг этагидан тутишган. Мавлон ака уларни ҳамма жойда ҳар қандай ҳолатда қўллаб-қувватлади, раҳбарлик лавозимларига тавсия этди, шундай шогирдлари борлигидан ҳамиша фахрланди. Тақдир экан, мана бугун эрим ишсиз, юраги сиқилиб уйда ўтиролмаяпти. Уларга бориб айтинг, устоз­ларига бирон иш топиб беришсин. Сиз улар билан яхшисиз, айтсангиз, йўқ дейишмайди.

Шу куниёқ ҳар иккала раҳбарга учрашиб, Ҳалимахоннинг гапларини айтдим ва ҳар қандай иш бўлса ҳам бўлаверар экан, деб қўшиб қўйдим.

Иккаласи ҳам индамади. На «ҳа», на «йўқ» дейишди. Эртасига Ҳалимахон қўнғироқ қилган эди, яна бир-икки кун кутинг, ўзим сизга бориб учрашаман, дедим. Икки кундан сўнг кирсам, икки раҳбардан бири «Ибрайим ака, шу гапни қўйинг», деди, иккинчиси эса кулимсираб қўя қолди. Бу ҳолатни Ҳалимахонга бориб айтдим. У жуда оғир қабул қилди.

Саъдий Шерозийнинг қуйидаги ҳикматли сўзларини ўқиганимда устоз ва шогирд билан боғлиқ ўзим кузатган бир воқеа ёдимга тушди:

Ҳарчанд ўқибсан – билимдонсан,

Агар амал қилмадинг, нодонсан.

Устига китоб ортилган эшак,

На олим ва на донодир бешак.

Икки шоирнинг устоз ва шогирдлигини ўн йилдан ортиқ кузатдим. Улар ўртасидаги фарқ шундаки, шогирдлик мақомидаги шоир устозига нисбатан кўпроқ шеърлар ёзгани ва кўпроқ танилгани ҳолда оддий ходим бўлиб, устоз эса шеъриятда бироз нўноқроқ бўлса-да, раҳбар бўлиб ишлар эдилар. Улар бир-бирларини улуғлашганда оғизларидан бол томарди. Уларни кўриб ва кузатиб, ҳавас қилмаган одам йўқ. Нафақат меҳр-оқибату билимдонликда, балки камтарлигу доноликда ҳам ҳаммани ром этишарди. Бир-бирларига бағишлаб ёзган шеърларини ўқиганларида гўё Навоий билан Жомий дейсиз.

Устоз билан шогирд ўртасидаги бундай эртаксимон муносабат бир неча йил давом этди. Ниҳоят, уларга тамагирликда танилган ижодий жамоада ишлаётганликлари панд берди. Ҳаром луқмага шерикликдан умидворлар қандай қилиб бўлмасин, раҳбарга йўл топиб, унинг шоир шогирди тамагирлик орқасида воситачилик қилиб топаётган луқманинг асосий қисмини ўзига олиб қолиб, озгина қисминигина унга, яъни устозга бераётганлиги ҳақидаги хабарни етказишнинг уддасидан чиқишди. Устоз, яъни раҳбар, буни синаб кўрган эди, хабар тўғри бўлиб чиқди. Шундан кейин устоз шоир битта буйруқ билан шартта шогирд шоирни ишдан бўшатиб юборди.

Ана шундан кейин олдин ўпишаётган оғизлардан чиқаётган ҳақоратларни, аввал қучоқлашаётган қалбларда пайдо бўлаётган нафратларни, шу пайтгача ҳамма ҳавас қилган доноликнинг қандай қилиб нодонликка айланганини кўрсангиз эди. Шогирд устозидан шикоят қилиб, беш йил мобайнида катта идораларга ёзди.

Ана энди саволларга эрк берайлик. Асл устоз ким?.. Раҳбарингиз устозингизми?.. Унда нега ишдан бўшаган раҳбарингиздан юз ўгириб кетасиз?.. Вазиятга ва манфаатга кўра, буқаламунга ўхшаб турланиб-тусланиб яшаш кимларга хос?.. Бугунги ҳаётда бу каби барча саволларга жавоб бор. Фақат ўзимизни кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга, англаб англамаганга оламиз. Қуйида мен кўрганларимни, билганларимни, англаганларимни ҳаётий мисолларда ифодалаб фикрламоқчиман.

Аввало, асл устоз ҳақида. Раҳбар ёки оддий ходим бўладими, таниш ёки етти ёт бегона бўладими, тоғлар ёки океан ортидаги одам бўладими, бир аср ёки ўн аср олдин яшаб ўтган улуғ зот бўладими, сизга ҳамкасб ёки бошқа соҳа одами бўладими, сиз ибрат олган ва таъсирланган, сиз иш ўрганган, сиз ҳавас қилган ва фахрланган, сиз ишонган ва меҳр қўйган, сизга тўғри йўл кўрсатган ва сизни эгри йўлдан қайтарган, сизнинг қувончингизга ҳам, ташвишингизга ҳам шерик бўлган инсон сиз учун асл устоздир. Устознинг барча синовларидан яхши ўтган инсон эса асл шогирддир. Бироқ бугунги синовли ҳаётда бундай ҳолатлар камдан-кам ҳоллардагина кузатилади.

Менимча, олтмишинчи-етмишинчи йилларда чин маънодаги устоз-шогирдлик анъанаси кучли эди. Ёшлар қандай қилиб бўлмасин, устозидан ниманидир ўрганиб, ўз тажриба ва маҳоратларини оширишга ҳаракат қилишарди. Ҳозирги ёшлар эса кўп ҳолларда иш ўргатган ва ҳаётда ибрат бўлган устозлари қолиб, мансаб-мартаба ва бошқа қандайдир манфаатлар илинжида фақат ўз раҳбарларини «устоз» дея улуғлаб, маддоҳлик қилишади.

Ҳозир шундай меҳнат жамоалари ҳам борки, кўпдан-кўп ҳаёт ва иш тажрибасига эга, истеъдод ва қобилиятда мақомлари юксак, устоз даражасидаги ходимлар бўлгани ҳолда уларга ҳали қуёш кўрмаган ғўрадек хомталаш йигитчалар «устоз» мақомида раҳбарлик қилишади. Кимдир шуниси маъқул, ҳали улар порага ўрганишмаган, дейиши мумкин. Азизлар, диндан ва миллий маънавиятдан йироқ, ҳалол билан ҳаром луқма нималигини билмайдиган, оддий халқ тугул ҳали ота-онасига ҳам хизмат қилиб улгурмаган йигитчалар қандай қилиб жамоадаги ҳар жиҳатдан етук мутахассисларга устозлик, яъни раҳбарлик қилишади?!

Ахир қари туллаклар орасида ҳам ҳаром луқмага ўрганганлар бор-ку, дерсиз. Ҳа, бор. Уларнинг оппоқ сочларига, ажин оралаган юзларига, тилёғламалик қилаётган сўзларига, ёлғон ваъдаларига, мунофиқлик акс этиб турган қиёфаларига эмас, балки кўзларига қаранг. Улар сиз билан юзма-юз келганда кўзларини олиб қочишади, ўзларини ўнғайсиз сезишади, минбарларда ёлғон сўзлашади, қарийб 25 йил ўзлари катта-катта лавозимларда ишлаган ва унвон олган даврни қоралашади. Уларнинг айримларини мен жуда яхши биламан. Илгари порахўрлиги учун ишдан ҳайдалган. Хўш, ҳозирги ёшлар бундай мунофиқ «устоз»лардан нимани ўрганишади?! Фақат мунофиқликни, жамиятни ва оддий халқни алдашни, тезроқ ва кўпроқ ўмаришни. Эгрилик касофати ва ўлим даҳшати уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.

Савол беришингиз мумкин: ёшлар, яъни шогирдлар орасида ундоқлари, қариялар, яъни устозлар орасида бундоқлари бор экан, хўш, унда жамиятни ва меҳнат жамоаларини кимлар бошқаради-ю, устоз ва шогирдликка кимлар арзийди?! Худога шукур, кўп миллионли халқимиз орасида бундай масъулиятга муносиб инсонлар жуда кўп. Бунинг учун, аввало, муносиб одамларни муносиб жойларга тавсия этишда таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик каби иллатларга барҳам бериш, шунингдек устозни, истеъдодни, қобилиятни, тажрибани аниқлаш ва тан олиш, ҳаётига ҳасадгўйлик, кўролмаслик, ғаразгўйлик, худбинлик, саводсизлик, фитначилик, лоқайдлик, нўноқлик каби дардларга йўлиққанларни раҳбарликка жалб этмаслик, қолаверса, устоз-шогирд анъа­насини йўлга қўйишда динни ва миллий маънавиятни англаш масъулиятидан келиб чиқиб, ўтган улуғларимизнинг ўгитлари, панд-насиҳатлари ва ҳикматларини кундалик ҳаёт тарзимизда дастуриламалга айлантиришдан иборат.

Айтмоқчи бўлган фикрим шуки, бугунги шогирд устозидан қандай қилиб алдашни, ўмаришни, ўғирлашни, ёлғон гапиришни, ҳақоратлашни, фитна ва туҳмат уюштиришни, мунофиқлик қилишни, мансаб­га шайдо ва ҳаромга ошно, ҳасадга мойил ва талантга тўсиқ бўлишни эмас, балки тўғрилик ва ҳалолликни, инсоф ва диёнатни, ҳақ сўз ва ҳақиқатни, одамгарчилик ва бағрикенгликни, илм-маърифат ва маънавиятни, истеъдод ва ноёб қобилиятни қўллаб-қувватлашни, мансабни масъулият деб билишни ўргансин. Шундагина устоз-шогирдлик анъанаси беғубор, мустаҳкам, оқибатли бўлади ва яхши самара беради.

Иброҳим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган

журналист