2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОТГАН ЎҚИ БЕҲУДА КЕТМАЙДИГАН – САКЛАР

Саклар. Ушбу қабила тарихда шунчалар машҳурки, ҳатто қудратли мамлакатлар шоҳлари ҳам улар билан бўлган жангларда катта талафотлар кўриб, мард жангчи йигит-қизларнинг маҳоратига тан беришган. Чунки ўз Ватанини сакларчалик сўнгги қони қолгунча ҳимоя қилиб яшаган халқ тарихда кам учрайди.

Фахриддин Ҳасановнинг «Турон халқлари ҳарбий санъати» китобида келтирилган маълумотлар асосида ушбу халқлар тарихига назар ташлаймиз.

«Сака» – «буғу» дегани

«Саклар» атамасининг этимологиясига келсак, қадимда турли ҳайвонлар тасвири билан ишланган олтин буюмлар ушбу қабиланинг тотеми белгиси бўлган. Геродотнинг ёзишича, саклар скиф қабилаларидан бўлиб, форслар барча скифларни «саклар» деб атайдилар. «Saka» атамаси билан Олд Осиё­да барча скиф қабилалари аталиб, бу атама «буғу» маъносини анг­латган. Кейинги даврлардан маълумки, туркий халқлардан бўлган қирғизларнинг тотеми ҳам она буғу бўлган.

Сак жангчиларининг қалин кигиздан тикилган, тепаси учли, чўққи қалпоқлари бўлган. Улар ўзлари тайёрлаган камон ва ханжар (ақинак) билан, шунингдек, ойболталар (сагарислар) билан қуролланганлар. Саклар ўзларининг моҳир тирандозлари, суворийлари билан бутун Шарқда машҳур эди.

Чўққи қалпоқли саклар

Атоқли ўзбек археологи Я. Ғуломов сакларнинг жойлашган ерларини қуйидагича тақсимлаган:

1. Сака тиа-тара дарайялар («Дарё ортидаги саклар») – Сирдарёнинг қуйи оқимида ва ғарбга томон Осиё  билан Европа чегараларигача жойлашганлар.

2. Сака тиграхаудалар («чўққи қалпоқли саклар») – Сирдарёнинг ўрта оқими бўйлаб Олтой чегарасигача бўлган жойларни ишғол қилганлар.

3. Сака хаомаваркалар – (маст қилувчи муқаддас ичимлик – «хаома» тановул қилувчи саклар). Улар Ҳиндикушгача бўлган Ўрта Осиё тоғлари ва текисликларида истиқомат қилган.

Саклар стратегияси

Милоддан аввалги VII асрдаёқ сак қабилаларида ҳарбий демократия органлари: қабилалар йиғини, бошлиқлар кенгаши мавжуд бўлган. Уларнинг асосий вазифаларидан бири уруш олиб бориш масаласи эди. Шу муносабат билан сакларда уруш илоҳига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилган, унга кўплаб қурбонликлар қилинган.

Скифларнинг жанговар тартиби, тўдалар (уруғ бўлинмалари)дан ташкил топиб, улар бир қатор бўлиб саф тортишган. Бир неча бўлинма пистирма учун олдинга юборилган ва рақиб тазйиқига дуч келган ҳарбий қисмларга кўмаклашиш учун захирада сақланган. Жанговар сафнинг неча қатор бўлиши ноаниқ бўлиб, сафнинг олд томони текис, зич, пона шаклида бўлишига катта эътибор берилган. Жангни отлиқлар саф бўлиб олиб боришган ва ҳеч қачон отдан тушиб, пиёда жанг қилишмаган.

Саклар стратегияси кучлар муносабатига тўғри баҳо бериш ва уни ўз фойдасига ҳал этишга интилиш билан тавсифланади. Агарда душман сон жиҳатдан устун бўлса, скифлар жанг қилиб ўтирмасдан ўз ҳудудлари ичкарисига атайин чекинганлар. Қачонки душман ҳолдан тойиб, руҳан тушиб кетгач, саклар унинг чекиниш йўлларини тўсиб, тор-мор қилишга интилганлар. Шундай қилиб, саклар биринчилардан бўлиб кучлар нисбатини ўз фойдаларига ҳал қилиш учун стратегик мақсадда чекиниш усулини қўллаганлар.

Саклар биринчи бўлиб қўшинни икки, ўзаро ҳаракат қилувчи бўлинмаларга ажратганлар: бир бўлинма ҳужум қилаётган душманга рўбарў чиққан, иккинчиси душман чекингудек  бўлса, унинг қанотлари ва орқа томонига зарба беришга тайёр ҳолда турган. Мамлакат ичкарисига чекинаётган вақтларида скифлар мунтазам равишда душманга ҳамла қилиб турганлар, унинг озиқ-овқат захираларини йўқ қилиб, подасини ҳайдаб кетганлар, отларини эса ўт-ўлансиз қолдирганлар. Саклар уруш олиб боришнинг шундай усулини қўллашганки, қадимги юнон-рим муаллифлари унга «кичи куруш» деб ном қўйганлар. Улар пистирма қуриб, душманга қўққисдан ҳамла қилиб, доимо уларни танг аҳволга солганлар.

Саклар – дунёда энг моҳир камончи мерганлар

Геродот скифлар ҳарбий санъатини тавсифлар экан, шундай ёзади: «Улар шундай жойлашадиларки, юртига кирган ҳар қандай душман орқасига қочиб ҳам қутула олмайди. Чунки скифларнинг шаҳар истеҳкомлари йўқ, уй-жой, кўч-кўронларини ўзлари билан олиб юрадилар, уларнинг барчаси – камончи-чавандозлар. Скифлар егулик нарсаларини деҳқончилик орқали эмас, чорвачиликдан оладилар ва уйларини араваларга ўрнатишган. Қандай қилиб улар ғолиб ва мустаҳкам бўлмасинлар».

Сак суворийлари жанг пайтида орқага ўгрилиб ҳам бехато отар эдилар. Улар «дунёда энг моҳир камончи мерганлар, отган ўқи беҳуда кетмайдиган мерганлар» деган шарафли мақтовга сазовор бўлганлар.

Барча эркаклар жангчи бўлган

Сакларда барча эркаклар жангчи бўлган. «Скифлардаги байрамларнинг бирида, – деб ёзади Аристотель, – агарда кимда-ким биронта душманни ўлдирмаган бўлса, унга давра қадаҳини тутмаганлар».

Геродотнинг сўзларига қараганда, скифлар жангчиси жангда ўлдирган душманининг миқдорига қараб ўз улушини олган, бунинг далили сифатида у подшоси ҳузурига уларнинг каллаларини олиб борган.

Сакларнинг асосий қуроли камон ва узун найза бўлган. Уларнинг камони икки ўроқсимон қисмдан иборат бўлиб, тўғри туташтирилиб бирлаштирилган. Пайконлар турли шакл­да бўлиб, кўпинча улар илон заҳри билан шимдирилган. Саклар камон ва найзадан ташқари калта шамшир ва арқон билан ҳам қуролланган. Жангчиларда қалқон, танга қопланган совут ва темир қалпоқ каби мудофаа аслаҳалари ҳам бўлган.

Душманни ўлдирмагунча биронта ҳам қиз турмушга чиқмайди

Қадимги тарихчилар сарвоматлар ва сак қабилаларида аёлларнинг юқори мавқеи ва жангларда иштирок этишлари ҳақида гапириб, уларнинг ёшига ҳам эътибор берадилар. «Душманни ўлдирмагунча биронта ҳам қиз турмушга чиқмайди», деб ёзади Геродот.

«Уларнинг аёллари от минишади, камондан ўқ узишади ва отда туриб калта найза улоқтиришади, қизлик даврларида душманлар билан жанг қилишади. Учта душманни ўлдирмагунларича қизлик ҳолида қоладилар», деб хабар берилади тарихий манбаларда. Умуман олганда, аёлларнинг ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши қачонки эркаклар олис сафарларга кетиб, жангчилар қолмаганда ёхуд сон жиҳатдан ортиқ душман ҳужум қилганда ва бошқа зарур ҳолатлардагина рўй берган.

Қора денгиз бўйидаги хазина

Қора денгизнинг шимолий соҳилларидаги антик шаҳарлар саклар томонидан бунёд этилган. Милоддан аввалги IV асрда саклар давлати ташкил топган. Гот қабилалари бу давлатни тор-мор этгач, саклар бошқа қабилаларга аралашиб кетган. Саклардан кўплаб мозорқўрғонлар, шаҳар харобалари сақланиб қолган. Уларнинг «Ҳайвонлар (жониворлар) тасвири услуби»да ишланган кўплаб олтин, кумуш буюмлари Қора денгиз бўйидаги шоҳ саклар мозорқўрғонларидан топилган. Улар бутун жаҳонга машҳурдир.

Бобур ЭЛМУРОДОВ тайёрлади.