2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ВАТАН – МУҚАДДАС, УНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ШАРАФЛИ БУРЧДИР!

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Сурхондарё вилояти кенгаши тизимида 1 та вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази, 2 та автомобиль мактаби ва 12 та ўқув спорт техника клуби фаолият олиб бормоқда.

Ҳар йили Қуролли Кучларимиз учун 100 дан ортиқ ҳарбий-техник мутахассис – «ВС» тоифали автомобиль ҳайдовчилари ва алоқа линия назоратчиларини тайёрлаётган  вилоят кенгаши муассасалари ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшлар ва фуқаролар ўртасида ҳарбий хизмат ва касбни тарғиб этиш борасида ҳам талай ишларни амалга оширмоқда. Яқинда Термиз шаҳридаги «Ёшлар маркази» ва «Алпомиш» ўйингоҳида ўтказилган маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари фикримизнинг исботидир. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Сурхондарё вилояти кенгаши ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остида бўлиб ўтган тадбирларда юзлаб ўқувчи ёшлар, ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Ўзига хос беллашув ва мусобақалар, учрашув ва давра суҳбатлари тарзида ўтказилган тадбирларда айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта таассурот қолдирди.

Вилоят кенгаши тизимидаги муассасаларда спортнинг техник ва амалий турларига кирувчи «Картинг», «Мотокросс», «Ёзги биатлон», «Ҳаво милтиғидан ўқ отиш», «Ҳарбий-амалий кўпкураш», «Триатлон», «Дуатлон», «Авиамодель» ва «Ракетамодель» спорт турлари бўйича 53 та спорт секцияси мавжуд бўлиб, унда 10 ёшдан 21 ёшгача ва ундан катта бўлган минг нафардан ортиқ ўғил ва қиз шуғулланишади.

Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини ва оммавий касбларнинг бошқа турлари мутахассисларини тайёрлаш (қайта тайёрлаш)ни ташкил этиш бўйича ҳам самарали фаолият юритиляпти. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойида халқ хўжалиги учун 4676 нафар мутахассис тайёрланди.

Ёшлар ва фуқароларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш ишларини янада жонлантириш, зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилда Сурхондарё вилояти кенгаши тизимидаги ташкилотларнинг бинолари қайта таъмирланиб, замон талабига мос келадиган ўқув қуроллари ва анжомлари билан жиҳозланди. Қуйи ташкилотларга автотренажёрлар, 179 дона компьютер жамланмаси, 13 дона видеопроектор, 39 дона маркерли доска харид қилинди. Тўлиқ аудио, видео кузатув мосламалари ўрнатилди.

 Қисқача айтганда, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Сурхондарё вилояти кенгаши жамоасининг амалий саъй-ҳаракатлари ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, улар орасида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, маънавий-маърифий тадбирлар орқали фидойи, ватанпарвар юртдошларимиз сафини кенгайтиришга қаратилгани билан эътирофга сазовор.

МК «Ватанпарвар»  ташкилоти Марказий кенгаши

матбуот хизмати