2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ЎЗБЕКИСТОН МУДОФАА ВАЗИРЛИГИНИНГ БАЙРОҒИ ВА ЭМБЛЕМАСИ ТАСДИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Президенти 27 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг байроғи ва эмблемасини таъсис этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги байроғи тўғри тўртбурчак шаклидаги кўк рангли мато кўринишига эга. Байроқдаги кўк ранг ҳокимият, улуғворлик, қадр-қиммат, куч ва қудратни ифода этади. Байроқнинг олд ва орқа томони марказида геральдик белги – Мудофаа вазирлигининг эмблемаси тасвирланган.

Байроқнинг узунлиги 250 сантиметр, эни – 125 сантиметрга тенг. Бошқа ўлчамларда бўлганида байроқнинг узунлиги ва кенглиги нисбати 1:2 ни ташкил этиши лозим.

Мудофаа вазирлигининг геральдик белгиси – эмблемаси эса сариқ ва кўк рангли айлана тасмаси бўлган сариқ рангдаги доирадан иборат.

Айлана тасманинг юқори қисмида сариқ рангли бош ҳарфлар билан лотин алифбосида «O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI», пастки қисмида – «MUDOFAA VAZIRLIGI», деб ёзилган.

Эмблеманинг ички қисмида қадимдан давлатчилик, баркамоллик, бирлик ва лашкар рамзини англатувчи, шунингдек, Шарқ меъморчилигининг асосий элементи бўлмиш саккиз қиррали юлдуз жойлашган. Юлдузнинг бурчаклари ўртасида заррин нурлар тарамлари мавжуд.

Саккиз қиррали юлдузнинг ўртасида отда савлат билан ўтирган буюк саркарда Амир Темур тасвирланган. Фон ва фигура минтақамизга хос бўлган, шунингдек, куч ва қудрат рамзи ҳисобланувчи заррин рангда бажарилган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати