2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ТОШКЕНТ ҲАРБИЙ ОКРУГИ

26 ноябрь тонги. Кутилмаганда Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларининг жанговар тайёргарлигини комплекс текшириш мақсадида «Тревога!» сигнали берилди. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, республикамизда бугунги кунгача бундай кенг кўламли тўсатдан текширув ўтказилмаганди.

Сигналдан сўнг Мудофаа вазирлиги марказий аппарати, барча ҳарбий округ ва бўлинмаларда зарур ташкилий ишлар амалга оширилди. Комплекс текширувлардан асосий мақсад Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларнинг жанговар шайлигини ҳамда белгиланган муддат ичида юклатилган вазифаларни бажариш имкониятларини баҳолаш, ўтказилаётган ҳарбий ўқувларда командирлар таркибининг жанговар топшириқларни бажариш, ҳужжатлар билан тўлиқ ва ўз вақтида ишлаш кўникмасини синовдан ўтказишдан иборатдир. Тизимли олиб борилган машғулотларда ҳаво-десантчилари, артиллериячилар, мотоўқчилар, танкчилар, махсус операция кучлари ҳамда Ҳарбий ҳаво кучлари бўлинмалари ҳам иштирок этди. Барча ҳарбий округлар, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларида мазкур жараён қандай кечганини мухбирларимиз кузатди. Навбатдаги саҳифаларда бу ҳақда танишасиз.

Тошкент ҳарбий округида ҳам барча ҳарбий қисм ва муассасалар шай ҳолга келтирилиб, стационар бошқарув пунктлари ташкил этилди. Мобил бошқарув пунктлари фаолият юритди. Асосий эътибор қўшинларни барқарор ва узликсиз бошқаришни ташкил этиш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилди. Хавфсизлик қоидаларига, ҳарбий техника ва қуролларнинг созлигига қатъий риоя қилинди.

Шартли душманга қарши тезкор ҳаракатни амалга оширган ҳарбий хизматчилар ўзларининг юксак профессионал маҳоратини амалда намойиш қилдилар. Жанговар ҳаракатларни бажаришда белгиланган пунктларга шахсий таркиб ҳамда ҳарбий техникаларнинг автомобиль ва темирйўл техникаси ёрдамида олиб ўтилиши билан қўшинларнинг тезкорлиги ва юқори жанговар шайлиги намойиш этилди. Ватан ҳимоячилари ўқув-жанговар топшириқларни муваффақиятли амалга ошириш орқали, ностандарт вазиятларда тўғри ва тезкор қарорларни қабул қилишга, ҳар қандай душманга муносиб зарба беришга тайёр эканликларини кўрсатдилар.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ