2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ЖАНУБИ-ҒАРБИЙ МАХСУС ҲАРБИЙ ОКРУГ

Ҳорғин қиёфадаги мамнунлик

Жанговар пиёдалар машинаси ҳайдовчиси кичик сержант Шукрулло Усмонов ўқув тревогаси янграши билан белгиланган жанговар вазифани бажаришга киришди. Тун ҳали тонгга таслим бўлмаган. Изғирин шабада эсиб турибди. Қудратли техника мотори товуши сукунатни тезроқ уйғотмоқчидек.

Кичик сержант ўзига бириктирилган жанговар техникасига ишонади. Қисмга етиб келганида командири айтди: «Жанговар шайлигимизга бугун баҳо берилади. Халқимиз, Президентимиз олдида муҳим имтиҳондан аъло даражада ўтишимиз керак. Негаки биз улуғ аждодлардан қолган муқаддас заминнинг ҳимоячиларимиз».

 Мана шундай руҳ билан йигит Ватан олдидаги бурчини бажарди. Бундай мардларга Ватанни қандай севиш керак, деб савол берманг. Жанговар ҳаракатларни бажариб бўлганидаги ҳорғин қиёфасига қаранг. Мамнунлик ифодасини кўрасиз. Юрт тинчлигини асрашдек машаққатли, шарафли ишдан ҳосил бўлган мамнунлик.

Взвод командири капитан Мавлонбек Каримов ҳозирча кичик сержант Шукрулло Усмонов ва сафдошларига ўз баҳосини қўйди: «Баракалла, йигитлар!» Ватан буюрган ишни дўндирганларга ярашади-да бу баҳо.

Майор Умид Эшонқулов командирнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари. Инновацион ғояларга бой офицер. Дала шароитида янги шаклдаги кинотеатр барпо этди. Посбонлар жанговар ўқув машғулотларидан кейин мириқиб дам олишди. Офицернинг бу янгилиги эътирофга сазовор. Касбига, Ватанига муҳаббати бор инсон қалбида ўт бўлади. Гап мана шу оловда.

Руҳи баланд танкчилар

Полковник Шавкат Нормирзаев командирлик қилаётган қисм танкчилари ҳам уюшқоқлик билан ҳаракат қилишди. Танклар ёрдамида белгиланган ҳудудга чиқилди. Қўйилган тезкор вазифа уддаланди.

Танк командири сержант Сардор Тилаков ҳақиқий сардор экан. Экипажини гўё бир мушт дейсиз. Жанговар вазифа уларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

Мўлжалга олувчи шартнома бўйича ҳарбий хизмат оддий аскари Элбек Қосимовдаги шиддат, шижоат бошқаларга ҳам юқди. Нишонни аниқ мўлжалга олишда гап кўп-да.

Батальон командири майор Журъат Дониев таҳлилга киришди. Шахсий таркибнинг юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилиши ва белгиланган вазифаларни бажариш имкониятлари қандай бўлди? Натижалар ёмон эмас. Шижоат, қатъият ўз сўзини айтди. Чарчоқ бўлса-да, шахсий таркибнинг руҳи баланд. Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни адо этишдан ҳосил бўлган руҳият.

И. ҚУРБОНОВ