2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОРЗУЛАРГА ҚАНОТ БЎЛГАН САЁҲАТ

Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган подполковник Бобуржон Тангриев командирлик қилаётган ҳарбий қисмда Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни муносабати билан ўқувчи ёшлар учун «Миллий армия – ёшлар учун жасорат, матонат ва қаҳрамонлик мактаби» шиори остида очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Тадбирда қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари капитан Фаррухбек Сотволдиев ва Олот тумани мудофаа ишлари бўлими чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш бўлинмаси бошлиғи Қуролли Кучлар хизматчиси С.Бебутов ўқувчи ёшларга истиқлол йилларида миллий армиямизда амалга оширилган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, имтиёзлар ҳақида, шунингдек, мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасалари ва уларга ўқишга кириш тартиби хусусида батафсил маълумот беришди.

 Ўқувчилар саёҳат давомида ҳарбий қисмдаги ўқув хоналари, ошхона, ётоқхона, муҳандислик шаҳарчаси, компьютерлаштирилган отиш тренажёрларида бўлиб, ҳарбийлар ҳаёти ва хизмат фаолияти билан яқиндан танишишди.

Тадбир давомида турли ўқ­отар қуролларнинг намуналари ҳамда ҳарбий техникалар ҳам намойиш этилди.

– Тадбирдан катта таассурот олдим. Мен ҳам келажакда ҳарбий бўлмоқчиман. Юртимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш, унга садоқат билан хизмат қилиш – олий мақсадим, – дейди ўқувчи ёшлардан бири Бойхон Пўлатов. Шунингдек, ўқувчилар Даврбек Рўзиев, Қувончбек Бешимов, Хуршид Толибжонов, Маҳмуд Жумаев, Алпомиш Ҳамроев ҳам ҳарбий либослари ўзларига ярашиб турган акалари сингари ҳарбий бўлиш ниятида эканлигини айтишди. Бир сўз билан айтганда, «Ватан ҳимояси – шарафли ва муқаддас бурч» деган эзгу ғояни ўзида мужассамлаштирган ушбу тадбир эртамиз давомчилари бўлган ёшларимизнинг қалбида мардлик ва она Ватанга садоқат, миллий армиямиз билан фахрланиш ҳамда юрт эртасига дахлдорлик ҳисси билан яшашдек юксак туйғуларни шакллантиргани ва мустаҳкамлангани билан бир қаторда яна янги орзу-ниятларнинг барқ уришига ҳам туртки бўлди.

Подполковник Мансур ХОЛМУРАТОВ,

Олот тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи