2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

КУЧ – БИЛИМ ВА ТАФАККУРДА

Интеллектуал жиҳатдан юксак, аналитик ва стратегик фикрлаш қобилиятига, жанговар ҳаракатларни моҳирлик билан режалаштириш салоҳиятига эга, қўл остидаги бўлинмаларни самарали бошқариш, уларда соғлом ахлоқий-руҳий муҳитни қарор топтиришга қодир бўлган профессионал ҳарбийларни шакллантириш бу – бугуннинг талаби. Шунинг учун ҳам ҳарбий хизматчиларни ўқитиш, уларни профессионаллик жиҳатдан қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳа ривожланишининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Қуролли Кучлар академиясининг малака ошириш факультети шундай шарафли вазифани адо этишга муносиб ҳисса қўшаётган таълим даргоҳи саналади.

Яқинда ушбу факультетнинг қўмондонлик таркибига мансуб офицерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш олий курсида таҳсил олган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг навбатдаги битирувига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тантанада Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов ва Қуролли Кучлар академияси профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан А. Рафиқов юрт ҳимоясидек шарафли ишга умрини бахшида қилган йигитларнинг мардлиги, жасорати, матонати аждодлардан мерос эканлигини эътироф этиш баробарида улуғ аждодларимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Алишер Навоийнинг Ватан ва ватанпарварлик туйғуси тараннум қилинган ғазалларидан намуналар ўқиди. Битирувчиларнинг устозлари эса юксак назарий ва амалий билимга эга бўлган ҳарбий хизматчилар ўз билими, малакаси ҳамда маҳорати билан Қуролли Кучларимиз сафларидан муносиб ўрин эгаллаётганини таъкидлаб ўтди ва шогирдларини ҳаётларидаги ушбу унутилмас кун билан самимий қутлади.

Шундан сўнг Қуролли Кучлар академияси бошлиғининг буйруғи ўқиб эшиттирилди ва битирувчиларга тантанали равишда сертификатлар топширилди. Таҳсил давомида юксак натижаларга эришган, битирув имтиҳонларини муваффақиятли топширган, аълочи, уюшқоқлиги ва фаоллиги билан алоҳида намуна кўрсатган бир гуруҳ тингловчиларга миннатдорчилик эълон қилинди, фахрий ёрлиқ топширилди.

Шу куни ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажараётган, академиянинг илмий салоҳиятини кўтаришда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган, ҳарбий-илмий тадқиқот ишларида фаол иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари ҳам рағбатлантирилди.

– Биз олти ой давомида ўз соҳасининг билимдони бўлган мутахассислардан сабоқ олдик. Машғулот ва дарслар нафақат Қуролли Кучлар академияси, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби каби нуфузли олий таълим даргоҳларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан ўтилди, – дейди подполковник Андрей Цветаев. – Машғулот жараёнига замонавий илғор педагогик технологияларнинг татбиқ этилгани ва интерфаол усуллардан фойдаланилгани сабоқларни янада самарали ва чуқур ўзлаштиришимизга замин яратди. Энг асосийси, билимларимиз ошди, маҳоратимиз сайқалланди. Эндиликда эгаллаган билим ва ўзлаштирган кўникмаларимизга таянган ҳолда янада куч-ғайрат билан хизмат қиламиз.

Г. ҲОЖИМУРОДОВА