Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ ОРЗУСИ – «ОЛТИН»

Ёшлигидан кўпчилик унга улғайиб, жуда ҳам машҳур бўлиб кетасан, сени нафақат юртимизда, балки дунёда танишади, деб кўп гапиришган. Одамларни фақат битта нарса таажжублантиради: ҳофиз Шерали Жўраев шу ёшга кириб ўзини спортда синаб кўргиси келиб қолди-ми?! Ҳазилнамо айтилган сўзлар вақт ўтиб ҳақиқатга айланди.

Тахмин қилганингиздек, қаҳрамонимиз Шерали Жўраев бутунлай бошқа инсон. У 1986 йили Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Тўра полвон Жўраев хонадонида туғилган. 5 ўғилнинг онаси Муҳтарама Юсупова ҳаш-паш дегунча келин тушириб, неваралик ҳам бўлди. Бу оралиқда ўғилларининг ютуқларидан қанча қувонди. Ўғлонларига оқ фотиҳа берган полвон отанинг фахрини ўзингиз ҳис қилаверинг.

Тумандаги 76-жисмоний тарбия мактаб интернатида таҳсил олган Шерали ёшлигидан миллий курашга қизиқди. Отасининг, устозлари Дилшод Бердиев, Омон Тоймуродовнинг ўгитларини жон қулоғи билан тинглади, айтганларига риоя қилди. Укалари Илҳом ва Шоҳруҳ Жўраевларнинг ҳам спортга ҳавас ва қизиқишини алангалатиб юборди.

Вақт ўтиб устози Фарҳод Тўраев мураббийлигида дзюдо машғулотларига қатнай бошлади. Ўз ўрнида олий таълимдаги таҳсилни ташлаб қўймади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети(аввалги институт)нинг бакалавр ва магистратура босқичини тамомлади. Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам (бакалавр) таҳсил олиб, бу борадаги билимларини бойитди.

Айтганча, спорт устаси Шерали Жўраев 2008 йили Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Айни пайтда Мудофаа вазирлиги спорт клубининг фаол аъзоси. 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтказилган Олимпия ўйинларида 90 кг вазнда дзюдо бўйича бронза медални қўлга киритди. Жорий йили Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларидан ҳам спортнинг ушбу тури бўйича бронза медаль билан қайтди. Шаҳрисабзда кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнирнинг мутлақ вазн тоифасида Шерали Жўраев ғалаба қозониб, олтин медаль ва Президент соврини – 10 минг АҚШ долларини қўлга киритди.

Барча ютуқларини санайверсак интернет имкониятларидан унумли фойдаланадиган ўқувчиларимизни зериктириб қўямиз. Қидирувга берсангиз минглаб маълумотлар чиқиб келади. Фақат ҳофиз ва спортчи Шерали Жўраевни ажратиб олсангиз бас. Фақат битта сирни айтишимиз мумкин, спортчи Шерали Жўраев Японияда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиш ниятида тайёргарликни бошлаб юборган.

 Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры