2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЮТУҚЛАР ЎЗИМИЗНИКИ, КАМЧИЛИКЛАР ҲАМ

Ҳарбий қисм ва муассасалардаги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчилари ва йўналиш сардорларининг 2018 йил якунларига оид видеоселектор ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ҳарбий қисм ва муассасалардаги барча етакчилар ва йўналиш сардорлари, вилоят Ёшлар иттифоқи раислари ҳамда ҳарбий қисмлар бўйича бўлим мудирлари иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчиси подполковник Сардор Абдусаматов Мудофаа вазирлиги қўшинларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган ҳуқуқий норматив ҳужжатлар ва 2018 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, жойларда ҳамон камчиликлар мавжуд, уларни бартараф этиш чоралари, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида аниқ тавсиялар берилди.

– Ҳар бир етакчи йўл қў­йилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариши керак, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳарбий қисмлар билан ишлаш бўлими мудири подполковник Отабек Юлдашев. – Камчилик ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, келгусида уларнинг яна оёққа тушов бўлмаслиги учун биз ҳар қандай ёрдамга тайёрмиз. Фақат бунинг учун сизлар аниқ ва асосли таклифлар билан чиқсангиз бас.

Видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ва Ўзбекистон банклари Ассоциациясининг 2018 йил 16 октябрдаги «Муддатли ҳарбий хизматчилар билан тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш учун кредитлар олиш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини тушунтиришга қаратилган амалий машғулотлар ўтказиш тўғрисида»ги қўшма қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этиш мақсадида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши ва маҳаллий банк ходимлари билан ҳамкорликда ҳарбий қисмларда тузилган ўқув гуруҳларини ўқитиш жараёнини сифатли ташкил этиш, муддатли ҳарбий хизматчиларни тест синовларига тайёрлаш ва ўрнатилган тартибда сертификатларни топшириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Қўшинларда бошланғич ташкилот тизимида ёшларнинг қизиқиши ва таклиф-истакларидан келиб чиқиб, янги йўналишлар, тўгарак ва клублар ташкил этиш борасида ҳам таклифлар илгари сурилди.

Йиғилишда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари билан иш олиб бориш, ҳарбий қисмда ўтказилаётган маданий-маърифий ва бошқа тарбиявий аҳамиятга молик тадбирларда уларнинг иштирокини таъминлаш, ёш ҳарбий хизматчилар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш, муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими бўйича юқори қўмондонликка таклифлар киритиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Исломжон НОРМАМАТОВ

 

Информеры