Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ФАОЛ ФАХРИЙЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

«Шундай қилиб сардор ақлу тадбиркорлик билан иш юритиб, шошма-шошарлик қилмасин, чунки шошқалоқлик шайтоннинг ишидир. Чораси бўлмаган ишга киришмасин, чунки ундан қутулиб бўлмайди.

«Темур тузуклари»дан»

Бир ҳамкасбимиз ёзибди: «Яқин танишимиз чет элда тўрт ой бўлиб қайтди. У катта шаҳарлардан бирида метрога тушганда ёши улуғроқ кишига жой бўшатиб, илтифот кўрсатибди. Бояги кекса киши бу ҳолдан каловланиб қолибди. У танишим бўшатиб берган жойга қайта-қайта таъзим қилиб, миннатдор бўлиб ўтирибди. Метро вагонидаги бошқа йўловчилар эса танишимга худди ўзга сайёраликни кўргандек ҳайрон бўлиб тикилиб қолишибди»...

Бу ҳолат балки бошқалар учун ҳайратланарли кўринар, лекин биз учун табиий ҳол. Ҳа, кексаларни қадрлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш борасида бизнинг халқимиздек бағрикенг, меҳр-мурувватли ва оқибатли халқ бўлмаса керак. Бу аввало, оилада, фарзандларнинг ота-онага ғамхўрлиги, меҳрибонлигида ҳам ўз ифодасини топади. Умуман олганда хоҳ оилада бўлсин, хоҳ кўча-кўйда катта-ю кичик ёши улуғ инсонларга ҳурмат-иззат кўрсатади, уларнинг ҳикматга, ибратга бой умридан ўрнак олишга ҳаракат қилади, панд-насиҳатларига амал қилиб яшашга интилади. Асрлар давомида шаклланиб, қадрият даражасига кўтарилган бундай муносабат бугунги кунга келиб ислоҳотларнинг узвий йўналишига айланди. Эндиликда нуронийларимиз, фахрийларимиз нафақат оила, маҳалла-кўй юмушлари, балки жамоат тадбирларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Қуролли Кучлар давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган байрам тадбирида бутун республикамиз бўйлаб ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда жонбозлик кўрсатаётган, улкан ҳаётий тажрибаси билан ҳарбийликнинг нечоғлиқ шарафли касб эканлигини ёшлар қалбига сингдираётган, матонатли тақдири тимсолида уларни она юрт тақдирига дахлдорликка даъват этаётган ана шундай фаол Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича марказий кенгаш раиси полковник С. Шарипов фахрий мақомига эришганида ҳам юрт тақдирига бефарқ бўлмаган, ҳамон олдинги сафларда турган инсонлар шаънига илиқ фикрлар айтди. Айниқса, уларнинг Мудофаа вазирлиги қўшинларида устозлик руҳини, авлодлар алмашувини қўллаб-қувватлаш, энг яхши анъаналарни сақлаш ва давом эттириш борасидаги муносиб хизматларини алоҳида эътироф этди.

Тантанада энг фаол ва ташаббускор бир гуруҳ Қуролли Кучлар фахрийларига мудофаа вазирининг «Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

– Камтарона хизматим шундай юксак баҳоланганидан жудаям хурсандман, – дейди истеъфодаги майор Ўрозбек Усмоналиев. – Кўп йиллар Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилдим. Айни вақтда Сирдарё вилояти Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ташкил қилинган махсус гуруҳ раҳбариман. Бугун мен учун икки карра қувончли кун бўлди. Ҳозиргина шогирдларимдан хушхабар эшитдим. Улар Тошкент ҳарбий округи миқёсида ўқувчи ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақада фахрли 2-ўринни қўлга киритибди. Ўқувчиларимнинг ютуғи – менинг ҳам муваффақиятим. Бўлажак жасур Ватан ҳимоячиларини тарбиялаш, шу орқали Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашга оз бўлса-да ҳамон ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман...

Шу куни музейнинг мажлислар залида фахрийлар ишлари бўйича кенгаш раислари йиғилиши бўлиб ўтди. Мулоқотда шу вақтгача кенгаш томонидан қилинган ишлар таҳлил қилинди, айни вақтда кенгаш олдида турган вазифалар белгиланиб, ҳарбий хизмат мавқеини янада ошириш, ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий сифатларини тарбиялашга қаратилган ишларда фахрийлар ишлари кенгаши аъзоларининг иштирокини, фаоллигини ошириш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Гулнора ТУРСУНБОЕВА

 

Информеры