2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРМИЯ ВА ЁШЛАР МУШТАРАК

Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ҳамда Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицейнинг махсус гуруҳ ўқувчилари Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган очиқ эшиклар кунида иштирок этди.

Ўқувчи ёшлар академияда ҳар томонлама мукаммал ҳарбий кадрлар тайёрлаш учун яратилган шароитлар билан танишди.

– Ушбу экскурсия бизда катта таассурот қолдирди, – дейди коллеж ўқувчиси Боймуҳаммад Омонбоев. – Бу олий ҳарбий таълим муассасасида юқори даражада таълим олиш учун барча имконият муҳайё экан. Курсант акаларимизга ҳавасдамиз. Мен ҳам келгусида ушбу таълим даргоҳида таҳсил олишни олдимга мақсад қилдим.

***

Шу куннинг ўзида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 18-умумтаълим мактабида ҳам маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қуролли Кучлар академияси офицерлари полковник Бобур Неъматов, подполковник Дилшод Алимбеков, мактаб директори Искандар Тожиев, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси захирадаги майор Искандар Ходжаев ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат билан хизмат қилиш, миллий манфаатларимиз ҳимоячиси бўлишнинг нақадар шарафли эканлиги хусусида сўзлади.

– Мактабимизда ҳарбийлар иштирокидаги тадбирлар доим қизиқарли бўлади, – дейди 7-синф ўқувчиси Руфия Солибоева. – Уларнинг ҳарбий-ватанпарварлик, юртга садоқат ҳақидаги маърузаларини тинглагач, айниқса, ўғил болаларимизда кўплаб саволлар туғилади.

Тадбир ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқларга уланиб кетди.

А. ОЧИЛОВ

Информеры