Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ИЛДИЗ МУСТАҲКАМ БЎЛСА

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани мактабгача таълим бўлими томонидан туман мудофаа ишлари бўлими ҳамкорлигида мактабгача таълим муассасалари (МТМ) тарбияланувчилари ўртасида «Мен ҳам Ватан ҳимоячисиман» шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик бадиий-эстетик тадбири ўтказилди.

Юнусобод туманида 50 дан ортиқ мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Ана шулар ичидан сараланган 519, 554 ва 235-МТМ тарбия­ланувчилари уч шарт бўйича ўзаро беллашишди.

Ҳарбий дала-ўқув машғулотларида жанговар тайёргарликдан ўтган, ҳарбий хизмат машаққатларида тобланган йигитларни кўрганингизда қалбингизни ғурур ва ифтихор туйғуси қанчалик чулғаган бўлса, боғча тарбияланувчиларининг ҳарбий йўналишдаги саҳна кўринишлари ҳам йиғилганларни ана шундай ҳаяжонга ошно этди.

– Ушбу тадбирни келгусида бутун республика бўйлаб ўтказиш ниятидамиз, – дейди майор Суҳроб Худойқулов. – Айнан боғча ёшидаги болалар ўртасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар она Ватанни севадиган, уни ҳимоя қиладиган ва юрт учун ҳар қандай машаққатдан чўчимайдиган мард, жасур йигит-қизларнинг камол топишига асос бўлади. Ҳарбий-ватанпарварлик, аввало, боғчадан бошланиши керак. Бир сўз билан айтганда, илдиз қанчалик мустаҳкам бўлса, у шунчалик баланд ва довулга-да дош бера оладиган дадил дарахтга айланади.

554-МТМ тарбияланувчиси Азизбек Салоҳиддинов чегара мавзусида чизган расмини таърифлар экан, шундай дейди:

– Бувим дуо қилганларида доим «чегарамиз мустаҳкам бўлсин», дейди. Мен катта бўлсам, чегарачи бўламан. Чегарамиз мустаҳкам бўлса, ота-онам ишга тинч бориб келади, укам ва сингилларим ҳеч нарсани ўйламай боғчага боради.

Болалар жами уч: «Она Ватан» ёки «Қуролли Кучлар», «Ҳарбий-жисмоний машқлар бўйича ихтиёрий дастур» ва «Бадиий-эстетик чиқиш» шартлари бўйича беллашди. Якуний натижаларга кўра, «Пахтаой» номли 235-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари биринчи ўринни қўлга киритди. Иштирокчиларга танлов ташкилотчилари ва ҳомийларнинг совғалари тақдим этилди.

Танловда бевосита иштирок этиб, уни кузатган шоир Бобур Бобомурод айтганидек: «Юрак­лар ҳам қотиб кетган экан. Бугунги чиқишларни кўриб, ҳар бир иштирокчининг кўзига ёш қалқди. Раҳмат, сизга, ёш ватанпарвар болажонлар!..»

Қувончбек ҚИЛИЧЕВ

 

Информеры