Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ЎЗ ЎРНИДА ҚЎЛЛАНГАН ТАДБИР

Донишмандлар демишларким, ўз ўрнида қўлланган тадбир билан кўплаб лашкарнинг қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, фавж-фавж аскарларни енгиб бўлур.

Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши минглаб кишига иш буюради.

Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳининг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик, Тангрининг мадади ва бандасининг тадбири биландир. Чунончи, мен кенгашиб ва тадбир юритган ҳолда икки юз қирқ уч киши билан Қарши қалъаси устига юрдим. Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан қалъа ва унинг атрофини қўриқламоқда эдилар. Лекин Тангри таолонинг ёрдами етиб, ўзим қўллаган тўғри тадбирларим орқали Қарши қалъасини эгалладим.

Шундан сўнг Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан устимга бостириб келиб, мени Қарши қалъасида қамал қилдилар. Мен Тангрининг мадади ва иноятига ишониб, тадбиркорлик ва эҳтиёткорлик ишлатган ҳолда қалъадан чиқиб, қулай фурсатларда бир неча жангга кирдим. Пировардида шу икки юз қирқ уч йигитим билан ўн икки минг отлиқ ғаним лашкарини мағлубиятга учратдим ва уларни бир неча фарсанг ергача қувиб бордим.

Яна менинг тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси орқасида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир. Шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, айтганларидек, ҳар ишни қилишга киришар эканман, аввал обдон ўйлаб, амирларим билан кенгашдим.

Ишларимнинг барини кенгаш билан юргизиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатъий жазм, сабр-чидам кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоғини ўйлаб, ортини эсдан чиқармаган ҳолда охирига етказардим.

Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш аҳли бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасунлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасунлар.

Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири — тил учида айтилгани, иккинчиси — дилдан чиққани. Тил учида айтилганини шунчаки эшитардим. Дилдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.

Агар ғаним устига лашкар тортмоқчи бўлсам, уруш-ярашдан ўртага сўз ташлаб, амирларим кўнгилларининг бу икковидан қай бирига мойиллигини билишга интилардим. Агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим. Агар урушга мойил бўлсалар, унинг наф ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим; қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим.

Сипоҳни иккилантирадиган турумсиз кенгашни эшитишдан сақланардим. Кенгаш аҳлидан кимки куйиниб маслаҳат берса, қулоқ солардим, кимки оқилона гапларни мардларча кескинлик билан сўзласа, уни диққат билан тинглардим.

Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим.

Чунончи, Чингизхон авлодидан бўлмиш Туғлуқ-Темурхон Мовароуннаҳр мулкини босиб олиш қасдида қўшин тортиб, Хўжанд сувидан кечиб ўтгач, менга, амир Ҳожи барлос ва амир Боязид Жалойир номига ёрлиқ жўнатиб, унинг ҳузурига боришимизни талаб қилганди. Улар мен билан кенгашдилар: «Ўз эл-улуслари билан Хуросонга кетайликми ёки Туғлуқ-Темурхон қошига борайликми?». Мен уларга бундай йўл кўрсатдим: «Туғлуқ-Темурхоннинг ҳузурига борсангиз икки фойда, бир зиён бордир. Хуросон томонга ўтиб кетишнинг эса икки зиёни, бир фойдаси бордир».

Улар менинг кенгашимга кирмадилар ва Хуросон томонга кетдилар.

 Мен ҳам Хуросонга ёки бўлмаса Туғлуқ-Темурхоннинг олдига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пиримдан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: «Тўртинчи халифадан, унга Тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон — камон, ер — камон ипи, ҳодисалар ўқ-ёй бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи эса – буюк ва қудратли Худойи таоло бўлса, одамлар қаерга қочадилар? Халифа жавоб қилиб: «Одамлар Тангрининг қошига қочсинлар», – дебди. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ-Темурхоннинг олдига қочғил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олғил».

Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ-Темурхон қошига боришга аҳд қилдим.

«Темур тузуклари» китоби

асосида тайёрланди.

 

Информеры