2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РЕГБИ-15. ТОШКЕНТ ҲАРБИЙ ОКРУГИ ЖАМОАСИ – ЧЕМПИОН!

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамда Самарқанд кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази спорт базасида Ўзбекистон миқёсида эркаклар ўртасида регби-15 чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада жами 8 та жамоа 2 гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб борди. «А» гуруҳида Тошкент ҳарбий округи, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Қуролли Кучлар академияси ҳамда Мудофаа вазирлиги спорт клуби жамоалари ўзаро беллашган бўлса, «Б» гуруҳида Марказий, Шарқий ҳарбий округлари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоалари куч синашди.

Финал учрашуви эса Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти спорт майдонида Тошкент ҳарбий округи ҳамда Шарқий ҳарбий округ жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Юқори савиядаги ўйинни намойиш эта олган Тошкент ҳарбий округи жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, чемпион бўлди.

– Кўпчилик регбида фақат кучли спортчиларгина ғалаба қозониши мумкин, деб ўйлайди. Тўғри, жисмоний тайёргарлик муҳим аҳамиятга эга. Аммо регби жамоавий ўйин бўлиб, майдонда ҳар бир спортчининг ўз ўрни бор. Биз айнан яхши ташкил этилган жамоавий ўйин ва тезкор ҳаракатлар ҳисобига финалга йўлланмани қўлга киритдик, – дейди Шарқий ҳарбий округ вакили шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Руслан Матқурбонов.

– Финал икки жамоа учун ҳам муросасиз кечди. Совуқ ва ёмғирли ҳаво ҳам бизни курашишдан тўхтата олмади, – дейди Тошкент ҳарбий округи жамоаси вакили Жавлон Ражабов. – Финал босқичигача кучли тайёргарлик ва тинимсиз машқлар орқали етиб келдик. Жамоамизнинг ҳар бир аъзоси ғалаба учун ҳаракат қилди ва бунга эришди.

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғининг ўринбосари –  Ўзбекистон регби федерацияси раисининг биринчи ўринбосари полковник Шуҳрат Икрамов барча иштирокчиларни қутлаб, жамоаларнинг кейинги фаолиятида зафарлар тилади.

Чемпионат ғолиб ва совриндорлари кубок, диплом ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

А. ЎТКИРОВ

Информеры