2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ИШЛАР АЪЛОЧИСИ» ​КЎКРАК НИШОНИ

Президентимизнинг 2018 йилнинг 4 августида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар ва фуқароларни рағбатлантириш мақсадида 2018 йилнинг 15 декабрида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг «Маънавий-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Кимлар тақдирланади?

Қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган Низомга кўра кўкрак нишони билан:

ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар;

шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган шахслар ҳам тақдирланади.

Тартиби

Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар ҳақидаги маълумотлар ҳар йили 1 декабрга қадар Мудофаа, ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, шунингдек тегишли вазирлик, идора ва бошқа республика ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, 10 декабргача Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича республика идоралараро комиссиясига тақдим этилади. Комиссия хулосасани ҳар йили 3 январгача чиқариб, тегишлича вазирлик, идораларга юборади. Ҳарбий хизматчи ва фуқароларни тақдирлаш бўйича мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирларининг, давлат хавфсизлик хизмати раиси ва миллий гвардия қўмондонининг буйруқлари чиқарилади. Кўкрак нишони ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида топширилади.

Пул мукофоти

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.

Хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар ҳам кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин. Бу ҳолатда кўкрак нишони ва пул мукофоти уларнинг оила аъзоларига топширилади.

Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

 

Қисқача тавсифи

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг «Маънавий-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак нишонининг олд томонида саккиз қиррали юлдузга китоб орқали таралаётган нур, яъни маънавият нурларининг Қуролли Кучларга таралаётгани тасвирланган. Китобнинг пастки қисмида «O'ZBEKISTON QUROLLI KUCHLARI» сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг зарҳал ҳошия билан ўралган оқ рангдаги эмал доира ичида «MA'NAVIY-MA'RIFIY ISHLAR A'LOCHISI» сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида «Harbiy xizmatchilar va yoshlar tarbiyasiga qo'shgan munosib hissasi uchun» сўзлари ёзилган.

Ўз мухбиримиз

 

Информеры